02:21 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пойтахт олийгоҳлари махсус комиссия ташрифига шошилинч тайёргарлик кўрмоқдалар

21.10.2006 08:23 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳри олийгоҳлари, норасмий маълумотларга кўра, олий ўқув юртларида талабаларнинг ташқи кўринишию билим даражасидан тортиб ўқув дастурларининг аҳволи ва профессор-ўқитувчилар таркибининг малакасининг талабга жавоб беришигача – ҳаммасини текширувдан ўтказадиган қанақадир махсус комиссия томонидан ўтказилажак текширувга тайёрланаяпти. Бундан ташқари, текширувчилар олийгоҳлардаги мавжуд кафедралар фаолиятини баҳолашлари ва уларнинг бўлиш-бўлмаслиги нақадар зарурлигини ҳам аниқлашлари керак. Махсус комиссиянинг Тошкент олий ўқув юртларига бўлажак ташрифидан ҳамма – ректорлар, деканлар, кафедра мудирлари, ўқитувчилар ва талабалар ташвишга тушганлари ажабланарли эмас.

- Шу кунларда биз ярим тунгача иш жойимизда қолиб кетаяпмиз, ахир барча қоғозларни – ўқув режалари, ҳисоботлар ва шу кабиларни – тартибга келтириш керак-да, - дея хўрсинади Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) ўқитувчиси. – Комиссия бошдан-оёқ текширади, ҳатто ўқитувчилар ҳам ўз предметлари бўйича тест синовлари топширишлари керак бўлади.

Ҳайбатли текширувчилар келишига бир ҳафта қолганда олийгоҳ ходимлари талабаларга комиссия олдида ечишлари керак бўлган тест нусхаларини тарқатганлар. Топшириқлар талабалар биринчи босқичдан бошлаб ўтган барча фанлар бўйича тайёрланган. ЎзДЖТУ толибаларидан бирининг тан олиб айтишича, кўп тестларда тўғри жавоблар ҳам берилган. Талабалар, агар улар тест саволларига нотўғри жавоб берсалар, “калтак ўқитувчилар бошида синиши”ни таъкидлаб айтмоқдалар. Ўқитувчилар эса, агар талабалар барча саволларнинг 60 фоизидан камроғига жавоб берсалар, уларнинг кафедраларини бутунлай ёпиб қўйишларини айтмоқдалар.

Комиссия кутишдан асабийлашган деканатлар талабалар учун унча тушунарли бўлмаган фармойиш ва буйруқлар чиқармоқдалар.

- Масалан, бизга ҳар куни университетга соат 8.20 дан олдин келиб, махсус кийим кийишга буйруқ бердилар, гарчи бу ерда авваллари ҳеч қачон бунақа кийим кийиб юрмаган бўлсак-да. Аммо энг ажабланарлиси, комиссия келган кунлари олийгоҳимизда авваллари бу ерда ҳечам эшитмаганимиз мадҳия янграб турармиш, - дейди ЎзДЖТУ толибаларидан бири.

- Нега деканат бу ҳақда аввал ўйламаган? Агар уларнинг қанақадир муаммолари бўлса, нима учун бундан биз жабр тортишимиз керак? Аҳволни аввалроқ ўнглаш керак эди. Энди эса, комиссия келишига бор-йўғи бир ҳафта қолганида, улар барча нуқсонларни шошилинч тарзда бартараф қилаяптилар, - дейди жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетининг бу янгиликлардан таажжубланган бошқа бир талабаси.

Шунингдек, талабалар “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирларига уларни ўзлари дунёга келганларидан бошлаб барча маълумотларни ҳамда ота-оналари ҳақидаги тўла маълумотларни ва ҳаказоларни кўрсатишлари керак бўлган қанақадир анкеталар тўлдиришга мажбур қилаётганларини маълум қилганлар.

ЎзДЖТУ ўқитувчиларидан бири содир бўлаётган воқеалар остида сиёсий сабаб борлигини тахмин қилади. “Ахир яқинда сайлов бўлади-ку. Шунга кўра махсус хизматлар ҳамма жойга ўз тўрларини ташлаб қўймоқдалар. Ахир ёшлар энг таъсирчан омма-ку. Улар ҳар бир талабани ўз назоратлари остида тутишни хоҳлайдилар, уларнинг ҳар бири нима билан машғуллигини, нима ҳақида ўйлаётганини билишни истайдилар”, - деб ҳисоблайди у.

Бу вазиятни ўз номини аташни истамаган мустақил журналист, Ўзбекистон ҳақидаги таҳлилий мақолалар муаллифи қуйидагича шарҳлади:

- Бу каби “хўжакўрсин иш” ўзбекистонлик амалдорлар, бу ўринда, олийгоҳ ходимлари учун мувофиқ ҳаракатдир. Ахир уларнинг кўпчилиги рисоладагидай ишламайдилар, лекин пора олишни қўймайдилар. Текширишлар бошланган пайтда эса улар жон-жаҳдлари билан ўз салоҳиятсизликлари изларини яширишга турадилар. Мен комиссия келгунича олийгоҳда ҳамма нарса ярақлаб-чарақлаб кетса, бундан ажабланмаган бўлардим. Аммо бунда сиёсий сабаб кўрганлар ҳам қайсидир маънода ҳақлар. Ҳеч ким ва ҳеч нарса бизнинг махсус хизматлар назоратидан четга чиқмайди.

Интервью олинган кишиларнинг исмлари хавфсизлик важидан очиқ айтилмади.