13:56 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳожирлик жабҳасидаги дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан масъулият Россия ҳудудларидаги ижрочилар зиммасига юклатилган

13.10.2006 21:44 msk

Наталья Зотова

Россиянинг Астрахань ва Волгоград вилоятлари бўйлаб сафарим чоғида вилоят маъмуриятларида тахминан бир хил лавозимни эгаллаб турган икки эксперт билан суҳбатлашишга муваффақ бўлгандим. Уларнинг лавозимлари фақат номланиши билангина бир-биридан фарқ этарди, холос. Дейлик, Александр Сергеевич Стадник Астрахань вилоят маъмурияти миллатлараро бўлими бошлиғи бўлса, Олег Игоревич Бородин Волгоград вилояти миллатлар ва казаклик ишлари бўйича комитет раисининг ўринбосари бўлиб ишларди. Ҳар иккала бўлимга ҳам бир хил масъулият юклатилган – улар вилоятдаги миллий бирлашмалар билан ишлайдилар, турли байрам ва тадбирларнинг ўтказилишини назорат қиладилар, миллий-маданий мухториятларнинг расмийлар билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларини ҳал қиладилар, шунингдек, кўпинча баҳс-мунозаралар ва зиддиятларда томонларни ўзаро муросага келтирадилар, миллатлараро муносабатлардаги ўткир қирраларни силлиқлаш билан шуғулланадилар. Шунинг учун ҳам суҳбатимиз миграцион жараёнларнинг ҳозирги пайтдаги аҳволи ҳамда 2007 йилнинг январидан кейин вазиятнинг ривожланиш истиқболлари масалаларига дахлдор бўлди. Бундан ташқари, биз Россия президентининг 2006 йил ёзида чиққан Фармонидан кейин турли жойларда кенг кўламда муҳокама қилинган “ҳамюртлар”ни жалб қилиш ва қабул қилиш муаммолари ҳақида ҳам суҳбатлашдик.

Маълумот учун: 2007 йилнинг январида 2006 йилнинг 18 июлида чиққан “Россия Федерациясида чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни миграцион рўйхатга олиш тўғрисида”ги 109-ФЗ-сонли ва 2006 йилнинг 18 июлида чиққан “Россия Федерациясидаги чет эллик фуқароларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги Федерал қонунга ўзгартишлар киритиш хусусида”ги 110-ФЗ-сонли қонунлари кучга киради, шунингдек, “Россия Федерациясининг айрим қонуний ҳужжатларига ўзгартиш ва тўлиқлашлар киритиш тўғрисида”ги Федерал қонуннинг баъзи моддаларини ўз кучини йўқотади. Янги қонунлар миграцион қонунчиликка қатор муҳим ўзгартишлар киритади. Дейлик, ташқаридан келувчиларни рўйхатга олиш огоҳлантириш тартибида амалга оширилади, муҳожир ишчи эса мустақил равишда Россия Федарациясида ишлаш учун рухсатнома олиши мумкин бўлади.

Қуйида мазкур экспертлардан олган интервьюнинг айрим қисмларини муштарийларимиз эътиборига ҳавола қиламиз. Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, ҳар иккала эксперт ҳам, аввалдан гаплашиб олмаган ҳолда, муҳожирлик жабҳасида содир бўлаётган жараёнларга, муҳожирликни тартибга солиш соҳасидаги ўзгаришларга ва ҳаказоларга бир-бирига мос келадиган баҳоларни берганлар.

Фарғона.Ру: - Муҳожиротни шаффофроқ қилиш учун қонунчиликда қандай ишларни амалга ошириш керак?

А. Стадник: - Биз кимлар келаётганини, нима учун келаётганини, уларнинг қай тарзда машруълашаётганини аниқ билишимиз лозим. Бирор-бир қонун қабул қилиш учун давлат унга қандай одамлар кераклигини, қайси пайтда кераклигини ва бизнинг қай сифат ишчи кучига эҳтиёжимиз борлигини аниқлаб олиши керак. Бу иш эса амалга оширилмади. Россияда ҳалигача ер кадастри йўқ, ер қиймати ҳақидаги масала ҳал қилингани йўқ. Биз одамларни қай йўл билан ва қандай шартлар асосида таклиф қиламиз? Аввал шу масалаларни ҳал қилиб олиб, кейин миграция ҳақида гапириш керак. Қонуний миграция муаммоси бугунги кунда ўта долзарбдир. Агар биз миграцияни тартибга сола билсак, гиёҳванд моддалар трафигини олдини олишга ва Россия Федерацияси ҳудудига номақбул, жиноий унсурларни киритмасликка эришамиз.

