06:10 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аввалгидан кўра камбағаллашганига қарамай, Олой бозори Тошкентнинг ташриф қоғозилигича қолмоқда

10.10.2006 14:53 msk

Д. Қурбонова, А. Кудряшов

© Фарғона.Ру фотоси

Молодой продавец на Алайском базаре. Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Шарқ бозорларида аллақандай мистик хосса бор. Улар ўз юзи, характери ва руҳига эгалар. Қадимда Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган Осиё шаҳарлари кўчманчилар ҳужумидан кейин айнан бозор майдонини тиклашдан бошлаганлар. Маданиятлар чорраҳаси бўлган бозорлар кўпинча ҳукмдорларнинг саройлари ва ибодатхоналардан кўпроқ турганлар.

Тошкентнинг ўзига хос ташриф қоғози вазифасини ўтовчи Олой бозори карвон йўлида пайдо бўлган, у ерга Шарқий Тиёншоннинг тоғли яйловларидан Фарғона водийси орқали гўшт учун чорва подалари ҳайдаб келтирилган. Россия империяси даврида Туркистон ўлкаси пойтахтининг Эски шаҳар ва Европа қисми ўртасида бўлиб қолган бозор рус харидорларини ҳайратга солган, мустамлака моллари сотиладиган, савдо-сотиқ қизиган жойга айланган.

Кейинги юз йилликда ҳам унинг донғи сақланиб қолган, фақат эндиликда Олой бозоридан туялар карвони эмас, бутун Иттифоққа ўзбек қовун-тарвузлари, узумлари, анорлари, пистаю шўрданаклари билан бўғзигача тўлғазилган жомадонлар учиб кетарди. Уларнинг устига бошлиқларга совға сифатида чопонлар ва дўппилар, уларнинг хотинлари ва қизлари учун эса хонатласлар қўйиб бориларди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Бозор анъанавий ўзбек кулолчилиги билан ҳам шуҳрат тутган бўлиб, бу буюмлар Риштон ёки Бухородаги устахоналардан махсус олиб келинарди. Алоҳида қаторда турли-туман пичоқлар, ханжар ва қиличлар сотиларди. Дандон сопли ўткир Чуст пичоғи ноёб совға бўлиб, бунинг устига ундан уй хўжалигида ҳам бемалол фойдаланса бўларди. Кейинчалик бу буюмлар совуқ қурол ўлароқ баҳолангани сабабли уларни олиб чиқиб кетиш қийин бўлиб қолди, докторантлар билан аспирантлар эса одатдаги совғадан маҳрум бўлиб қолдилар.

Бозорда узоқ жойга олиб кетиладиган маҳсулотларни ғилофлайдиган махсус қатор ҳам бор эди. Агар харидор йўлга фақат қовун олмоқчи бўлса, уни ток новдасидан қилинган тўр устидан синтетик тўрга солиб берардилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Аммо бозордаги асосий мол ҳамма замонларда гўшт бўлиб қолаверган. Бу ерда хоҳлаган гўштни топиш мумкин эди: қўй гўшти, мол гўшти, чўчқа гўшти, қуён гўшти, туя гўшти ва ҳатто териси шилиб олинган Қоракўл қўзилари гўштини ҳам топиш мумкин эди. Сўйилган бедана ва унинг тухумлари билан тўлдирилган усти ёпиқ юк машиналари эрта тонгдан бортлари очиқ ҳолда турарди. Икки қаватли махсус павильонда эса сут маҳсулотлари – қаймоғи олинмаган сут ва қаймоқ, пишлоқ, сузма, чакка, айрон ва қимиз сотиларди. Етмишинчи ва саксонинчи йилларда бу молларни пойтахтдаги аксар дўконларнинг пештахталарида учратишнинг имкони йўқ эди.

