20:08 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: жанубдаги вазиятни миссионерлар таранглаштирмоқдалар

18.10.2006 17:11 msk

Алла Пятибратова, Ўш

Қирғизистон жанубида динлараро муносабатлар таранглашмоқда. Бу ҳақда ҳатто Ватикан Радиоси ҳам ўз эшиттиришларида хабар қилганди. Гарчи “бошқа диндаги”ларга нисбатан чидамсизлик ҳодисалари кам содир бўлган эса-да, вазият мураккаблашаётганини тан олиш лозим. Бироқ аниқлик киритиш жоизки, зиддиятлар жаҳоннинг етакчи динлари бўлган ислом ва насронийлик ўртасида эмас, мусулмонлар ва насронийлик динининг турли-туман тармоқлари вакиллари ўртасида содир бўлаётибди. Бунга сабаб ўша турли насроний оқимларининг прозелитизми (бир диндаги кишини бошқа динга ўтказиш) бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Диний ишлар бўйича давлат агентлигида мамлакат жанубида, айниқса, Ўш ва Жалолобод вилоятларида сўнгги пайтларда миссионерлик фаолияти фаоллашганини қайд этадилар.

- Бизга қарийб ҳар куни Германия, Польша, Англия фуқароларидан ўз миссияларини рўйхатга олиш ҳақидаги илтимос билан аризалар келиб тушади, - дейди агентлик директорининг маслаҳатчиси Шамшибек Закиров. – Уларнинг ҳаммалари бу ерга ўз динларини, аниқроғи, асосан насронийликка мансуб оқим ва йўналишларни тарғиб қилиш учун келадилар.

Бироқ, Закировнинг қайд этишича, миссионерларнинг ҳаммаси ҳам рўйхатдан ўтишга ва ўз фаолиятларини қонун асосида юритишга шошилмаяптилар. Масалан, яқинда Ўшда ҳуқуқ-тартибот органлари аризага мувофиқ Степная кўчасида ноқонуний фаолият юритаётган навбатдаги диний ташкилот – протестантликни тарғиб қиладиган “Элдос” борлигини аниқлаганлар. Аниқланишича, унинг раҳбари Жанубий Корея фуқароси экан.

- Миссионерларнинг кўпи айнан Жанубий Кореядан келмоқда, - дейди диний ишлар бўйича агентлик директори. – Улар бу ерда корейс ва инглиз тили ўқитувчилари, компьютер заллари эгалари, врачлар сифатида ишламоқдалар, лекин уларнинг мақсадлари бўлак. Шу билан бирга, корейслар маҳаллий аҳоли билан умумий тил топиш ва ўз ташкилотига жалб қилиш учун турли-туман йўллардан фойдаланмоқдалар. Ҳатто ўз исмларини ҳам қирғизчалаштириб олаяптилар.

Ўшдаги “Элдос” ташкилоти уч йилдан буён ноқонуний фаолият юритиб келмоқда, ҳатто ўз ибодат уйини очган. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида тадбиркор сифатида машруълашган яна бир жанубий кореялик фуқаро Қирғизистон ҳудудидаги Сулукта шаҳрида миссионерлик билан шуғулланган. Яна Ўшнинг ўзида “Иегова гувоҳлари”нинг кўплаб вакиллари уйма-уй юришибди, ўтган-кетганларга ўзлари нашр этган китобларни тарқатмоқдалар, улар кўчанинг ўзида ва ҳатто бозорларда суҳбатга киришишга уринадилар. Бундай мисоллар етарли.

- Қонунларимиз бундан фаолиятни маън этмайди, - дейди Шамшибек Закиров, - аммо фақат диний ташкилот ёки алоҳида олинган шахс рўйхатдан ўтиб, қонунчилигимизни бузмай ва ҳеч кимга зарар етказмай, бу ерда расман ишлаётган бўлса. Бироқ, аввал айтганимдек, ҳамма ҳам қонунга риоя этавермайди, айримлар ҳатто унга нисбатан эътиборсизлик билан муносабатда бўладилар. Қачонки, улар аҳоли ўртасида бошқа динга даъват қила бошласалар, бу муайян пайтда вазиятни таранглаштирмай қўймайди.

