23:26 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги Америка ноҳукумат ташкилотлари судлашишда давом этмоқдалар ва ҳатто баъзан маҳкамада ютиб чиқаяптилар

09.10.2006 16:20 msk

Ўз ахб.

Ақл бовар қилмайдиган иш содир бўлди: ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги Америка ноҳукумат ташкилотлари ваколатхоналаридан бирданига иккитаси - «Cooperative Housing Foundation International» ва «Mercy Corps» ваколатхоналари маҳкама жараёнларини ютиб олганлар. Ҳар икки ҳолда ҳам судлар айблов ёнини эмас, ҳимоя ёнини олганлар. Республикада ноҳукумат ташкилотларини битириш кампанияси жуда авж олган бир пайтда ҳамда ўзбек адлиясининг айбловчилик характерини ҳисобга олинса (оқлов ҳукмлари бу ерда жуда кам чиқарилади), бу икки маротаба ҳайрон қоларли иш бўлиб чиқади.

Шунга қарамай, 3 октябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди коллегияси «CHF International» ваколатхонаси ва унинг собиқ икки собиқ ходими - Ибодулло Бобонов ва Улуғбек Баҳриддинов ўртасидаги ишни апелляцион тартибда кўриб чиқиб, Мирзо Улуғбек туман судининг шу йил 18 июль кунги қарорини ўз кучида қолдирган ҳолда даъвогарларнинг (И. Бобонов ва У. Баҳриддинов) апелляцион аризаларини рад этган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида «CHF International» Қаршидаги офисининг икки ходими 2004 йилдан буён ғайринормал иш куни шароитида ишлаганлари, меҳнат таътилига чиқмаганлари, 2006 йилнинг апрелида эса ноқонуний равишда ишдан бўшатилганларини таъкидлашиб, бу ташкилотни судга бергандилар. Ўзларининг собиқ раҳбариятини фош қилароқ И. Бобонов ва У. Баҳриддиновлар уларга ойлик маош қонунчиликни бузган ҳолда маҳаллий валютада, сўмда эмас, ҳорижий валютада нақд берилганлигини билдирганлар.

«CHF International» собиқ ходимлари чекилган изтироблар учун бадал ўлароқ уларни ўз лавозимларига тиклаш ҳамда кўрилган маънавий ва моддий зарарни ундириб беришни талаб қилганлар. Аммо улар барибир ўз эътирозларининг адолатли эканини асослай олмаганлар, шу сабабдан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди уларни талабларини қондирмаган. И. Бобонов ва У. Баҳриддинов Тошкент шаҳар суди коллегияси қароридан ҳам рози бўлмаганлар, чунки ўз апелляцион шикоятларини кўриб чиқилиши ҳақида улар огоҳлантирилмаганлар ва суд уларнинг иштирокисиз бўлиб ўтган. Ҳозир улар навбатдаги апелляцион аризани беришга ҳозирлик кўраяптилар.

Эслатиб ўтамиз, «Cooperative Housing Foundation International» Жоржия штатида штаб-квартирасига эга бўлган Америка ноҳукумат ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

Низомда кўрсатилган вазифалар “яхши турар-жой ва яхши жамият қуришда бутун дунёдаги оилаларга ёрдам бериш” бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистонда «CHF International» 2002 йилдан буён фаолият юритади, бу ерда у адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган ваколатхонасига эга.

Кичкина бўлса-да, ғалабага эришган яна бир Америка ноҳукумат ташкилоти «Mercy Corps» (Меҳрибонлик корпуси) дир. Тошкент шаҳар суди «Mercy Corps» ваколатхонаси томонидан нақдина ақчани яширганлик тўғрисидаги иш материалларини кўриб чиққач, пойтахтнинг Яккасарой туман солиқ назоратининг мазкур ННТ ваколатхонасига нисбатан жарима санкциялари қўллаш ҳақидаги даъво аризасини қабул қилишни рад этган.

