06:14 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қулликка рози бўлманг!

17.10.2006 19:50 msk

Меҳрибон Бекиева

Жанубий қозоғистонлик 18 ёшли Наргиза бир ҳафта олдин Туркия “сафари”идан қайтиб келди. Наргиза алдов йўли орқали трафик қурбонига айланганди. Туркияда уни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилишган. Яқинда Наргиза “Сана сезiм” ташкилоти кўмагида қулликдан озод этилди ва ватанига қайтишга муваффақ бўлди. Чимкент шаҳридаги “Сана сезiм” аёллар ҳуқуқий ташаббус маркази раҳбари Хадича Абишевага кўра, бу каби ҳолатлар Жанубий Қозоғистонда кўплаб учрайди.

БМТ маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 12 миллионга яқин одам қул бўлиб яшамоқда. Дунёнинг 127 камбағал давлати фуқаролари 98 мамлакат ҳудудлари орқали ривожланган 137 давлатга яширинча олиб бориб сотилаяпти. Дунёда ҳар куни 40 нафар бола трафик қурбонига айланар экан. 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган қизлар фоҳишаликка жалб қилинаётир. Айни пайтда трафик, яъни одам савдосига алоқадор бўлмаган давлат номини айтиш жуда қийин. Сўнгги йилларда бу муаммо Қозоғистонда ҳам пайдо бўлди.

“Жорий йилнинг 15 мартидан 15 августигача бўлган вақт мобайнида ташкилотимизга 711 одам ёрдам сўраб мурожаат қилди. Уларнинг деярли барчаси оилали шахслар. Кўпчилик хорижда ишлаб мўмай пул топишни хоҳлайди. Бу эса одам савдоси билан шуғулланувчиларга қўл келади. Оиладаги иқтисодий етишмовчиликлар, руҳий ва жисмоний зўровонликлар натижасида ўз бахтини хориждан изловчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Улар айнан шу йўл орқали ҳаётларида улкан ўзгариш бўлишига умид боғлашади. Айни шу орзу уларнинг трафик қурбонига айланишига замин бўлади”, - дейди Х. Абишева.

СССР парчаланиши натижасида Марказий Осиё мамлакатларида оғир иқтисодий вазият вужудга келди. Ишсизлик муаммоси долзарб масалалардан бирига айланди. Бу эса одам савдоси ривожланишига асосий омил бўлиб хизмат қилаяпти. Статистик таҳлилларга кўра, Қозоғистон одам савдоси бўйича Исроил, Греция, Италия, Кипр, БАА, Жанубий Корея давлатлари учун транзит вазифасини ўтамоқда. Кузатувлар яна шуни қайд қиладики, Қозоғистон ичкарисида ҳам қишлоқлар ва шаҳарлар ўртасида арзон ишчи кучларини сотиш ҳолати мавжуд. Бироқ бу борада аниқ маълумот йўқ. Чунки одам савдоси яширин фаолият бўлиб, криминал кўриниш касб этади. Одам савдоси қурол ва наркотик моддалар савдосидан кейин учинчи ўринда туради. Яъни бу криминал бизнес хисобланади. Одам савдоси билан, асосан, уюшган халқаро гуруҳлар шуғулланмоқда. ЮНИСЕФ маълумотига кўра, бу гуруҳлар одам савдосидан йилига 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўради. Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга нисбатан Қозоғистонда иқтисодий шароитнинг устунлиги натижасида мамлакатда трафик илдиз отаётганлигини кузатиш мумкин. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва аксарият ҳолларда Россия фуқаролари Қозоғистонга арзон ишчи кучи сифатида сотилмоқда.

Масалан, яқинда Ақтўбе шаҳрида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси полиция ёрдамида қулликдан озод қилинди. Воситачи шахслар иш топиб бериш ваъдаси билан ўзбекистонликларни Қозоғистонга чақиришади. Мамлакатга келгач, уларни қул ўрнида сотиб юборишади. Ўзбекистонлик 6 эркак ва 7 аёл кунига 20 соат мобайнида ишлаган. Уларнинг хўжайини қўл остидаги қулларини мунтазам калтаклаб, мазаҳ қилиб, таҳқирлаб, хўрлаган. Эркакларга нисбатан аёлларнинг аҳволи янада аянчли бўлиб, икки ўзбек аёли хўжайиннинг қариндошлари томонидан бир неча бор зўрланган.

Айни шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Сана сезiм” ташкилоти “Одам савдосини тўхтамиз!” лойиҳасини амалга оширмокда.

“Мазкур лойиҳа жорий йилнинг 15 мартидан бошланган. Бизга Европа комиссиясининг Қозоғистондаги ваколатхонаси молиявий кўмак бераётир. Одамлар газета журналларда бериладиган эълонларга алданишади. Кўпчилик ҳолатларда бундай эълонлар қуруқ ваъдадан бошқа нарса эмас.

