06:06 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўш шаҳри аҳолиси Ойбек Олимжонов ўлими тўғрисидаги ишнинг тергов қилинишига президент Қ. Бакиевнинг шахсан аралашишини сўрамоқдалар

18.10.2006 18:03 msk

Абдумўмин Мамараимов

17 октябрь куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахтида Ўш шаҳри ва Ўш вилояти аҳолисининг ўзбек жамоатчилиги лидери ва шаҳар кенгаши депутати Ойбек Олимжонов ўлимига бағишланган йиғилиш бўлди. Учрашув натижаларига кўра мамлакат президенти Қурмонбек Бакиевга мурожаатнома қабул қилинди.

“Биз, бугунги йиғилиш иштирокчилари, турли миллат, ижтимоий мавқе, ёш ва дин вакиллари республикада жиноятчилик билан боғлиқ равишда юзага келган вазиятни кескин қоралаймиз, - дейилади мурожаатномада. – Ўнлаб ёлланма қотилликларнинг амалга оширилиши, республикада жиноий унсурларнинг ҳукмронлиги Ойбек Олимжонов ўлимининг ҳам очилмай қолиб кетиши юзасидан хавотир уйғотади...

Республика манфаатлари, мамлакатда истиқомат қилаётган барча халқлар манфаатлари, жумладан, оналар манфаатлари юқори малакали ишчан тергов гуруҳи ташкил қилиш учун тергов жараёнига шахсан аралашишингизни, тергов ишини ўз назоратингизга олишингизни, тергов натижалари ҳақида жамоатчиликка тезкор маълумот берилишини ва жиноятчиларнинг судга топширилишини талаб қилмоқда.

Биз, ўшликларни республикадаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор бўлган ёвуз кучларнинг мамлакатдаги жиноятчилик авж олишини миллатлараро тўқнашув ўзанига буриб юборишлари мумкинлиги жуда ташвишлантирмоқда”, - дейилади мурожаатномада.

Эслатиб ўтамиз, 43 ёшли шаҳар кенгаши депутати, Ўш шаҳар ўзбек миллий маркази раиси, қирғизистонлик таниқли тадбиркор Ойбек Олимжонов 2006 йилнинг 15 октябрь куни тахминан соат 20:40 ларда Ўш шаҳридаги “Алатўў” кафесида ўлдирилганди. Олимжонов ўз дўстлари билан стол олдида ифтор қилиб ўтирганди. Кутилмаганда қоронғуликдан ўқ овози эшитилиб, гарданидан ўқ еган Олимжонов дастурхонга боши билан тушган. Ваҳима кўтарилиб, бундан фойдаланган жиноятчилар жуфтакни ростлаб қолганлар, деб ёзади АКИpress. Шунга қарамай, ўқ овози келган жойни кўрган ва ўқ отилганидан кейиноқ кафе ёнидан машинага ўтириб узоқлашган шубҳали одамларни пайқаган гувоҳлар топилган.

Воқеа жойида тун бўйи таркибида прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ишлаган. Ўлим ҳодисаси юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Бу бўйича турли тахминлар билдирилмоқда. Шу жумладан, мақтул билан ҳисоб-китоб қилиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда: О. Олимжоновдан катта пул қарз бўлиб қолган шахслар шу тариқа муаммодан қутилишлари мумкин эдилар. Бошқа тахминлар қаторида бизнес бўйича рақибларнинг қилмишлари ёки маҳаллий жиноий гуруҳларга “ўлпон тўлаш”дан бош тортиш кабилар айтилмоқда. Сиёсий сабабни эса ҳуқуқ-тартибот органлари кўрмаяптилар.

17 октябрда чиққан “Вечерний Бишкек” газетасининг ёзишича, Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ҳуқуқ-тартибот органларига Ойбек Олимжоновнинг ўлими сабабларини аниқлаш учун барча зарур чораларни кўришни топширган. Бу борада маҳаллий милиция ходимларига ёрдам бериш учун Бишкекдан жиноят қидирув бўлимининг тажрибали ходимларидан иборат гуруҳ юборилган. Бу ҳақда президент маслаҳатчиси, Ўш вилоят газ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Минҳожиддин Сирожиддинов О. Олимжоновнинг Ўшда бўлиб ўтган дафн маросимида маълум қилган.