06:07 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда парашют спорти фахрийларининг ўн бешинчи мусобақаси бўлиб ўтди

19.10.2006 16:01 msk

Андрей Кудряшов, Тошкент шаҳри

© Фарғона.Ру фотоси

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Тошкент яқинидаги Аранчи аэродромида бир йиллик мажбурий танаффусдан сўнг Ўзбекистон парашют спорти фахрийларининг XV анъанавий мусобақаси бўлиб ўтди. Сочларига оқ оралаган парашютчилар маҳаллий амалдорларнинг бефарқлиги туфайли таъқиқланишига сал қолган осмон билан янги учрашувга ноил бўлдилар.

Йилдаги уч юз куннинг қуёшли бўлиши Ўзбекистон осмонини авиация спорти ривожи учун идеал жойга айлантиради. Туркистон ҳавода сузиш жамияти бу ерда 1912 йилдаёқ пайдо бўлганди.

Ўтган асрнинг 30-40-йилларида Тошкент аэроклуби ҳарбий учувчиларни тайёрлар эди, уларнинг еттитаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлгандилар. Урушдан кейинги йилларда эса ўзбекистонлик парашютчилар бир неча бор жаҳон чемпионлари ва халқаро мусобақаларнинг рекордчилари бўлгандилар.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
СССР парчаланганидан кейин ҳамма жойда кичик авиация хусусий қўлларга ўтиб кета бошлаганида, фақат Россия ва Ўзбекистондагина парашютчиликни ривожлантиришда давлат ҳомийлиги сақлаб қолинганди. “Ватанпарвар” мудофаага кўмаклашиш жамияти (МКЖ) ўз ичига Тошкент ва Андижондаги икки аэроклубни олиб, ҳар йили турли мусобақалар ўтказиб турарди. 1992 йилдан бошлаб фахрийларнинг анъанавий учрашувлари ҳам ўтказила бошланди. Мустақиллик йилларида ўзбекистонлик спортчилар томонидан фақат Аранчи аэродромининг устидаёқ қарийб 300 минг сакраш амалга оширилди.

Бироқ бюрократик тўсиқлар ҳалигача аниқ юридик мақомга эга бўлмаган аэроклубларнинг мавжуд бўлишини хавф остига қўйди. 1993 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Ҳаво кодексига мувофиқ мамлакат фаолият юритаётган бутун авиация экспериментал, давлат ва фуқаро авиациясига бўлинади. “Ватанпарвар” МКЖ аэроклублари ўн йилдан ортиқ муддат ичида уларнинг бирортасига ҳам тўғри келмаганлар, бунинг натижасида моддий-техник база яроқсиз аҳволга келган, Давлат авианазорат органлари эса парвозга рухсат беришдан бош торта бошлаганлар.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Тошкент яқинидаги аэродром бўш қола бошлаган. Унинг ярмига маккажўхори экканлар, иккинчи томонида эса сигир ва қўйлар ўтлаб юрган. Учоқлар таъмирсиз туриб қолганлар, уларнинг бир қисми, аэроклуб кенгаши раиси Саиджон Зариповга кўра, 2003 йилда металлолом нархида сотиб юборилган. 40 доллардан камроқ ойлик олиб ишлаётган тажрибали инструкторлар чет эллардан иш қидира бошлаганлар. 2005 йилда фахрийларнинг анъанавий мусобақалари ўтмай қолган, 2006 йил бошидан буён эса Аранчи узра сакрашлар бутунлай тўхтаб қолган, “Оқ олтин” навбатдаги чемпионати ҳам қолдирилган.

Саиджон Зарипов фикрича, Аранчидаги техникани янгилаш ва ёзги лагерни ободонлаштиришга пул ва куч сарфлашни истамаган “Ватанпарвар” МКЖ раҳбариятининг ўзи ҳам аэроклуб расмий мақомга эга бўлмаслигидан манфаатдор эди. Аммо Ўзбекистон парашютчилиги жонбозлари осмондан ажраб қолишни истамай, ҳукумат инстанцияларига кўплаб шикоятлар ва талабномалар билан ҳужум уюштирганлар, улар матбуотда фош қилувчи қатор мақолалар ташкил қилганлар, бунинг натижасида айрим мансабдор шахслар ўз лавозимларидан маҳрум бўлганлар ва жазоланганлар.

***

“Фарғона.Ру АА” фотоси
14 октябрь куни эрталаб Аранчи аэродроми узра бир неча кундан буён жала билан таҳдид қилиб турган осмон ёришди ва ушбу анъанавий учрашувнинг бўлиб ўтишига кўп меҳнати сингган фахрийларнинг ўн бешинчи мусобақалари очилиши ҳақида эълон қилинди.

Табрик сўзи сўзлаган “Ватанпарвар” МКЖ раиси, полковник Абдулазиз Абдуқаҳҳоров спортчиларни Ўзбекистондаги парашют спорти бундан буён ҳам муваффақият билан ривожланишига ишонтирди, чунки миллий спорт ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга Олий Қўмондон, президент Ислом Каримов ғамхўрлик қилмоқда.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
- Ҳозирги пайтда аэроклублар мақоми ҳақидаги масала Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўриб чиқилмоқда ва унинг ижобий ҳал этилишига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Сизни ишонтириб айтаманки, Аранчи ёзги базасига бир йил ўтиб келсангиз, уни таний олмай қоласиз, - дея билдирди полковник Абдуқаҳҳоров.

Осмонга ижарага олинган иккита АН-2 учоғи кўтарилди ва мусобақалар нохушликларсиз, қийинчиликларсиз ва бахтсиз ҳодисаларсиз муваффақиятли кечди.

Қайд этиш жоизки, ушбу тадбирда аксариятининг ёши 70 дан ошган ўнлаб парашютчилар иштирок этдилар.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Андижонлик парашютчилар сулоласининг раҳбари Шукур Мисиров шу куни ўзининг 3081 сакрашини амалга оширди. Олтин ва кумуш совринларга спорт фахрийлари Валентина Алиманова, Наримон Ҳожимуродов ва Светлана Дергунова эга бўлдилар, бронза медалларига эса тошкентлик нафақахўр Сакина Фаррахова ҳамда руҳоний Михаил Неизвестний сазовор бўлдилар.

Юксакларда ўз ҳолича сузиб юрувчи, шаффоф ва совуқ шамол таъмидан баҳра олишга ўрганган кишилар умрларининг охиригача янги парвозлар ҳақидаги орзулар билан видолашишни истамайдилар ва энди баҳор келгунга қадар умид билан осмонга тикилиб юраверадилар.