Ташкилотимизга “Алия”, “Улдар”, “Мерседес-Бенс” каби туристик фирмалар устидан шикоят аризалари тушган. Бизнинг аралашувимиз натижасида “Алия” фирмасининг лицензияси бекор қилинди”, - дейди Х. Абишева, - “Аҳоли орасида одам савдоси бўйича ахборот кам тарқатилган. Шуни инобатга олиб, лойиҳа доирасида ахборот дастурларини амалга оширдик. “Сен мол эмассан!” (“Ты не товар!”) номли 3000 та буклет, 1200 варақа, “Меҳнат мигранти учун” номида 1000 дона рисола-китобча тарқатилди. Шунингдек, айни шу мавзуда ўтказилган семенар-тренингларда 220 одам иштирок этди”. - дейди Х. Абишева.

Маълум бўлишича, Қозоғистонда қул ўрнида сотилган одамлар қуйидаги мақсадлар учун эксплуатация қилинади:

уй хўжалигида бепул хизматкор;

қишлоқ хўжалигида, қурилиш майдонларида, шахталарда, яширин тикувчилик цехларида арзон ишчи кучи.

“Сана сезiм” ташкилоти “маълумотига кўра, трафик қурбонларининг асосий қисми аёллар ва болалардир. Хотин-қизлар арзон ишчи кучи сифатида мажбурлаб ишлатишдан кўра кўпроқ фоҳишалик мақсадида фойдаланиш учун сотилаяпти. Болалар эса жамиятдаги оғир ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг қурбони бўлмоқда.

Хадича Абишеванинг айтишича, яқинда тошкентлик 13 ёшли қизчанинг отаси мурожаат қилган.

“Бир йил аввал қизалоқ дугонаси билан бедарак йўқолган. Қизлар Алмати шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланаётгани аниқланди. Бу каби қизлар, асосан, алдов, товламачилик ва қўрқитув йўллари орқали трафик қурбонига айланади”. - дейди Х. Абишева.

Хориждан иш қидирувчи хотин-қизлар диққатига: сизни ноқонуний равишда ишга жойлаштириш ваъдаси орқасида келиб чиқувчи қуйидаги ҳолатларни эсдан чиқарманг:

Жарима, ҳатто қамоққа ҳукм қилиниш;

Депортация;

Оғир ва жуда кам ҳақ тўланадиган иш;

Қонуний жиҳатдан ҳимоясизлик;

Дам олиш кунларисиз, кунига 18-20 соатдан ишлаш;

Тиббий ёрдамнинг йўқлиги;

Иш жараёнида жароҳат олиш хавфининг мавжудлиги ва бунинг учун товон пули тўланмаслиги;

Қўрқув, таҳқир, камситилишлар.

Шунингдек, “Сана сезiм” ташкилоти ўз мамлакатидан ташқарида ишлашни хоҳловчи фуқаролар учун қуйидаги маслаҳатларни беради:

Паспортингизни ҳеч кимга берманг. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар фақат ўзингизда бўлиши лозим;

Яқинларингизга аниқ маълумот қолдиринг яъни телефон рақамлари ва сиз ишлайдиган жойнинг манзили;

Паспортингиздан бир қанча нусха қилдиринг ва уларни турли жойларга яшириб қўйинг. Мабодо паспортингизни олиб қўйишса ёки йўқотиб қўйсангиз бу нусхалар сизга асқотади;

Ҳеч қачон қалбаки ҳужжатлар билан давлат чегарасидан ўтишга уринманг;

Ўзингиз яшайдиган давлатнинг сиз борган мамлакатдаги элчихонаси ва Консуллигининг телефон рақамларини излаб топинг. Унутманг, бу ташкилотлар сизга ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, алдов, кўрқитув ёки товламачилик орқали сизни мажбурлашган ҳолатда халқаро ва нодавлат ташкилотлари сизга кўмак бериши мумкинлигини эсда тутинг;

Ёнингизда битта таксофон картасини олиб юринг. Бу ноқулай вазиятга тушган тақдирингизда яқинларингиз билан боғланиш имконини беради;

Иложини қилиб уйга қайтишга етадиган йўлкира пулини жамғаринг ва уни яшириб қўйинг. Бу маълумотни мутлақо сир сақланг;

Агар сиз турли хил сабабларга кўра полиция маҳкамаларига тушиб қолсангиз, таржимон келмагунча ҳеч қандай кўрсатма берманг. Мабодо сизни ҳибсга олишса, бепул ҳимоячи (адвокат) билан таъминлашларини талаб қилинг;

Сиз учун энг қулай йўл: меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсат олиш ёки иш билан таъминловчилар ўртасида меҳнат шартномаси тузиш.

Одам савдоси қурбонига айланган фуқароларни ўз ватанларига қайтариш ва шу муаммога қайта дуч келмасликлари учун уларга ёрдам кўрсатиш асосий масалалардан биридир. “Сана сезiм” ташкилотида аҳоли билан бевосита телефон алоқаси йўлга қўйилган. Бу ерда бепул юридик маслаҳат ва руҳий кўмак берилади.

“Сана сезiм” ташкилоти манзили:

Чимкент шаҳри, Республика проспекти, 22 уй, 4 хона

бевосита боғланиш телефони: +7 (3252) 56 27 32

e-mail: sana-sezim@mail.ru