Албатта, Олой бозоридаги маҳсулотлар нархи арзон эмасди. Аммо, шу билан бирга, бозор демократиклигича қололган. Агар оёғим толиб оғримайди десангиз, савдо қаторларини айланаркан, оладиган нарсангиздан оз-оздан татиш билангина қорнингиз ёрилар ҳолга келиши мумкин эди. Бунда савдогарларнинг харидорга тарвуз тиликлари, узум шингили, чақилган ёнғоқ мағизини тутиб, молларини аямасдилар. Ёки қандайдир талабанинг орқасидан: “Шу ерда еяқол, сендан пул олмайман!” дея кулиб қолардилар.

Олой бозорига Тошкент меҳмонлари ҳам албатта кириб ўтардилар. Бир куни бозорга иссиқ нон сотиб олиш учун кирганимизда, бу ерда Алла Пугачевани учратиб қолганмиз. Сотувчилар эстрада юлдузини таниб, истаган нарсасини бекорга олиши мумкинлигини айтганлар, у эса бунга ишонқирамай, ўз ҳамроҳидан “татиб кўриш учун бутун бошли шафтолини еса бўлаверадими?” дея сўрарди. Қўшиқчининг ҳамроҳи эса бизларнинг қишлоқича маданиятсизлигимизга ишора қилиб, “Нима, Пугачевани кўрмаганмисанлар?” дея анқовларни ҳайдаш билан банд эди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Бугунги кунда гумбазли шийпон остида жойлашган Олой бозори кўпроқ ўзининг икки қаватли заргарлик буюмлари павильони ва пул алмаштириш пунктлари билан кўпроқ машҳур. Бозор шу кунда Ўзбекистондаги энг қиммат бозорлардан бирига айланди, шунинг учун ҳам маҳаллий аҳолининг аксарияти бу ерга катта байрамлар арафасидагина кирадилар. Тошкентда кенг тарқалган, ҳафталик маҳсулотни бирваракайига сотиб олишни кўзда тутган “бозор қилиш” ибораси эндиликда ўз маъносини йўқотаётибди. Ҳаммоллар бўш аравалар олдида зерикиб ўтирадилар ва муҳтамал мижозни кўришлари билан бир-бирлари билан сўкишиб, унинг олдига чопадилар. Аммо харидорлар бозорга кираверишда қоғоз халталар сотиб олишни маъқул кўрадилар, бу халталарни улар картошка, бодринг ва помидор билан бўғзигача тўлдириб, устидан бир боғ кўкат ёки кўк пиёз ташлаб қўядилар.

Яқинда Олой бозоридан машҳур гўшт расталари ғойиб бўлди, уларнинг ўрнида четдан олиб келинган консервалар ва денгиз маҳсулотларини таклиф қилувчи янги супермаркет очилди. Аммо бу ердаги нархлар, молларнинг узоқдан келтирилганлигини ҳисобга олган ҳолда, қиммат қилиб белгиланган. Эндиликда Европа стандартлари бўйича ўқитилган хизматчилардан: “Эркакмисан ўзи? Уйингга гўшт олмайсанми?..” каби ҳазилнамо қичқириқни эшитмайсиз.

Молодой продавец на Алайском базаре. Фото ИА Фергана.Ру
Олой бозоридаги ёш сотувчи. Фарғона.Ру АА фотоси
Аммо, аввалда бўлгани каби, бозор барча меҳмонлар ва сайёҳларни ўзига жалб қилишда давом этмоқда. Саҳий Осиё кузининг авж палласида ҳар хил катталикдаги ва рангдаги турли-туман, ғарқ пишган мева-чева уюмлари ширин бўйи зираворлар ҳиди билан аралашиб, одамни маст қилади. Бу ердан бўш қўл билан кетишнинг иложи йўқ. Сотувчилар ҳам илжайиб ва шодон қарши оладилар, улар энда “марҳамат” сўзи ўрнига “плиз”ни ишлатадилар. Улар ўзларини гўё оддий савдогарлар эмас, балки профессионал актерлардай ёки бўлмаса, ўз мамлакатининг халқаро обрў-эътиборини сақлашга уринаётган дипломатлардай ҳис қилган ҳолда, камера объективлари олдида жон деб туриб берадилар.