14:04 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияга кўчириш дастурига судланганлар, ОИТВ юқтириб олган одамлар ва ёлғиз нафақахўрлар қўйилмайдилар

13.10.2006 15:15 msk

«КП», ўз ахб.

Россия Федерал муҳожирлик хизматининг (ФМХ) ҳамюртлар ишлари бўйича бошқармаси бошлиғи Евгений Маняткин кеча, 12 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида маълум қилганидек, Россия президенти томонидан шу йилнинг июнь ойида тасдиқланган аҳолини кўчириш дастурида ҳорижда яшовчи олти миллионга яқин ҳамюртлар иштирок этишга тайёрлар. 2007 йилда Россияга дастлабки 50 минг киши кўчиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, Россия ТИВ ҳориждаги ҳамюртлар билан ишлаш бўйича департаменти директори Александр Чепуринга кўра, “ҳамюртлар” тоифасини кенг кўламда талқин қилиш лозим, фақат миллати рус бўлганлар билан чекланиб қолмаслик керак. Унинг фикрича, булар “Россия билан этник, маданий, тарихий, руҳий ришталар билан боғланган, тарихий ватан билан алоқа қилишга эҳтиёж сезган одамлар”дир. Чепурин бунга Украинани мисол келтирди. Унга кўра, бу мамлакатда “ўн икки миллион ҳамюртимиз яшайди ва уларнинг фақат саккиз миллионигина руслардир”.

«Комсомольская правда» газетасининг хабар қилишича, россиялик расмийлар уч кишидан иборат оилага беш тоннали контейнерни олиб келиш ҳаражатларини қоплаш ҳамда ҳар бир кўчувчига 100 минг рубль миқдорида нафақа беришга тайёрлар. Дастурнинг мажбурий шарти кўчувчиларни иш жойи ва турар-жой билан таъминлаш бўлиб ҳисобланади. Бир ҳафта ичида дастур иштирокчиларига вақтинча яшаб туриш учун рухсатнома берилади, шундан сўнг ишга жойлашиш ва уй сотиб олиш мумкин бўлади. Ярим йилдан кейин эса кўчиб ўтган киши ва унинг оила аъзолари Россия фуқаролигини оладилар. Агар кўчиш дастури иштирокчиси ўзи томонидан танланган ҳудудни икки йил ичида ташлаб кетмоқчи бўлса, буни у олган нафақасини давлатга қайтариб, бошқа ёққа кўчиб кетавериши мумкин.

Кўчиш дастури энг аввало Россияда ишлаши керак бўлган кишиларга мўлжаллангани учун дастурда ёлғиз нафақахўрлар иштирок этолмайдилар. Маняткинга кўра, нафақахўрлар ишга яроқли кўчувчи оиласи таркибида бирга келиши мумкин. “Биз оилаларни парчаламоқчи эмасмиз”, - дея изоҳ берди у. Бундан ташқари, судланганлар ва ОИТВ юқтириб олганлар учун ҳам Россияга йўл йўқ. Рус тили имтиҳони ўтказиш ҳозирча кўзда тутилмаган.

Эслатиб ўтамиз, дастур асосида дастлабки кўчувчиларни қабул қилиб оладиган “намуна” ҳудудлари орасида Калининград, Калуга, Липецк, Тамбов, Тверь вилоятлари (Россиянинг Европа қисмида), Тюмень ва Новосибирск вилоятлари, Красноярск ўлкаси, Приморск ва Хабаровск ўлкалари, Иркутск ва Амурск вилоятлари (Сибирь ва Узоқ Шарқда) бор. Евгений Маняткиннинг маълум қилишича, 2007 йилнинг 1 январидан бошлаб мазкур 12 та намуна зонага кирмаган ҳудудлар ҳам кўчиш бўйича ўз дастурларини тақдим этадилар.

Дастур иштирокчиси бўлиш учун хоҳловчилар Россиянинг консуллик хизматларига ёки Федерал муҳожирлик хизмати ваколатхоналарига мурожаат этишлари керак бўлади.

ФМХ бўлимлари ҳозирчага беш мамлакат - Латвия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистонда очилган. Эндиликда Украина, Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Германия ва Исроилда ваколатхоналар очиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Россия ТИВ ҳориждаги ҳамюртлар билан ишлаш бўйича департамент маълумотларига кўра, ҳориждаги рус диаспораси 30 млн. кишидан иборат бўлиб, уларнинг 20 миллиони МДҲ мамлакатларида, 10 миллиони эса узоқ ҳорижда яшайдилар. Россия диаспораси катталиги жиҳатдан дунёда учинчи ўринда туради.