11:22 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

«Фарғона тонг отгунча»: Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи юзасидан айрим мулоҳазалар

09.10.2006 18:51 msk

Наво Қурбонова

Мустақиллик йилларида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида юзага келган муносабатларни дўстона деб бўлмайди, аксинча, икки мамлакат ўртасидаги келишмовчиликлар сони ошган. Кўплаб кузатувчиларнинг қайд этишларича, қўшнилар орасидаги муносабат ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида миллатлараро тўқнашув келиб чиққан 1990 йилдан кейин кескин ёмонлашган. Кейин чегаралар ва анклавлар билан боғлиқ қараша-қаршиликлар, “газ” ва “сув” асаббузарликлари бўлди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Қирғизистонга охирги ташрифи 1995 йилда бўлиб, у “Манас” эпосининг минг йиллиги муносабати билан уюштирилган тантаналарда иштирок этганди. Ўзбекистон президенти, ҳар доимгидек, яхши тайёрланган нутқ ирод этиб, Манаснинг Самарқанд шаҳри билан тарихий алоқалари ҳақида маълум қилганди.

Шу билан бирга, И. Каримов ҳеч қачон Қирғизистон ҳукуматини танқид қилишдан ўзини тиймаган ва у ёки бу масала юзасидан ўз аччиғини яширмаган, қайд этиш керакки, бу унча шарқона кўринмайди. Масалан, у телевидение орқали Ўш шаҳри аҳолиси Ўзбекистонга кириб, кўплаб буханка нон олиб чиқиб кетаётгани учун Қирғизистон ҳукуматига очиқ танбеҳ берган. Каримов Қирғизистон ўз валютаси бўлган сўмни жорий қилганига ҳам ўта танқидона муносабатда бўлган.

Россияга нисбатан сиёсий боадаблик фонида, Каримов 2005 йил мартидаги зарқалдоқ инқилобига нисбатан ҳам кескин баҳо бериб, Ақаев ҳокимиятининг кучсизлигини урғулаган. Кейин Ўш шаҳрида террорчилик гуруҳлари тайёрлангани ҳақида яна “шарқона бўлмаган” сўзларни айтган.

Шуларга қарамай, 2006 йилнинг тўртинчи октябрь куни Қирғизистон президенти Қ. Бакиевнинг Ўзбекистонга расмий сафари бўлиб ўтди.

Агар дипломатик қабул маросимига тўлалигича риоя қилинмаганида Каримов Каримов бўлмасди. Жуда кам куладиган Ислом Абдуғаниевичнинг табассуми, мадҳиялар, байроқлар, маҳкам қўл сиқишлар, фаҳрий қоровул, кўҳна Самарқандга сафар...

Бу ташриф аввал-бошданоқ жамоатчиликнинг диққат-эътиборида турганди: ҳаммани Бакиев тимсолидаги Қирғизистон томон қўшни мамлакатга бўлажак ташрифга нақадар пухта ҳозирлангани ва бу учрашув натижаларининг қандай бўлиши қизиқтирарди.

Афсуски, бу масалалар қандай очиқ бўлган бўлса, шундайлигича қолди. Бу ҳам камлик қилгандай, бунга “нима учун ташриф ҳақидаги ахборот уч кунга кечиккан”лиги тўғрисидаги учинчи масала ҳам қўшилди. Тўртинчи октябрь куни Қирғизистон давлат канали (ҚТР) нима сабабдандир Қ. Бакиевнинг Ўзбекистонга ташрифини ёритмади, Фарғона водийси аҳли икки президент учрашувини Ўзбекистон телеканаллари орқали кўришга муваффақ бўлдилар. Ташриф натижалари, ўйлашимизча, уларнинг ҳафсалаларини пир қилди: ҳудудий масалалар бўйича аниқ-тиниқ жавоб бўлмади, Қирғизистон аҳолисини газ билан таъминлаш масаласи ҳам очиқ қолди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон президентининг дипломатик мактаби Қирғизистонникидан бир поғона баланд бўлди: Каримов музокаралар олиб борди, Бакиев эса матбуот котиби ролини бажараётгандай, Каримовнинг сўзларини такрорлаб ва уни изоҳлашга ҳаракат қилиб, ўзини ўйин майдонидаги эргашувчидай тутди. Бундан Бакиев ушбу музокараларга етарли даражада тайёр эмас экан, дегандай таассурот қолди.

