09:02 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хоразмлик келинлар Туркманистондан бадарға қилинмоқда

17.10.2006 19:19 msk

Довуд Сулаймон, Урганч

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги чегаралар борган сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Чегара ҳудудларини ноқонуний кесиб ўтишларга аста-секин чек қўйилмоқда. Шунинг баробарида Туркманистонга 1992 йилдан кейин келин бўлиб тушган хоразмлик аёллар ўз юртларига шахсий паспортларида “депортация” муҳри билан мажбуран қайтиб келмоқдалар.

Тахминий ҳисобларга кўра, шу кунгача Хоразм вилояти бўйича элликка яқин келин бола-чақалари билан бирга 5 йиллик муддатга Туркманистондан бадарға қилинган. Уларнинг кўпчилиги Шовот, Қўшкўпир, Гурлан, Ҳазорасп туманлари ва Урганч шаҳридан қўшни Туркманистонга келин бўлиб тушган аёллардир.

Зиёда Рўзимова 1977 йилда Қўшкупир туманининг Ғазовот қишлоғида туғилган. Мактабда тўққиз синф ўқиган. Уни оиласидагилар 1994 йилда 17 ёшида не-не орзу-умидлар билан Туркманистоннинг Тошовуз вилоятига қарашли Гўрўғли этрапига келин қилиб узатган эдилар. Аммо Зиёданинг шу ерлик чўпон Байрамгалди Қиличев билан турмуши маҳаллий идоралардаги маъмурий буйруқбозлик туфайли яхши бўлмади. Расмий идораларга қанча мурожаат қилса ҳам у Туркманистон фуқаролигига қабул қилинмади. Йиллар давомида расмий никоҳсиз яшади. Ҳеч жойга ишга киролмай, эрининг чўпонликдан топгани билан ҳамда пайпоқ ва бошқа майда-чуйдаларни сотиб кун кўрди. Бирин-кетин туғилган 4 нафар фарзанди – Гулнора, Авазбек, Гулшод ва Ҳожиларга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмади. Улар нафақасиз ўсдилар. Ҳозир 7-синфда ўқиши керак бўлган Гулнора ва 1-синфда ўқиши керак бўлган Авазбек мутлақо саводсиз, улар туркман мактабига қабул қилинмаган.

2006 йилнинг феврал ойида туркман ҳарбийлари Зиёдани тўрт нафар боласи билан бирга 3 кун панжара ортига қамаб қўйиб, паспортига қатағон, яъни депортация қора тамғасини босиб, Туркманистондан чиқариб юборганлар.

“Эрим мол-ҳол олиб бориб, ҳужжатларимни расмийлаштиришга минг уринса ҳам, «Мустақилликдан кейин ўтганларни ҳайдаб турибмиз, юртингизга кетинг», дейишди. «Кетмайман» деб улар билан тортишганим учун 3 кун қамаб қўйдилар. Ҳарбий қисмдаги гаупвахтада ётдик. Солдатларнинг пиширган нонини едик. Сўраб олиб, ўғрин-тўғрин бир нонни яшириб қўйиб, болаларимга бўлиб бердим. Ун кепагини қайнатиб, ичига лавлаги солиб, овқат қилиб бердилар. Болаларим кўрпа-тўшакда, ўзим эса бетонда ётдим.

Уч кунлик қамоқдан чиққанимнинг эртаси куни яна олиб кетдилар. Пешиндан кейин уйдан чиқиб, Тошовузга бордик. Тўрт боланг ҳам ўзингнинг номингда экан, биттасини ҳам қолдирмай олиб кетасан, дейишди. Эрим икки болани олиб қолиб, иккитасини менга бермоқчи бўлди. Рози бўлишмади. Ҳаммамизни машинага тиқиб, Шовот божхона постига келтириб топширишди. Ёнимизда пулимиз ҳам йўқ эди. Ўзбекистон мелисалари дарров қабул қилиб олиб, «Қўйинг, йиғламанг, юртингизга келяпсиз, қайтанга қувонинг ахир» дейишди. «Тўрт боламни белимга танғиб келаяпман, буларни отасиз қандай қарайман, қандай боқаман» деб яна йиғладим. Улар «Қўйинг, йиғламанг, мана сизга 1000 сўм, такси уйингизга олиб боради» деб, такси тўхтатиб, мени миндириб, «Шу аёлни айтган жойига обориб, уйига туширинг» деб жўнатишди. Таксида бувимларникига келдим. Бувимларникида бир оқшом ётиб, эртаси куни уйга бордим». – дейди Зиёда Рўзимова.