Фарғона.Ру: - Демак, миграцияни давлат томонидан тартибга солиш учун биз келажакда нимани кўришни исташимиз юзасидан аниқ сиёсат ишлаб чиқилиши керак...

А. Стадник: - Албатта. Бизда одамларни таклиф қилишга асос борми ёки йўқми? Биз ҳатто шуни ҳам билмаймиз! Ҳозир президент томонидан ҳам, ҳукумат томонидан ҳам ҳамюртларни ҳориждан қайтариш мавзуси муҳокама қилинаяпти. Лекин ҳали “ҳамюрт”тушунчасига ҳам дурустроқ таъриф берилгани йўқ. Яъни суҳбат предметининг ўзи йўқ. Бизга қандай “ҳамюртлар” келади? Бу ерда ўз маданият билан келган муҳожирларни жамиятга интеграциялашуви масаласи юзага чиқади.

Фарғона.Ру: - Дастурлар ёки ғоялар даражасида интеграция ва мослашишга ёрдам бериш учун нима қилиш мумкин?

А. Стадник: - Янги нарса ўйлаб топишнинг кераги йўқ: бу борада давлат қонунлари бор ва шунчаки уларга амал қилиш керак, холос. Ахир улар бизда жуда кўп – Миллий озчиликлар бўйича конвенция ратификация қилинган, миллий-маданий мухториятлар, жамоатчилик ташкилотлари, тиллар ва ҳаказолар тўғрисида қонунлар бор.

Фарғона.Ру: - Волгоградга келаётган муҳожирлар оқими кучаймоқдами ёки сусаймоқдами?

О. И. Бородин: - Бир томондан, кучаймоқда, бошқа томондан эса сусаймоқда. Муҳожирлик билан боғлиқ бўлган асосий масала бу сондан сифатга ўтиш лозимлиги масаласидир. Балки охирги қонунларнинг қабул қилиниши билан қандайдир силжишлар бўлар. Чунки миграцион сиёсат муайян молиявий ҳаражатларсиз тўлалигича самарали бўла олмайди.

Фарғона.Ру: - Миграциянинг қандай ижобий ва салбий жиҳатлари бор?

О. И. Бородин: - Ижобий жиҳати демографик жараёндаги тузалишлар бўлиб ҳисобланади. Салбий жиҳати эса, биринчи навбатда муҳожирларнинг ҳам, маҳаллий аҳолининг ҳам сажияси (менталитети) билан боғлиқ, бу жумладан, Ўрта Осиёдан, Қафқазорти республикаларидан келувчилар юриш-туриши таъсирида юзага келмоқда.

Фарғона.Ру: - Миграция жараёнини қандай қилиб тартибга солиш мумкин?

О. И. Бородин: - Миграцион оқимларни тартибга солиш концепциясида давлат кимгадир имтиёзлар бериши, бу масалаларни ҳал этишда танлов асосида иш тутиши мумкинлиги айтилган. Мен мамлакатнинг, жумладан, Волгоград вилоятининг ҳам “демографик жарлик”ка йиқилиш олдида турганини жуда яхши тушунаман. Аммо биз бу муаммони, масалан, Ўрта Осиёдан келаётган муҳожирлар ҳисобига бирдан ҳал қилишни истасак, бу яхшилик билан тугайди, дея тахмин қила олмайман. Биринчи навбатда, биз уларнинг бу ёққа нима учун келаётганларини тушунишимиз лозим. Одамларнинг бир қисми бу ёққа шу ерда яшаб қолиш учун келаяптилар. Лекин фақат пул топиб, кейин уйларига қайтмоқчи бўлганларга, менимча, бошқача ёндошиш зарур бўлади. Бу ёққа оилалари билан доимий яшаш учун келаётганларга ҳам алоҳида ёндошмоқ лозим. Улар жамиятга мослашиш ва интеграциялашиш нияти билан келганлар. Шунинг учун ҳам “миграция фойдами ёки ортиқча юк бўлиб ҳисобланадими” деган савол муҳокамасида бу масалани ҳал этиш йўллари турлича эканини назарда тутиш керак. Ўрта Осиёдан келувчи муҳожирларга тўхталадиган бўлсак, Волгоград вилояти ўз иқлими, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан улар учун доим жозиб бир маскан бўлган. Муҳожирлар кўпроқ Ўзбекистондан, Тожикистондан келадилар, Қирғизистондан келадиганлари бироз камроқ.

