08:27 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон газеталарига ЕХҲТнинг 10 йиллиги тўғрисида ёзиш таъқиқланди

18.07.2005 17:25 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

“СОВУҚ УРУШ” ХУРУЖЛАРИ

Назорат тизимлари Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига ЕХҲТнинг яқинлашиб келаётган 10 йиллиги ҳақида хабар беришни таъқиқлаб қўйдилар. Бу ҳақда мамлакатдаги барча матбуот воситалари, жумладан, реклама ва кўнгилочар ҳафталиклар бош муҳаррирлари ҳам кўрсатма олдилар. Афтидан Ўзбекистон ҳукумати ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари бюросининг 13 майда бўлган Андижон воқеалари тўғрисидаги ҳисоботи ўзига маъқул тушмаганини мана шундай йўл билан билдирмоқчига ўхшайди.

Каримов маъмуриятидаги мафкурачилар Ғарб билан чинакам “совуқ уруш”га киришмоқчилар, шекилли. Бу урушда ахборот воситаларини қатъий цензура остига олиш ҳам яхши натижа беради. Буни яқин тарих исботлаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда цензура Конституцияга биноан расман таъқиқланган. Цензура тизими бўлган “Узлит” 2003 йилда ахборот мониторинги агентлигига айлантирилган эди. Андижондаги фожеали воқеалардан кейин ҳукумат “матбуот раҳбарларининг онгли”лигига шубҳа билдириб, нимани ёзиш ва нимани ёзмаслик кераклиги ҳақидаги “юқорининг” кўрсатамаларини қайта амалиётга олиб киришга қарор қилган кўринади.

Ўзбекистон матбуотининг айни пайтда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот кампаниясидаги жонбозлигини сўз билан таърифлаш қийин. Ўзбек матбуоти АҚШ, Европа Иттифоқи, халқаро ташкилотлар, таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, мухолифатчиларга туҳмат ва бўҳтон уюштирибгина қолмай, ўз саҳифаларидаги “фуқаролар мулоҳазалари”, “муштарий мактублари”, “сиёсатшунослар ва жамоат арбоблари фикрлари” рукнларида берилаётган мақолалари билан ҳукуматни тўла қўллаб–қувватламоқдалар. Бу мақолаларда дипломатлар фикрлари ҳам берилмоқда.

Баъзан бу жанр ҳайратга соладиган даражага етмоқда. Масалан, “Правда Востока” газетасининг 2005 йил 15 июлдаги сонида “Ўзбекистонни демократия ва бозор иқтисоди йўлидан ҳеч ким қайтаролмайди” сарлавҳали катта мақола чоп этилган. Мақоланинг биринчи сатрларидаёқ, Корея республикаси Халқ Ассамблеяси депутати Ким Юн Сик “Ислом Каримов воқеа куни эрталаб соат 7.30да Андижонга учиб бориб, амалиётга шахсан ўзи раҳбарлик қилгани, маҳалла қўмиталари фаоллари ва вакиллари билан учрашгани оқибатида, Ўзбекистон жамоатчилиги экстремистларни қўллаб–қувватламагани” ҳақида фикр билдиради. Мантиқан ўйлаб қаралса, шахсан президентнинг ўзи Андижон исёнини бостириш амалиётига раҳбарлик қилмаганида, Ўзбекистон жамоатчилиги экстремистларни қўллаб–қувватлаган бўлар эканда? Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон ҳукумати жамоатчиликка, шу жумладан матбуотга ҳам ҳар бир конкрет воқеа ва сана юзасидан нега кўрсатмалар беришга ҳаракат қилаётгани аниқ бўлади.