20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Мухолифат лидерлари президент билан ҳечам учраша олмаяптилар. Ёки аксинча...

21.10.2006 19:22 msk

Д. Кислов, Фарғона.Ру

Қирғизистон сиёсий мухолифати лидерларининг президент Қурмонбек Бакиев билан бугун эрталабга белгиланган учрашуви бўлиб ўтмади. Ҳар икки тараф ҳам музокараларнинг ўтмай қолишида рақиб томонни айблаганлар. Агар давлат раҳбари ва унинг мухолифлари учрашуви яқин ҳафта ичида юз бермайдиган бўлса, 2 ноябрь кунги митинг Қирғизистондаги янги “майдон”га айланиб кетиши мумкин.

“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, Қирғизистон раҳбариятининг мухолифат вакиллари билан учрашуви бугун эрталаб бўлиб ўтиши керак эди. Аввалдан тасдиқланган музокаралар шаклига кўра, музокараларда ҳокимиятдан президент, бош вазир, давлат раҳбари маъмуриятининг бошлиғи ва давлат котиби иштирок этиши тахмин этилганди. Аммо кейинчалик Қурмонбек Бакиев тарафдорлари ичида қўшимча 15 киши чиқиши маълум бўлган. Шунга кўра мухолифатчилар президент учрашувни мунозарага айлантириб юбормоқчи, дея музокаралардан бош тортганлар.

“Мен мухолифатнинг президент билан бўладиган музокараларидан бугун шоу ташкил этмоқчи бўлганлар, деб ўйлайман. Улар ҳаммасини видеога ёзиб олишиб, “мана, ҳокимиятга мухолифатда бўлган кишилар кимлар – улар бирор масалада ҳам битимга келолмайдилар”, қабилида ҚТР орқали намойиш қилмоқчи бўлдилар”, - дея билдирди мухолифатчиларнинг бугун “24.kg” ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатининг ҳамраиси Алмаз Атамбаев.

Мухолифатнинг Қирғизистон президенти олдига қўйган талаблари:

1. Конституция лойиҳасининг 2005 йил 17 июнь куни матбуотда эълон қилинган мувофиқлаштирилган вариантини Жўғурқу Кенеш (мамлакат парламенти) кўриб чиқиши учун киритиш;

2. Парламентнинг мухолифат вакиллари иштирокидаги халқ ишончи ҳукуматини тузиш ҳақидаги қарорини бажариш;

3. Президентнинг 2005 йил 21 июндаги Фармонига мувофиқ ҚТР ни жамоатчилик каналига айлантириш, сўз эркинлиги кафолатини таъминлаш, “Пирамида” ТРК га босим ўтказишни бас қилиш ва унинг узатувларини тиклаш;

4. Қонунчиликни қўпол равишда бузганлари туфайли Бош прокурор Қамбарали Қўнғантиев ва Бишкек ШИИБ бошлиғи Мўлдўмуса Қўнғантиевни эгаллаган лавозимларидан бўшатиш;

5. Оила бизнесига чек қўйиш ва коррупцияга қарши чинакамига кураш олиб бориш. Аввал Ақаевлар оиласига тегишли бўлган барча объектларни давлат тасарруфига топшириш.

Ўз навбатида, Қурмонбек Бакиев “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати вакиллари диалог шамойилини эмас, ультиматум шаклини танлаганларини билдирди. “Бугун яна тушунарсиз сабабларга кўра учрашув бўлмай қолди, гарчи биз уларнинг таклифларига кўра президент, бош вазир, маъмурият бошлиғи ва давлат котиби таркибида улар билан учрашишга тайёр бўлган эсак-да. Маълум бўлишича, уларни бу формат ҳам қониқтирмас экан. Буларнинг барчаси улар диалогни истамаётганлари ҳақида далолат бераяпти, бунинг ўрнига улар ультиматумлар қўймоқдалар. Халқ бу ҳақда билиши лозим”, - дея сўзини якунлади президент.