Бу сатрлар муаллифи ҳаётидан мисол келтиришга рухсат этинг. Мен бутун умр мобайнида мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилган ҳудудда истиқомат қилиб келаман. Аммо мени ҳеч ким ҳеч қачон мусулмон динига ўтказишга ҳаракат қилмаган ва ҳеч ким ҳеч қачон менинг насроний аёл бўлишимни таъқиқламаган. Қўшниларим менинг қай динга эътиқод қилишим ва умуман динга ишониш-ишонмаслигим, черковга бориш-бормаслигим юзасидан ҳеч қачон қизиқмаганлар. Биз кўп йиллардан бери ёнма-ён ва “кимнинг дини яхшироқ ва тўғрироқ”лиги ҳақида баҳслашмай яшаб келмоқдамиз. Мамлакат конституцияси бизга хоҳлаган динга эътиқод қилиш эркинлигини беради. Ёки даҳрий бўлишингиз ҳам мумкин. Бу кимга нима ёқишига боғлиқ.

Бир куни уйимизнинг биринчи қаватидан бишкеклик оила ижарага уй олди. Улар билан яхши қўшничилик алоқалари ўрнатдик. Аммо кунларнинг бирида улар даъватчи ўлароқ келишиб, Инжилдан оятлар ўқиб, менга мутлақо ёт бўлган йўсинда талқин қилиб бера бошлаганларида бу ҳолат менда эътироз уйғотди. Бизнинг қўшничилигимизга дарз етди. Мен уларнинг ўз миссияси билан яна олдимга келишларини ортиқ истамасдим: энди уларга эшикни кўрсатиб қўйишга тўғри келишидан, энди очиқ зиддиятга боришдан чўчирдим. Қўшниларим бошқа мавзега кўчиб кетганларида мен анча енгил тортдим.

Миссионерларнинг фаолияти менда норозилик уйғотганини мен шахсий ҳаётимга аралашиш сабабли юзага келган табиий қаршилик, деб ҳисоблайман. Ва мен ўз динларини муқаддас деб билувчи мусулмонларнинг эътирозларини тушуна оламан. Аммо, шу ўринда урғулаб таъкидлашни истардимки, мен бу каби аралашувга жавобан зўравонлик ишлатилишини ҳечам оқлай олмайман.

Зўравонлик ҳақида гапирар эканман, мен Ўш вилоятининг Қорағулжа қишлоғида содир бўлган воқеаларни назарда тутаяпман. Ўшанда насроний ибодат уйига масжид қавмидан юзга яқин одам бостириб кириб, пастор Зулумбек Сариғуловни дўппослаган, унинг бармоқларини синдиришиб, “Агар қишлоғимиздан қорангни ўчирмасанг, ўлдирамиз!” ҳайқириқлари билан уни кўчага ҳайдаб солган эдилар. Улар Сариғулов уйида топилган насроний адабиётининг ҳаммасини кулини кўкка совургандилар, уй дарвозасига эса “Сотилади” деб ёзиб кетгандилар.

Матбуотда мусулмонларнинг бошқа динни қабул қилган ўз юртдошларига нисбатан муносабатлари салбий экани ҳақидаги воқеалар кўп бор ёритилган. Баъзи қишлоқларда мусулмон қабристонларига бошқа динга ўтиб вафот этган кимсаларни кўмишдан бош тортмоқдалар. “Муртад”ни калтаклашгина эмас, балки ўлдириш ҳоллари ҳам учраб турибди.

Аммо қайд этишни истардимки, бу ҳодисаларнинг икки ёғи бор. Ўш ва Жалолободда насронийликни қабул қилган бир нечта қирғиз танишим бор. Бу аёллар ўзларининг насроний эканларини ҳеч кимдан яширмайдилар. Аммо мен уларнинг таъқиб қилинганликларини сезмаганман, улар осойишта турмуш кечирмоқдалар ва ўз жамоаларида тинчгина ишламоқдалар.

Маълумки, тажовузкорлик муаммо кўп бўлган жойда, масалан, иш йўқ жойда юзага келади. Маърифатдан йироқ аҳоли ўз кулфатлари сабабини бошқалардан кўришга мойил бўлади. Бунақа муҳитда “бегоналик” кучлироқ сезилади. Агар бир маҳаллада фақат ўзбеклар истиқомат қилсалар ва унда “Элдос”га ўхшаш протестант ташкилотининг ибодат уйи пайдо бўлиб, бу уйга мусулмонларни фаол даъват эта бошласа, у ҳолда улар Степная кўчасидаги одамлар каби бундан қаттиқ ғазабланишиб, “Кетинглар!” дея ультиматум қўйишлари мумкин бўлади.