23:07 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада визуал антропология анжумани бўлиб ўтди

16.10.2006 10:34 msk

Наталья Зотова

2006 йилнинг 8-13 октябрь куни Москвада III Москва визуал антропология халқаро анжумани бўлиб ўтди. Анжуман намойишлари шаҳарнинг бир неча майдончаларида - М. В. Ломоносов номидаги МДУда, Д. С. Лихачев номидаги Маданий мерос институтида, РФА этнология ва антропология институтида, Санъат билимлари олийгоҳида, Россия давлат гуманитар институтида бўлиб ўтди.

Аввалги икки анжуман “Бегона оламлар диалоги” (2002 й.) ва “Анъана ва объектив. Яхлитлик қидириб” (2004 й.) шиорлари остида ўтганди. 2006 йил анжумани “Воситачи камера” номи остида ўтди.

Ўтган анжуманининг асосий муаммоси “баррикаданинг нариги ёғидаги” одам - муайян маданият тимсолини шакллантириш ишониб топширилган камерали киши позициясини аниқлаш бўлди. Визуал антропологиянинг ўзига хос хусусияти принципиал “интерактивлик” бўлиб ҳисобланади, зеро антропологик фильмлар яратиш фақатгина режиссёр ижодий ниятининг амалга ошиши эмас, балки тадқиқот-мулоқотдир. Бу муайян қоидалар бўйича тузилган бошқа оламга ичига “кириш” ёки аксинча, маҳдуд миллий онг доирасидан ташқи оламга чиқишдир. Ҳаммаси нуқтаи назарга, камера кимнинг қўлига тушишига боғлиқ.

14 тематик семинарлар ва дебютлар танлови чоғида 30 мамлакат муаллифлари томонидан тақдим этилган 107 видеофильм намойиш этилди.

Ўрта Осиё ҳақидаги эътиборга молик фильмлардан бири сифатида Стефан Бретон “Соқов ёз” фильмини қайд этишни истардик. Фильм анча узун ва унинг визуал қатори аввал-бошда бир хилдай кўринади. Муаллиф ёзда Қирғизистондаги баланд тоғли яйловга тушиб қолади, унга ўтовда истиқомат қилувчилар ҳаётини тасвирга олишга рухсат этадилар. Муаллиф улар билан бирга яшаб, энг оддий нарсаларни суратга олиб боради. Пода эгаси бўлган қариялар оиласи ва ёлланма ишчилардан иборат ёш оила унга деярли эътибор бермай қўйганлар. Бир қарашда бу фильмда, тоғли Қирғизистоннинг жуда гўзал манзараларидан ташқари, бизнинг эътиборимизни тортадиган бирор нарса йўқдай туюлади. Аммо бу ҳам янгилик эмас... Фильмдаги ҳаракатнинг бир маромда кечиб бориши томошабинни эсната бошлайди. Аммо барибир қанақадир воқеалар содир бўлиб туради. Сигир ўлади, ўжар ишчи қўй йўқотади. Ва чиндан ҳам буюк режиссёрларга муносиб бўлган охирги кадрлар кишини лол қолдиради – ёш ишчи от туфайли хўжайин билан сўкишиб қолади. У ўз оиласини олиб, лаш-лушларини йиғиштириб, водийга тушиб кетади...

Муаллиф ҳақида Наталья Александровна Зотова – “Фарғона.Ру” АА катта муҳаррири, тарих фанлари номзоди, РФА этнология ва антропология институти илмий ходими.