Солиқчиларнинг эътирозларига мувофиқ, 2005 йилда «Mercy Corps» ваколатхонаси томонидан микрокредитлар бериш дастурининг амалга оширилиши чоғида тақрибан 557 минг долларлик нақд пул яширилган. Давлат Солиқ комитетидаги манба “узоқ вақт мобайнида берилган кредитларни қайтариш ва фоизлар тўлаш шаклида олинган нақд ақча амалдаги қонунчиликка зид равишда хизмат кўрсатувчи банкка қўйилмасдан, бевосита «Mercy Corps»нинг Андижон, Фарғона, Қўқон ва бошқа шаҳарлардаги тузилмавий бўлинмаларида сақланган”лигини маълум қилган.

Қизиғи шундаки, маҳкама тингловлари бошланиши олдидан Минтақавий сиёсат жамғармасининг ҳукуматни ёқловчи таниқли эксперти Улуғбек Муҳаммадиев «Mercy Corps»нинг Ўзбекистондаги ишини энг қора рангларда чизиб берганди. “Унинг фаолияти бу ташкилот мақомига ва у томонидан ўтказилаётган хайрия фаолиятига зид келади”, дея билдирганди у.

У. Муҳаммадиевни Ўзбекитондаги ҳорижий ННТ ваколатхоналари учун ўзига хос “ўлим даракчиси” дея ҳисоблаш мумкин. Одатда, у навбатдаги ҳорижий ноҳукумат ташкилотининг ёпилиши лозимлигини асослайди, шундан сўнг уни ҳақиқатан ҳам ёпадилар. Бу сафар У. Муҳаммадиев «Mercy Corps» фаолияти ҳақида гапирганди. Унга кўра, айрим маҳалла комитетлари ва маҳаллий ННТ раҳбарлари «Mercy Corps» вакиллари улар билан бўлган суҳбатда Қирғизистон халқининг мамлакат собиқ раҳбариятига нисбатан норозилик тадбирлари ҳақида ниқобланган шаклда маҳаллий аҳоли фикрини ўрганганларини гапириб берганлар. Дейлик, ваколатхона вакиллари Жон Стрикленд ва Керри Орурк маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини ўрганиш баҳонасида қўшни Қирғизистонда содир бўлаётган сиёсий жараёнларга катта қизиқиш изҳор этганлар.

Шунга қарамай, Тошкент шаҳар суди «Mercy Corps» ваколатхонаси фойдасига ҳукм чиқарди. Афтидан, ташкилот ваколатхонаси солиқ органларини эътирозларини асоссизлигини исботлай олган ва суд текширувининг биринчи босқичини ютиб олишга муваффақ бўлган. Умуман олганда, шавкатли солиқчилар ҳам таслим бўлиш ниятида эмаслар ва яқин орада Тошкент шаҳар суди қарори юзасидан шикоят қилмоқчилар.

Эслатиб ўтамиз, «Mercy Corps» (Меҳрибонлик корпуси) Американинг ЮСАИД ва ЕСНО (Humanitarian Aid Office) томонидан молиялаштирилувчи ноҳукумат ташкилотидир. Низомда кўрсатилган мақсадларга мувофиқ ташкилот Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги чегараолди маҳаллаларида инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш билан шуғулланади. 2003 йилнинг июнь ойида ташкилот ваколатхонаси Ўзбекистон ТИВда аккредитация олган, 2004 йилнинг мартида эса республика Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган. Икки ҳорижий ННТнинг ҳақлиги тан олинганлигига қарамай, бунда қандайдир туб бурилишни кўриш керак эмас: Ўзбекистон Фемидаси мутлақо мустақил эмас ва ҳокимият унга нимани буюрса, ана шундай иш тутади. Шу сабабли тахмин этиш мумкинки, ё мазкур ННТ “ичак-чавоғини ағдариб ташлаш”га бошданоқ кўрсатма бўлмаган, ёки айбловлар шунчалик ножўя бўлганки, уларни ҳатто дунёдаги “энг адолатли” суд ҳам эътиборга олишни истамаган.