21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон президентининг беш укаси ва икки ўғли сиёсий мухолифатнинг энсасини қотирмоқда

21.10.2006 08:30 msk

Адилет Алпамишев

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов айни пайтда унинг маҳкамасида хизмат қилаётган, мухолифат истеъфосини талаб қилган мамлакат президенти укалари ишидан мамнун. Бу ҳақда у кеча Жалолободда “Озодлик” радиоси қирғиз хизматининг давлат раҳбари қариндошларининг фаолияти хусусида берилган саволига жавоб бера туриб билдирган.

“Вазир сифатида шуни айтаманки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам яхши ишлаяпти”, - деди А. Жекшенқулов. Мухолифатнинг президент укаларини давлат лавозимларидан чақириб олиш тўғрисидаги талабини изоҳлар экан, вазир президент укаларидан бири, Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси Марат Бакиев авваллари мамлакат Суд департаментини бошқарганини эслатди. “Агар у ўша ерда ишлашда давом этганида эди, унда М. Бакиев суд тизимини бошқараяпти, деган бўлардилар, - деди Жекшенқулов. – Инсонга унинг ишига қараб баҳо бериш керак, ҳасад ундови билан эмас”.

А. Жекшенқулов президентнинг яна бир укаси – Адил Салиевич ҳам ўз мажбуриятларини яхши уддалаётибди, деб ҳисоблайди. У Қирғизистоннинг Хитойдаги элчиси маслаҳатчиси лавозимида ишлаб, у ерда иқтисодиёт ва сармоялар масалаларини назорат қилади. “Адил Салиевичга келсак, у киши ўз ўрнида ишлаяпти, деб ўйлайман, - дея қўшимча қилди вазир. – Одамни фамилиясига қараб танқид қилиш керак эмас”.

Эслатиб ўтамиз, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати эълон қилган, 2 ноябрга белгиланган муддатсиз митинг талабларидан бири президент Бакиев укаларининг ҳаммасини давлат лавозимларидан чақириб олиш бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, мухолифат президентнинг қариндошларини жойларда “ҳокимиятни ўзлаштириб олганлик”, давлатни “оилавий бошқариш”, авваллари гўё Ақаев оиласига тегишли бўлган давлат мулкини эгаллаб олганликда айбламоқда.

Яқиндагина президент сафдошлари бўлган унинг кўплаб мухолифлари мамлакатда ҳамма нарса Ақаев даврида қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолганлиги, Бакиев ҳам собиқ президент нима қилган бўлса, шу ишлар билан шуғулланаётганини билдирмоқдалар. Бу юзасидан Бакиев командасида иқтисодиёт вазири бўлиб бироз муддат ишлаган мухолифат аъзоларидан бири Алмазбек Атамбаев образли қилиш шундай деган: “Худди Ақаевдек, фақат сочи бошқа”. Бунда яп-янги мухолифатчи мамлакат собиқ раҳбарининг тепакали ишора қилганди.

Юқорида номлари зикр этилган икки дипломатдан ташқари президентнинг яна учта укаси бор. Улардан бири қишлоқ маҳкамасида бошлиқ бўлиб ишлайди. Унинг яна бир укаси – Жалолобод шаҳар кенгаши депутати Ақмат Бакиев, мамлакат президенти парламент депутатлари олдида қилган чиқишида эътироф этганидек, “унча катта бўлмаган бизнес” билан шуғулланади. Қурмонбек Бакиев парламент аъзолари олдида сўзларкан, уларга ўз укаларининг меҳнатга бўлган конституцион ҳуқуқларини эслатиб, анча пайтгача уларнинг ёнини олиб гапирди. Айни пайтда мамлакат парламентига айнан Жалолободдан сайланган депутат Қ. Ботиров Ақмат Бакиевни унинг мулки эгаллаб олинишини уюштирганликда ва вилоятни губернатор ўрнига у бошқараётганликда айблаганди. Бу айбловлар эндиликда мухолифат аъзолари оғзидан ҳам эшитила бошлади.

Бакиев укалари ичида энг “ёрқин”и мамлакат Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раисининг собиқ муовини, полковник Жаниш Бакиев бўлса керак. Бу амалдорнинг исми “Ислоҳотлар учун!” мухолифат ҳаракати раҳбарларидан бири Ўмурбек Текебаевнинг қўлга олиниши билан боғлиқ бўлган жанжалдан кейин танилиб кетди.

Жомадонидан гиёҳванд моддалар топилган Ў. Текебаев Варшавада польшалик расмийлар томонидан қўлга олинганди. Бундан бир неча кун ўтиб, депутатнинг жомадонига гиёҳванд моддалар солиб қўйган “Манас” аэропорти ходими фитна Жаниш Бакиевнинг бевосита кўрсатмаси билан уюштирилганини билдирганди.