Зиёда энди Туркманистонга қайтмоқчи эмас. Ғазовотда мактаб ёшидаги болаларини мактабга жойлабди, кичик фарзандларига маҳаллий идоралар томонидан нафақа тайинланибди, ўзига моддий ёрдам берилибди. Эри эса «қачон Иттифоқ қайта тикланса, чегаралар очилса, сени олиб кетаман. Ҳозир божхонага тўлайдиган, ҳужжатларни расмийлаштирадиган пулим йўқ» дебди.

Зиёданинг бувиси Ойша Хўжаниёзова қизнинг бахти очилмаганидан чуқур қайғуда:

«Туркманда Зиёдага ҳеч ким раҳм қилмаган. Ўлсанг ўз юртингда ўлмоқ керак. Бечорани итнинг боласидек чегарага ирғитиб ташлаб кетдилар. Яна ўзларимизни мелисаларимиз раҳмдор экан. Бири 1000, бири 800, бири 600 сўм чиқариб, 5000 сўм бериб, уйимга юборганлар. Эгнидаги кийимлари увада бўлиб кетган экан, дарров алмаштирдик. Февралнинг совуғида битта кўйлакда тўрт болани қўлтиғига қисиб келибди. Ўзбек деб хўрлашган. Қонун-қоидага тушунган, зиёли қайноғалари бор, нима учун мелисалар билан қонун доирасида гаплашиб, тўрт боласи билан бирга олиб қолишди?».

14 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Ғазовот қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Тангрибергановнинг айтишича, Зиёда Рўзимованинг қайтиши қишлоқдаги ягона ҳодиса эмас. Яна бир фуқаро Дурдипошша Полвонова ҳам 2006 йил бошида болалари билан Туркманистондан депортация қилинган. Туркманистондан бу қишлоққа тушган туркман келинлар эса 5 нафар бўлиб, улар Ғазовотда бемалол яшаб юрибдилар.

«Қишлоғимиз чегара минтақасида жойлашгани сабабли туркманлар билан қиз олиш, қиз бериш, тўйларни бирга ўтказиш каби алоқаларимиз бор эди. Динимиз, ҳатто қабристонимиз ҳам бир эди. Туркманистоннинг Тахта этрапидаги Исмамут ота қабристонида қишлоғимиздаги деярли барча оилаларнинг қавмлари ётибди. 2002 йилда Туркманистон томонидан чегарада қаттиқ назорат ўрнатилгунча борди-келдимиз яхши эди. Қишлоқнинг қарийб 99 фоиз аҳолиси йилда бир марта Исмамут отага зиёратга зиёратга кетарди. «Дўстлик-Ғазовот» бозори ташкил қилинган, туркманлар келиб яхши савдо қиларди. Ана шундай яхши замонлар эди. 2002 йилдан кейин у ёқдаги қабрларни зиёрат қилиш, борди-келди қилиш катта муаммога айланди. Кейинги йилларда туркман чегарачилари биздаги фермерларнинг қорамоллари, отларини ўғирлаб кетган ҳолатлар ҳам рўй берди. Сим тортилиб, чегара ҳудудлари аниқ белгилангач, бундай ҳолатларга бирмунча чек қўйилди”. – дейди раис Маҳмуд Тангриберганов.

Унинг айтишича, Хоразмдан келин бўлиб тушган қизларни вақтида никоҳдан ўтказиш, ҳужжатларини тўғрилаш, айби бўлса, жарима тўлатиб, масалани қонун доирасида ҳал қилиб, оилани сақлаб қолиш Туркманистон ҳукуматининг қўлидан келарди.

Чегара ҳудудида осойишталикни сақлашга ёрдам берувчи маҳалла посбони Равшан Зариповнинг айтишича, қўшни туркманлар билан ўзбеклар орасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳаммаёқ тинч ва осойишта:

«Туркманлар биз билан жуда қадимдан олди-берди қилиб келмоқда. Бу муносабатлар келажакда ҳам давом этаверади. Лекин биз Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қиламиз, туркманлар эса ўз қонунларини. Шундай йўл тутишимиз керакки, қонунлар ҳам бузилмасин, дўстлик ҳам. Яшашимиз яхши. Атроф-муҳит тинч, Худога шукур. Ҳеч қандай эътирозимиз йўқ».