Эътиборга сазовор жойи шундаки, журналистлар билан бўлган учрашув чоғида Ислом Каримов Андижон воқеалари мавзусига тўхталар экан, уларни бир нафасга Қирғизистон билан боғлаб, “бунда сизларнинг ҳам айбингиз бор”, дегандай қилди. Фикр алмашиш чоғида эса Ўзбекистон президенти уч марта “Қўшниларни танламайдилар” иборасини ишлатиб, буни ҳасрат билан айтаётгандай ҳис уйғотди.

Бакиевнинг нутқи эса яна бир марта Қирғизистон президентининг сўз билан “дўст эмас”лигини билдирди. Одатда, катта сиёсат одамлари, айниқса президентлар, ҳеч қачон қовун туширмасликка ҳаракат қиладилар. Қурмонбек Бакиев эса бундай қилмади. Тошкентдаги матбуот анжумани чоғида у: “Мен бу ерга чиқа туриб, йўл-йўлакай ўз нутқимни ўқимасликка қарор қилдим”, деди. Кечирасиз, ахир президентлар йўл-йўлакай қарор ола биладиларми? Бакиевнинг нутқи Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг иккитомонлама алоқаларидаги аҳволни акс эттириши ва нима бўлганда ҳам, ўзаро муносабатлар ҳақидаги ахборотни у ўқиб эшиттириши лозим эди

Шунга қарамай, матбуот анжумани чоғида Қурмонбек Бакиев ўз салафини танқид қилди, бу иш катта дипломатияда, ҳеч қайси мамлакатда ва ўзини ҳурмат қилган ҳеч бир президент томонидан мутлақо қилинмайди. Бакиевнинг ўзбек тилида гапиришга уриниши ҳам муваффақиятли бўлмади: тилни маиший даражада билгани ҳолда, адабий бўлмаган услубда гапириш президентга ярашмайди.

Бакиевнинг мулозимлари ҳам яна бир таажжубга сабаб бўлди. Қизиқ, Қирғизистон делегациясининг таркиби нималарни ҳисобга олиб танланган экан? Нима учун унга Қирғизистон Бош прокурори Қўнғантиев киритилган экан? Нима учун делегацияга чегара масканлари ва чегаралар муаммолари билан ҳар куни шуғулланаётган Фарғона водийси губернаторларидан бирортаси ҳам киритилмади? Нима учун унда жанубий минтақанинг эътиборли кишилари йўқ эди? Нима учун, нимага...

Пировардида бу учрашув Қирғизистон ва Ўзбекистон аҳолисига, хусусан, Фарғона водийси аҳлига нима берди? Олтмиш кунлик визасиз тартибними, чегара масканларидан ҳақорат ва қўрқувсиз эркин ўтиш имкониятиними, аввалгидек бир-бировга дўстлик ва ҳамдардлик ҳиссиними? Қанийди шундай бўлса. Аммо, қўшни мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг қандай бўлишидан қатъий назар, бу қарор қонун билан нақадар мустаҳкамланиши-ю унинг нақадар оғишмай бажарилиши маълум эмас. Ахир чегаралар фақат одамларнигина эмас, энг аввало, расмийларни боғлаб турувчи алоҳида ҳудуд бўлиб ҳисобланади-да.

Ҳозирча эса Фарғона, қай бир маънода, сиёсатчилар қўлида тутқун бўлиб қолаяпти ва ўз уйғонишини кутаяпти. Худди ўшлик юртдошимиз Мирзакалон Исмоилийнинг машҳур романи “Фарғона тонг отгунча”да тасвирлангани каби.



 

Реклама