14:54 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Қаршида италиялик драматург Эдуардо де Филиппо пьесасининг премьераси бўлиб ўтди

16.10.2006 16:13 msk

Нигора Ҳасанова

23 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрида “Эски Масжид” театр-студиясининг италиялик драматург Эдуардо де Филиппо пьесаси билан “Ла-лай на-най (Де Преторе Винченцо)” премьераси бўлиб ўтди. “Қайғули комедия”ни саҳналаштиришда режиссёр Овлақули Хўжақулига Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ёрдам берган. Спектакль ўзбек тилида ўйналмоқда, уни русчадан ўзбекчага “Эски Масжид” театр-студиясининг бадиий раҳбари И. Тўраев ва Б. Қурбонов таржима қилганлар. Спектакль режиссери Овлақули Хўжақули “Фарғона.Ру” саволларига жавоб берди.

Нигора Ҳасанова: - “Эски Масжид” театр-студиясининг янги томошаси учун нима учун айнан Эдуардо де Филиппо пьесаси танланди?

Овлақули Хўжақули: - Чунки бу одамлар тўғрисидаги, одамлар ўртасидаги муносабат тўғрисидаги, ўзаро ҳурматнинг, маънавий қадриятларнинг йўқолиб бораётгани тўғрисидаги пьесадир... Қаҳрамон ер юзида бир дарвиш каби кезинган кимсадир, унинг отаси ким, онаси ким – маълум эмас. Кунларнинг бирида у одамлар орасида яшашга қарор қилиб, бунга ҳаракат қилиб кўради ва маълум бўладики, одамлар ўз муаммолари билан ўта банд эканлар, улар ўзларининг атрофида изтироб чекиб, азобланаётган кишиларга эътибор беришга улгурмас эканлар. Ҳар бир одам ўзи билан ўзи овора, аммо мусибатга йўлиққач, чор-атрофга аланглай бошлайди, атрофдагиларнинг изтиробларини тушуна бошлайди.

Сцена из спектакля. Фото ИА Фергана.Ру
Спектаклдан саҳна. Фарғона.Ру АА фотоси
Нигора Ҳасанова: - Одамларни ўз позициясини ўзгартиришга нима мажбур қилади – фақат ўзларининг оғир аҳволга тушиб қолганларими?

Овлақули Хўжақули: - Қаҳрамоннинг ўлими мажбур қилади. У ўзини қурбон қилади. У ўз ўлимини уюштириб – юрагига ўқ еб, инсон доимо яқинларининг маънавий ва моддий кўмагига муҳтож бўлишини намойиш этади.

Нигора Ҳасанова: - Нима учун одамлар оддий қадриятларни эсга туширишлари учун кимдир ўзини қурбон қилиши керак?

Овлақули Хўжақули: - Менимча, инсоният ҳаётининг турли даврларида албатта бу каби қурбонлар керак.

Сцена из спектакля. Фото ИА Фергана.Ру
Спектаклдан саҳна. Фарғона.Ру АА фотоси
Нигора Ҳасанова: - Пьеса қаҳрамонлари орасида заминийлари бўлгани каби самовий қаҳрамонлари ҳам бор экан. Бу икки оламни битта саҳнада бирлаштириб юборишга қандай эришдингиз?

Овлақули Хўжақули: - Бунга ўйин приёмининг ўзи имкон берди. Ҳаммаси қаҳрамоннинг ўлимидан бошланади, у ўлим тўшагида ётаркан, ўз ҳаётини эслайди. Шу тариқа, ҳаракат акс йўналишда ривожланади. Рассом Мария Сошина ўтмиш ва ҳозирги замонни, ер ва осмон ҳаётини бирлаштиришга ёрдам берадиган ечим топган. Биз Маша билан анчадан буён ишлаймиз. У жуда яхши театр рассоми. Менимча, иш жуда ажойиб чиқди. Мен жуда мамнунман, мен ҳатто бундай бўлишини кутмаган ҳам эдим. Театр фольклор услубида ишлагани учун авваллари бу билан келишишга мажбур бўлардик. Бу сафар эса биз аввалги приёмларнинг барчасидан воз кечдик. Янги спектаклни европалашган характердаги асар дейиш мумкин. Ўша актерларнинг ўзлари ўйнаганлари билан ўйин услуби замонавийдир – биз ҳеч қандай фольклор анъаналаридан фойдаланмадик...

Нигора Ҳасанова: - Ўзбек анъаналаридан ҳам, итальян анъаналаридан ҳамми?

Овлақули Хўжақули: - Унисидан ҳам, бунисидан ҳам фойдаланмадик.

Нигора Ҳасанова: - Актерлар ўзлари учун мутлақо янги материал ва ўйин услубига қандай муносабатда бўлдилар?

Сцена из спектакля. Фото ИА Фергана.Ру
Спектаклдан саҳна. Фарғона.Ру АА фотоси
Овлақули Хўжақули: - Актёрлар аввалига қўрқиб кетишди. Чунки мен уларни худди “яланғочлаб” қўйгандек эдим. Улар фольклор услубида ишлашга – саҳнада рақс тушиб, ўйнаб, мусиқа асбоблари чалиб юришга ўрганиб қолгандилар. Ва бу уларни қутқарарди, ахир “Эски Масжид” ярим профессионал труппа-да. Бу сафар мен уларни ўзлари кўникмаган ҳолатда ишлашга мажбур қилдим, улар кўпроқ драматик актерлардай ишладилар. Йил бошидан иш икки босқичда кета бошлади. Узоқ вақт “узилиш” бўлиб турди, чунки улар кўп нарсани тушунмасдилар. Ёзда биринчи босқични якунладик, кузда – 23 сентябрь куни спектакль премьерасини ўйнадик. Драматик ўйиннинг “таъми”ни эса эндигина ҳис қила бошладилар. Бу уларга жуда ёқаяпти ва актёрлар бу спектаклни Тошкентга олиб келиб, тошкентлик томошабинга кўрсатишни, таассуротлар ва янги тажриба билан ўртоқлашишни орзу қилаяптилар.