06:52 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

ХВЖ: Ўзбекистон минтақадаги иқтисодий ўсиш энг паст ва инфляция даражаси энг юқори мамлакатдир

17.10.2006 09:52 msk

Ўз ахб.

Яқин келажакда Марказий Осиёда юқори даражадаги иқтисодий ўсиш давом этишига қарамай, инфляцияни ва ҳаддан зиёд кўп пул қарз олиш жараёнини тўхтатиш учун зудлик билан чоралар кўриш зарур. Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича департаменти катта маслаҳатчиси Дэвид Оуэн бугун Олмаотада тақдим этган “Минтақа иқтисодининг ривожланиш истиқболлари ҳақида”ги маърузасида ана шундай хулоса бор.

- Марказий Осиё минтақасидаги макроиқтисодий кўрсаткичлар аввалгидай юқорилигича қолмоқда, - дея қайд этди Д. Оуэн. - 2006 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш, кутилганидек, ўртача тақрибан 8 фоизни ташкил этади. Ўсишга минтақадаги нефть ва бошқа хом ашё маҳсулотлари экспортининг ошиши ҳамда барча мамлакатларда валюта заҳираларининг кўпайишига олиб келган пул ўтказишлар шаклида ташқи капиталнинг кўп миқдорда оқиб келиши сабаб бўлган. Охирги йилларда солиқ-бюжет сиёсати яхшилана бошлади ва минтақа мамлакатларининг давлат қарзлари пасая бошлади. Шунга қарамай, нефть нархларининг юқорилиги ва қарз олиш кўпайгани сабабли инфляцион босим ўсиб бораётибди.

Нефть нархлари юқорилигининг минтақа иқтисодига таъсири ҳақида гапирар экан, жаноб Оуэн Қозоғистон нефть нархларининг ошишидан фақат ютганига эътибор қаратди. ХВЖ нефть нархлари келгуси йилда ҳам тақрибан аввалги даражада қолиши ва баррель учун тақрибан 60-65 долларни ташкил этишини тахмин этади.

Минтақанинг асосий инвесторлари охирги йилларда Россия ва Хитой бўлган. Улар Марказий Осиё мамлакатлари учун йирик молия манбаларига айланганлар.

Минтақадаги инфляция даражаси охирги йилларда ўртача 10 фоизни ташкил этган. Инфляция, асосан, нефть нархларининг юқорилиги ва кредитлар ҳажми ортиб кетгани сабабли юзага келган. Минтақадаги пул мувозанатида (балансида), айниқса Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон учун Россиядан ўтказилаётган пуллар катта роль ўйнайди. Ўтказилган бу пуллар мазкур мамлакатларнинг ИЯМ катта қисмини ташкил этади.

Кейинги йилларда бизнесга нисбатан солиқ босими камайган. Минтақанинг барча давлатлари аста-секин ўз давлат қарзлари ҳажмини камайтирмоқда, расмий валюта резервлари эса ҳамма жойда ошган. Шу тариқа, валюта резервларининг кўпайиши ва қарзларнинг узилиши жараёни Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий позициясини мустаҳкамлади.

Минтақа давлати ичида охирги йилларда энг юқори иқтисодий ўсиш суръатлари Қозоғистон ва Тожикистонда (9 фоиздан) кузатилган. Бироқ бу мамлакатлардаги инфляция даражаси ҳам анча юқорилигича қолмоқда: Қозоғистонда у 8-9 фоизни, Тожикистонда эса 10 фоизни ташкил этади. Шу сабабдан, ХВЖ Қозоғистонга пул-кредит сиёсатини кучайтиришни, Тожикистонга эса қарзни камайтириш имкониятларидан фойдаланиш ва янги қарзлар олмасликга ҳаракат қилишни тавсия қилади.

Қирғизистонда ҳам олтин қазиб олиш тўхтагани сабабли пасайиб кетган иқтисодий ўсиш суръатлари секин-аста тикланмоқда. Бу мамлакатдаги инфляция унчалик юқори бўлмаган, бироқ суръат оша бошлаган.

Ўзбекистонга келсак, ХВЖ тарқатган маълумотларга кўра, бу мамлакатда иқтисодий ўсиш суръатлари 6-7 фоизни ташкил қилди (ўтган йили ҳатто 5 фоизни ташкил қилган), бу минтақанинг қолган давлатларидан камдир. Инфляция даражаси эса икки хонали сонда акс этади. Шунинг учун ҳам асосий вазифалардан бири инфляцияни чеклаш бўлиб ҳисобланади. Бироқ бундан ҳам муҳимроқ масала ташқи савдони либераллаштириш, хусусий секторни ҳамда молиявий жабҳаларни ривожлантириш бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистондаги инфляция даражасининг нега бу қадар юқорилиги ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, жаноб Оуэн бунинг заиф пул-кредит сиёсати ҳамда мамлакатда тўлов балансининг профицити анча катталиги, пул массасининг кўпаяётгани билан изоҳланишини айтди. Ўтган йили бу кўрсаткич 54 фоизга ошган.

- Менинг тавсиям қуйидагича: инфляция даражасини пасайтириш учун пул-кредит сиёсатини кучайтириш ва пул алмаштириш номинал курсини кўтариш зарур, - деди Дэвид Оуэн.

У Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари хусусий секторни жадал ривожлантиришга қаратилган тузилмавий ва институционал ислоҳотларни давом эттиришлари зарурлигини қайд этди. Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш савдо-сотиқнинг ривожланишига, сармояларнинг оқиб келишига имкон берган ва минтақа давлатлари учун узоқ муддатли ўсиш истиқболларини яхшилаган бўларди.

Фарғона.Ру