11:40 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аждар Куртов: «Марказий Осиё конституцион тизимларидаги ўрта аср яралари»

17.10.2006 21:42 msk

А. Куртов, АЗИЯИНФОРМ

Марказий Осиё давлатларининг ҳозирги раҳбарларидан ҳар бири дунёнинг бошқа мамлакатларидан келган ўз ҳамсуҳбатларини унга ишониб топширилган жамиятнинг демократия ва ҳуқуқий давлатчилик йўлидан оғишмай бориши учун қўлидан келган барча ишни амалга ошираётганига мунтазам ишонтириб келадилар. Буни мамлакатнинг ўз халқи ҳам эсдан чиқармайди: ҳокимиятга яқин бўлганлар ва сон-саноқсиз амалдорлар бу афсонани аҳоли қулоғига тинмай қуйиб турадилар.

Аслида Марказий Осиёдаги ҳозирги ҳокимият тизимларида, агар улар диққат билан таҳлил этиладиган бўлса, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг ҳамда улар саройидаги хушомадгўйларнинг олийжаноб таъкидларига ишончсизлик билан қарашга имкон берувчи фактларни тезда топиш мумкин.

Бунга яққол мисол сифатида, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари юқори палаталарининг ташкил этилиш жараёнидаги айрим жиҳатларни тартибга солувчи моддаларни олиш мумкин. Бундай палаталар беш давлатнинг учтасида – Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда мавжуд. Қирғизистонда юқори палата 2003 йил бошида ўтказилган конституцион ислоҳот натижасида йўқ қилинганди. Туркманистонда парламент (Межлис) битта палатага эга, аммо бу ерда ҳам анча специфик орган – Халқ Маслиҳати (Халқ Маслаҳати) мавжуд бўлиб, унинг ваколатларидан бир қисми Сенатни вазифаларини эслатиб юборади.

Парламент юқори палаталари президентлар иродасига бўйсиндирилиш тизимининг яратилиши даставвал Қозоғистонда амалга оширилганди. Қозоғистон Конституцияси давлат раҳбари фаолияти устидан ҳам, ижроия ҳокимияти фаолияти устидан ҳам самарали парламент назорати ўрнатилиши ҳуқуқини кўзда тутмайди. Асосий Қонун ҳокимиятнинг барча бутоқларининг президентга қарши чиқиши юзасидан ҳар қандай имкониятни бартараф этишга қаратилган. Қозоғистоннинг амалдаги коституциясига кўра парламент юқори палатаси – Сенат сенаторлари бевосита эмас, билвосита овоз бериш асосида – вилоят, республика аҳамиятига молик шаҳарлар ёки пойтахт депутатлари томонидан сайланишлари керак. Сайловларнинг бу тизими қозоқларнинг хон, султон ва қабила оқсоқолларини сайлаш анъанасини юзага келтирганди.

Аммо янада эътиборга молик жиҳати шуки, Қозоғистон Сенатининг етти аъзоси шахсан президент томонидан тайинланади. Қайд этиш зарурки, сенаторларнинг тайинланиши ёки билвосита сайланиши барча учун баробар бўлган сайлов ҳуқуқи ва ҳокимият тақсимотига зид келади.

Номақбул намуна юқумлидир, деганларидек, 1999 йилда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов бу йўлда Қозоғистондан ҳам ўтиб кетди. 26 сентябрда бўлиб ўтган референдумда у Тожикистон конституциясига ўзгартишлар киритилишига эришиб, мазкур ўзгартишларга кўра бу республикада ҳам икки палатали парламент – Мажлиси Олий ташкил этилган. Тожикистон учун бу янгилик, бизнинг фикримизча, тўла оқлаш мумкин бўлган иш эди. Республика ҳақиқатан бир-бири кескин фарқ қилувчи қатор регионлардан ташкил топган. Бу ҳолат Тожикистон мустақилликка эришганидан бироз ўтиб оғир ва давомли тўқнашув – қонли фуқаролар уруши юзага келишига сабаб бўлганди. Тожикистон конституциясига мувофиқ бу мамлакат парламенти Мажлиси миллий ва Мажлиси намояндагондан иборат. Юқори палата – Мажлиси миллий билвосита йўл билан Тоғли Бадахшон Мухтор вилояти ҳамда унинг вилоят ва туманлари, бошқа вилоятлар ва уларнинг шаҳарлари, туманлари, Душанбе шаҳри ва унинг туманлари, республикага тобеъ шаҳарлар ва туманлар халқ депутатларининг қўшма мажлисларида сайланади. Тожикистон президенти ҳам бирданига тўрт сенаторни тайинлаш ҳуқуқини олган.

2003 йилнинг апрелида Ўзбекистонда ҳам айнан шу усулдан фойдаланилди. Конституциянинг янги таҳрири Олий Мажлис Сенатини ҳудудий вакиллик палатаси сифатида таъсис этди. Ушбу орган аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтдан бир хил миқдорда (олти кишидан) билвосита сайловлар йўли билан сайланадилар. Ўзбекистон президенти эса ўт олтита сенаторни, яъни Сенат таркибининг бешдан бирини ўзи тайинлайди.

Марказий Осиё парламентларининг вакиллик вазифалари бу каби амалиётда анча бузилиб кетди. Халқ эса, ҳокимиятнинг ягона манбаи сифатида, ўз қонуний ҳуқуқларининг бир қисмидан маҳрум бўлди. Ҳокимият тақсимоти тамойилининг Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда бу каби очиқдан-очиқ бузилиши Томас Жефферсоннинг сўзларини эслашга мажбур қилади: “Йўлбошчи ўз номзодини таклиф қилиши мумкин, аммо у ўзини халққа тиқиштириши мумкин эмас. Инчунун, халқ унинг қиличи остига бўйнини қўйиб беролмайди ҳамда унинг иродаси ва инжиқлигига ўз ҳаётини қурбон қилолмайди”.

(Мақола қисқартирилган шаклда таржима қилинди)

* * *

Муаллиф: Аждар Куртов, “Азия Аналитика” жамғармаси эксперти. Мақола АЗИЯИНФОРМ ахборот таҳлилий веб-портали учун махсус ёзилган.