15:17 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

НАТО: афғонистонликларнинг етмиш фоизи “толиблар”ни қўллаши мумкин

11.10.2006 19:28 msk

Ўз ахб.

Reutersнинг хабар қилишича, бугун, 11 октябрь куни Афғонистондаги НАТО қўшинлари қўмондони, британиялик генерал Дэвид Ричардс, агар олти ой ичида мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгармас экан, афғонистонликларнинг етмиш фоизи Толибон ҳаракатига қўшилиб кетиши мумкинлиги ҳақида билдирган.

Шунга кўра, НАТО генерали Толибонга қарши кураш усулларини реконструкция қилишни таклиф қилмоқда. Генералга кўра, бу жараён Шимолий Атлантика Альянси томонидан қўллаб-қувватланиши керак.

АР агентлиги хабарига кўра, охирги пайтларда мамлакат жанубий-шарқида хавфсизлик даражасининг пасайиб кетгани сабабли афғонистонликлар НАТОни кескин танқид қилиш ҳоллари кучайиб кетган. Афғонистоннинг мазкур минтақасида Толибон ҳаракати партизан гуруҳларининг фаоллашиш тамойили кузатилмоқда.

Жаҳон агентликлари ёйинлаган хабарларга кўра, Толибон отрядларига қарши ҳаво зарбалари чоғида Афғонистон тинч аҳолиси ҳам ҳалок бўлаётир, бу эса, шубҳасиз, фуқароларнинг қаҳр-ғазабига сабаб бўлаётибди ва мамлакат аҳолиси томонидан толибларни дастаклаш учун шароит яратмоқда.

Афғонистонда жойлашган НАТО тинчликпарвар кучлари сўнгги ойларда деярли ҳар куни жангариларнинг қақшатқич ҳужумларига дуч келмоқдалар. Сентябрь ойида президент Ҳомид Қарзай БМТ минбаридан туриб ўз мамлакатда террорчиликка қарши ҳал қилувчи курашда халқаро ёрдамни фаоллаштиришга чорлаганди.

Афғонистондаги Британия кучлари қўмондони, бригада генерали Эд Батлер “Толибон” ҳаракати жангариларига қарши босимни кучайтириш учун унга кўпроқ вертолёт берилишини илтимос қилиб, ўз ҳукуматига мурожаат қилган, дея хабар қилади “Взгляд” газетаси Би-би-сига таянган ҳолда. Қўшимча вертолетлар тақдим этилиши ҳақидаги масала биринчи марта кўтарилаётгани йўқ. Мамлакатдаги ҳарбий амалиётларга раҳбарлик қилаётган НАТО вакиллари бундай талабнома билан аввал ҳам мурожаат қилгандилар. Беш йил ичида Афғонистонда британиялик 40 та ҳарбий ҳалок бўлган, айниқса сўнгги уч ой мобайнида британияликлар катта талафот кўрганлар.

Афғонистондаги, айниқса, жануб ва шарқдаги вазиятдан БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам хавотир билдирмоқда. Тез орада у ушбу мамлакатга ўз миссиясини юборади ва бу миссия жойнинг ўзида толиблар ва “Ал-Қоида” томонидан мавжуд бўлган хавф-хатар даражасини баҳолаши керак бўлади, деб хабар беради “Голос России”.

Аснода, АҚШ мудофаа вазири Дональд Рамсфельд яқинда Америкадаги “Washington Post” газетасига берган интервьюсида Афғонистон келажагини “умидбахш ва кўп нарса ваъда қилувчи”, деб атаган, дея хабар қилади РБК. Рамсфельдга кўра, кўкнор ишлаб чиқаришнинг ошганлиги ва мамлакат жанубида тўхтамаётган зўравонликларга қарамай, “Толибон” режими ағдарилганидан беш йил кейин “мамлакатнинг умумий ҳаракат йўналиши умидбахш ва кўп нарса ваъда қилувчидир”.

Пентагон раҳбарининг фикрича, охирги беш йил ичида Афғонистоннинг иқтисодий ўсиши уч баробар ошган, унинг қуролли кучлари ҳар ойда мингтага кўпаймоқда, талабалар ва ўқувчилар миқдори беш баробар кўпайган, аҳолининг 80 фоизи, аввалги 8 фоиз билан солиштирганда, соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Афғонистон эришган катта ютуқларни қайд эта туриб, у 25 та янги суд биноси қурилгани, даромадларнинг 70 фоизга ошгани ва ҳатто яқинда Қобулда очилган “Кока-кола” қуйиш заводини мисол келтирди.

Бу орада эса Қобулда Афғонистон миллий армиясини “тиклашни истамаётган”и учун америкаликларни танқид қилиш ҳоллари тез-тез учраяпти. Хавфсизлик масалалари бўйича яқинда бўлиб ўтган парламент тингловида Афғонистон мудофаа вазири ва миллий хавфсизлик хизмати раҳбари депутатларга уларнинг Афғонистон миллий армиясини кучайтириш бўйича чақириқлари Вашингтонда тўғри тушунилмаётгани хусусида гапириб берганлар.