Жанжал Ўмурбек Текебаевнинг ҳибсдан озод этилишию МХХнинг бутун раҳбарияти истеъфога кетиши билан якунланганди. Бироқ Жаниш Бакиевнинг ўзи ушбу фитнада иштирокини қатъиян рад этмоқда.

Мамлакатнинг президентининг укалари ҳаммаси бўлиб олтита эди. Уларнинг энг каттаси, март воқеаларида фаол иштирок этган Жусуп Бакиев ўтган йили юрак ҳуружидан вафот этганди. Ўлимидан сал аввалроқ у ўз акаси, мамлакат президенти “обрўсига путур етказмаслик” учун давлат лавозимларида ишлашдан бир неча бор бош тортганди. Йирик халқаро лойиҳа директори лавозими учун ўтказилган очиқ танловда ғолиб чиққан Бакиевнинг катта укаси бу лавозимни ҳам рад қилганди.

Қурмонбек Бакиев ўғли Максим туфайли ҳам кам азият чекаётгани йўқ, унга Максим Ақаев деб от қўйиб олганлар. Мамлакатнинг ҳозирги президентига мухолифатда бўлганларнинг фикрича, Максим мамлакатдаги бутун жиддий бизнесни яширинча бошқариб келаяпти. Яқинда парламент аъзолари уни россиялик олигарх Борис Березовский билан маҳфий алоқалар қурганликда айбладилар. Ўғлининг номига билдирилган айбловларга нисбатан давлат раҳбари президент этиб сайлангач, Максимга Қирғизистонда бизнес билан шуғулланишни маън этиб қўйганини айтган. “Эндиликда у мамлакат ташқарисида бизнес билан шуғулланаяпти. Лоақал, энди тинч қўярсизлар уни?” – дея аччиқланган эди Қ. Бакиев.

Президентнинг иккинчи ўғли, Миллий хавфсизлик хизматида ишлаётган Марат ҳақида ҳозирча ҳеч гап йўқ.

Қайд этиш жоизки, мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаевга қарши ҳозирги президент Бакиев бошчилигидаги мухолифат олға сурган асосий айбловлардан бири собиқ президентнинг ўғли ва қизи мамлакат парламентига ўз номзодларини қўйишга қарор олганлари бўлганди. Ўша пайтдаги мухолифатнинг фикрича, Ақаев оиласи шу йўл билан мамлакатдаги ҳокимиятни узил-кесил узурпация қилишга интилган. Шунингдек, Асқар Ақаевнинг фарзандларини ноқонуний бизнесда, кўплаб сердаромад соҳалар ва корхоналарни хусусийлаштириб олганликда, унинг хотини Майрам Ақаевани эса мамлакатни бошқаришга аралашганликда ҳам айблагандилар.

Пировардида ўша вақтдаги президент Асқар Ақаевнинг болалари – қизи Бермет ва ўғли Айдар парламент сайловларида ғалаба қозонгандилар. Бироқ митинг қилган мухолифатчилар янги сайланган бу депутатларни узоқ вақтгача парламент биносига киритмагандилар. Парламентнинг бир неча мажлисларига барибир иштирок этишга улгурган Бермет “март инқилоби ҳимоячилари” томонидан мазах қилиниб, парламент биносидан кузатиб қўйилганди.

Шундан сўнг, у мамлакат Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ “сайловлар пайтида ташвиқот ўтказишда қонунбузарликларга йўл қўйгани” учун мандатдан маҳрум қилинганди. Айдар Ақаевга нисбатан эса МСК яқиндагина қарор чиқарди. Уни ҳам депутатлик мандатидан маҳрум қилдилар, аммо бошқача ифода билан: “мамлакатдан чиқиб кетгани ва иш жойида мунтазам бўлмагани учун”. Айни пайтда ақаевчи маҳаллий матбуот саҳифаларида Айдар Ақаевнинг миннатдор сайловчилари мурожаатлари чоп этилмоқда. Улар, ватанга кела олмаётганига қарамай, Айдар Ақаев сайловчиларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилаётганини ёзаяптилар.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йил март ойидаги воқеаларидан кейин индирилган собиқ президент ва унинг оиласи Москвага қочиб кетгандилар, улар бугунги кунда ҳам ўша ерда истиқомат қилиб турибдилар. Март воқеаларидан сўнг улардан фақат Бермет ватанга келган, у ўтган йили Бишкекда отаси ва унинг давлат раҳбари лавозимида юритган фаолияти ҳақида ёзган ўз китоби тақдимотини ўтказишга қарор қилганди. Бироқ янги ҳокимият тарафдорлари унинг Бишкекда ишлашига ва яшашига турли йўллар билан ҳалақит бергандилар, шундан сўнг у ватанни тарк этганди.