19:34 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда Уста Мўмин ишларидан ташкил топган уникал кўргазма очилди

10.10.2006 19:49 msk

Сид Янишев

Автопортрет
Автопортрет. "Фарғона.Ру АА" фотоси
Кеча, 9 октябрь куни Тошкентдаги “Илҳом” театрида Ўзбекистонда илк бор рус маданияти Кумуш асрининг бевосита ворисларидан бўлган буюк рус рассоми Александр Николаев кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. 1920 йилда Ўзбекистонга келиб, Ислом динини қабул қилган ва ўзини Уста Мўмин деб атаган рассом Ўрта Осиё авангардининг энг ёрқин вакилларидан бирига айланганди.

Уста Мўминнинг биринчи марта бир жойга жамлаган ишларидан ташкил топган, унинг 110 йиллик юбилейига бағишланган кўргазмаси Тошкент учун жорий йилнинг энг қизиқарли ва муҳим маданий воқеаларидан бирига айланиши шубҳасиздир. Рассомнинг гўзаллик жиҳатдан беқиёс ўттиз тўққиз картина ва суратларида Шарқ ўзининг бутун жозибасини намоён этган. Шу билан бирга, бу ишлар келгинди сайёҳ томонидан эмас, худди шу ернинг ўзида туғилиб, вояга етган, бу маданиятни она сути билан эш этган киши томонидан ижод этилгандай ичдан тасвирланган.

Выставочный зал
Кўргазма зали. "Фарғона.Ру АА" фотоси
“Илҳом” театрининг оригинал тарзда безатилган кўргазма зали шу кунларда Уста Мўмин ишлари руҳини акс эттиради. Шифт остида осилиб турган анорлар – рассом рангтасвирининг севимли объектларидан бири бўлиб ҳисобланади, яна ўша шифтга осилган бачаларнинг фотосуратлари эса Уста Мўминнинг кўплаб полотноларидан ўз аксини топган унинг шарқона рақс ва мусиқасига бўлган тенгсиз иштиёқини эсга солади. Кўргазма зали деворлари картиналар ва суратлар билан биргаликда қадим шаҳарларнинг (кўпроқ Самарқанднинг) инқилобдан олдинги пахса деворлари тасвирланган йирик архив фотосуратлари билан безалган.

Қайд этиш жоизки, “Александр Николаев/Уста Мўминнинг “Илҳом”даги зикри” номли кўргазма экспозициясида Россия Давлат Третьяков галереяси, Москва Шарқ халқлари музейи ва Н.Савицкий номидаги Нукус Давлат санъат музейи томонидан лутфан тақдим этилган рассом замондошлари - Александр Волков, Кузьма Петров-Водкиа, Василий Верешчагин ва Валентин Левицкийнинг бир нечта репродукциялари ҳам бор. Бу ишлар ўз сюжети билан Уста Мўмин сюжетларига ўхшаб кетади, Левицкий график полотносида эса Устанинг ўз портрети тасвирланган.

Уста Мўминнинг барча ишлари Ўзбекистон Давлат санъат музейи томонидан тақдим этилган. Бу коллекцияга кирган ва музей каталоги бўйича Уста Мўмин мўйқаламига мансуб иш қатори қайд этилган яна бир картина ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. У “Эшкакчилар” деб номланади.

Гребцы
Эшкакчилар. "Фарғона.Ру АА" фотоси
- Давлат музейи мутахассисларининг тахминича, бу Уста Мўминнинг эмас, Казимир Малевичнинг ишидир, - дея ҳикоя қилади “Илҳом” театрининг адабий эмакдоши Оксана Хрипун. – Аммо биз бунинг шунчаки тахмин (гипотеза) эмас, ҳақиқатан ҳам шунақа эканини биламиз. “Эшкакчилар” картинаси Малевич томонидан Николаевга 1928 йили Ленинградда совға қилинган.

Бу ҳақда кўргазма ташкилотчиларига санъат музейида узоқ йиллар ишлаган санъатшунос Римма Еремян гапириб берган. Айнан шу аёл, Уста Мўмин ижодини батафсил тадқиқ этиш билан шуғулланган ҳолда, унинг ишлари каталогини тузганди. Бу 25 йил олдин бўлган ва бу картина сирини очишнинг ўша пайтда имкони бўлмаганди. Фақат эндигина Ўзбекистонда Казимир Малевичнинг оригинал иши борлиги ҳақида қувониб эътироф этиш мумкин.

Уста Мўмин ва унинг дўстлари ишлари кўргазмаси 25 октябргача давом этади.