Фарғона.Ру: - Волгограддаги ўзбек ва тожик жамоатлари миқдорини, уларнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

О. И. Бородин: - Уларнинг сони ҳақида аниқ маълумотлар келтириш жуда қийин. Биз аҳолини расмий рўйхатга олиш натижаларига таянишимиз керак. Унда олти мингта тожик борлиги кўрсатилган, бироқ, табиийки, уларнинг сони кўпроқ. Мавсумий муҳожирлар сони нисбатан кўп, улар асосан қишлоқ хўжалигида ишлайдилар. Охирги пайтларда тожикистонлик ишчиларнинг ўзбекистонликлар билан ўрин алмашиш тамойили сезила бошлади. Тожиклар Москвага кета бошладилар, уларни иш ҳақи қониқтирмаяпти, фермерлар билан муаммолар чиқа бошлади. Жамоатлар фаолиятига келсак, “жамоат” тушунчаси ягона бюжетни шакллантириб, топилган пулларни ўртага ташлаб, кейин даромадни тақсимлашни назарда тутади. Лекин бундай бўлаётгани йўқ. Вилоятда бундай жамоатлар йўқ, фақат туман миқёсидаги лидерлар бор, холос.

Фарғона.Ру: - Давлат муҳожирлик муаммоларига юз бураяптими?

О.И.Бородин: - Менимча, ҳали-ҳозир йўқ. Ҳозир навбатдаги кескин бурилиш бошланаяпти. 2007 йилнинг январида миграцион рўйхатга олиш бўйича янги қонун кучга кираяпти, рўйхатга олишнинг рухсат бериш тизими ўрнига бохабар қилиш тизими пайдо бўлаяпти. Албатта, буларнинг ҳаммаси яхши, аммо чинакамига комплекс ёндошув барибир йўлга қўйилмаяпти. Бизда ё ҳаммасини таъқиқлаш ёки ҳамма нарсага рухсат бериш тамойили мавжуд. Ушбу қонун юзасидан ҳеч қандай изоҳот йўқ. Шунингдек, ҳамюртлар ҳақида ҳам дастур қабул қилинган эмас. “Ҳамюрт” атамаси ҳам аниқланган эмас. Биз Франция ёки Канадага кетганларни қайтара олмаймиз, шунинг учун ҳам мен, масалан, уларни қаерга қайтаришимизни унча тушунолмаяпман. Ўрта Осиёда одамлар қолган (русларни назарда тутаяпти – Н.З.), аммо улар яхши лавозимларни эгаллаб турибдилар. Ёки фақат қариялар қолганлар. Ҳамюртларни жалб қилиш - катта муаммо, бу ерда масаланинг қиймати ҳақида сўз юритиш лозим. Агар биз юқори малакали ишчи кучини жалб қилишга умид қилаётган бўлсак, уларни қаерга жалб қиламиз, деган савол пайдо бўлади? Малакали кишиларга муносиб уй-жой, муносиб маош ва ижтимоий кафолатлар бериш керак. Бизнинг мамлакатда буларнинг биринчисини ҳам, иккинчисини ҳам, учинчисини ҳам ҳозирча ҳеч ким беролмайди.

Сўнгсўз.

Биз айрим саволларнинг тафсилотларини очар ва йиғилиб қолган муаммоларга тўхталар эканмиз, экспертлар билан узоқ суҳбатлашдик. Бироқ мен давлатнинг миграцион сиёсати ҳақида биладиган профессионаллар айтган фикрлардаги мувофиқ жиҳатларни кўрсатгим келди. Александр Стадник ҳам, Олег Бородин ҳам қатор қонунлар қабул қилинганига қарамай, бу соҳада давлатнинг аниқ бир сиёсати ҳали-ҳануз мавжуд эмаслиги ҳақида куюниб гапирдилар. Янги қонунлар яқин орада кучга кириши керак, аммо уларни изоҳловчи ҳужжатлар ҳали келиб тушгани йўқ. Миграция жабҳасидаги қонунларнинг жорий этилиши ва турли дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан масъулият ҳудуддаги ижрочилар зиммасига юклатилган. Албатта, Стадник ва Бородин каби мақом ва малакага эга бўлган раҳбарларга юқоридан кўрсатма бўлиб туриши керак, деб ўйламаслик лозим. Аммо ҳокимиятнинг энг юқори қатламларида миграцион жараёнларни қандай тартибга солиш ва охирги йилларда мамлакатга тўлиб кетган кўп миқдордаги муҳожирлар билан қандай йўл тутиш кераклигини тушунмаслик жойлардаги экспертлар ишини анча қийинлаштирмоқда.

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА: Зотова Наталья Александровна – тарих фанлари номзоди, РФА этнология и антропология институтининг илмий ходими. Москвада яшайди. Мақола 2006 йилнинг август ойида Астрахань ва Волгоград вилоятларида ўтказилган дала тадқиқотлари материаллари асосида ёзилган.