Ультиматум шаклидаги хитоблар аслида давлат раҳбарининг танқидчилари оғзидан эшитилаяпти. “Қурмонбек Бакиев сиёсий мурдадир. Уни тирилтиришнинг нима кераги бор? Мен у билан музокара олиб боришда маъно кўрмаяпман”, - дея билдирди бугун “24.kg” ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ислоҳотлар учун!” Ҳаракати ҳамраиси ва Қирғизистон социал-демократик партияси (СДП) лидери Алмаз Атамбаев.

Унга кўра, “Қирғизистон президенти ёлғон ва иккиюзламачиликка муккасидан берилиб кетди”. “Биз Қурмонбек Бакиев давлат раҳбари бўлганидан кейин бизга нима деганларини яхши эслаймиз. У, агар ўн кун ичида ислоҳотларни бошламасам, мени мунофиқ ва ҳокимият узурпатори, деб ҳисобланглар, деганди. Бироқ у ҳукмронлик қила бошлаганидан бир ярим йил ўтганига қарамай, мамлакатда Бакиев ваъда қилган ҳокимият узурпациясидан бошқа ҳеч нарса қилинмади”, - дея фикрини тамомлади Алмаз Атамбаев.

Мухолифат билан президент ўртасидаги зиддият кеча пайдо бўлгани йўқ, у анчадан бери етилиб келмоқда. Вазият ўтган йили баҳорда содир бўлган “инқилобий” воқеаларидан олдингидай ҳолатни эслатаяпти. Ўшанда Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаев оммавий намойишлардан кейин ўз лавозимини ташлаб кетганди. Бироқ ҳозирги президентнинг муайян демократик ўзгаришларни амалга оширишга ҳали вақти бор, деб ҳисоблайдилар жараён иштирокчилари.

Азимбек Бекназаровга кўра, давлат раҳбари кўп масалаларни “ўзи, ўз қарорлари билан” ҳал қилиши мумкин эди. “Масалан, Ақаев мулки ҳисобланмиш объектларни, хусусан, Қант цемент-шифер комбинатини ҳам топшириш”.

2 ноябргача мухолифат барибир давлат раҳбари билан учрашиб, музокаралар олиб боришга ҳаракат қилади. Бу ҳақда “Ислоҳотлар учун!” мухолифат ҳаракати лидери Ўмурбек Текебаев билдирди. “Аммо биз музокаралар самимий ва самарадор бўлиши ҳақида келишиб олишимиз керак”, - дея қайд этди у.

Президентнинг қарийб барча сиёсий рақибларини жам қилган бугунги матбуот анжуманида Қ. Бакиевнинг “март инқилоби” бўйича сафдоши, собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда эса “Асаба” партиясининг раисдоши Рўза Ўтунбаева ҳам иштирок этди. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири саволларига телефон орқали жавоб берар экан, Ўтунбаева хоним қуйидагиларни айтди:

- Мухолифат “Бакиев-Қулов” тандемининг истеъфога кетиши талабидан воз кечгани йўқ, бизнинг вазифамиз президент билан музокаралар олиб боришдан иборат эди. Кеча парламент президент билан учрашиш зарурлигини муҳокама қилган, учрашув формати ҳам гаплашилганди. Бугун эрталаб эса формат ўзгарганини билдик. Биз унинг ниятини англадик: у ўзини ҳимоя қиладиган командани тўплабди. Бугун у ҳакам мақомида ўтирган, бизларнинг ўзаро бош уриштиришимизни томоша қилган бўларди. Биз бу найранглар ўринсиз ва муаммонинг моҳиятидан чалғитади, деб ҳисоблаймиз. Биз иккинчи ноябргача президентга талабларимизни бажариш учун муҳлат берамиз. Акс ҳолда, президент истеъфоси ҳақидаги шиор яна долзарблашади. Президент бундай нарсалар билан ҳазиллашмаслиги керак. Ҳозирча эса биз президент томонидан бу одамга мансуб бўлган ҳийлаю найрангларни кўраяпмиз, холос.