12:42 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Барнаулдаги меҳнат муҳожирларининг аксарияти ўзбеклардир

09.10.2006 15:37 msk

Юлия Гужвенко

Арбузы на рынках Барнаула. Фото ИА Фергана.Ру
Барнаул бозоридаги тарвузлар. Фарғона.Ру АА фотоси

Россия Федерацияси субъекти бўлган Олтой ўлкаси Қозоғистон билан чегарадош бўлиб, Евросиёнинг турк-ислом ва славян-христиан анклавлари ўртасидаги ўзига хос маданий-цивилизацион чегара ҳам бўлиб ҳисобланади. Бу қўшничиликка қарамай, Марказий Осиёдан келадиган кишилар Олтой ўлкасига пул топиш учун келишга ёки у ерга кўчиб ўтишга ошиқмаяптилар. Бунга изоҳ топиш қийин эмас. Ўлка дотацион ҳудуд деб топилган ва бу ердаги турмуш даражаси, Россиянинг бошқа ҳудудлари билан солиштирганда, юқори эмас. Шу сабабли Марказий Осиё ва Қозоғистон меҳнат муҳожироти ўлка ижтимоий ва социал ҳаётида жуда сезиларли воқеа бўлиб ҳисобланмайди.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон истисодий ва социал тараққиёти кейинги ўн йилликларда Қозоғистондан анча ортда қолган. Бу давлатлар фуқаролари учун фақирликдан қутилиш йўли Россия ҳудудига меҳнат муҳожири бўлиб боришга айланган. Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган меҳнат муҳожирларининг асосий қисми ҳамюртларнинг катта жамоатлари шаклланган ва пул топиш эҳтимоли бор Москва, Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа катта шаҳарларига йўналганлар. Аммо Олтой ўлкасининг асосий шаҳри – Барнаул каби Россиянинг чегара шаҳарлари ҳам барибир Марказий Осиёдан маълум миқдорда меҳнат муҳожирларини қабул қилади.

Маълумот учун: 2006 йилнинг биринчи кварталида Москвадаги ўртача расмий ойлик миқдори 24 минг рублни (тақрибан $900) ташкил этган – бу бутун Россия Федерациясидаги ўртача иш ҳақидан икки баробар кўпдир. Россиядаги ўртача маош қарийб 10 минг рублни ташкил қилгани ҳолда, Олтой ўлкасида бу кўрсаткич аранг 6 минг рублга етган. Олтой ўлкасидаги ойлик даражаси бутун Сибирь минтақасидаги энг паст даражадир.

Бизнинг кузатишларимиз бўйича Барнаулдаги меҳнат муҳожирларининг аксарияти ўзбеклардир. Агар Ўзбекистондан келувчилар умумий вектори ҳақида гапириладиган бўлса, ҳозирги пайтда ўзбекистонлик гастарбайтерлар Қозоғистондаги иш ўринларига тобора фаолроқ “ҳужум қилаётибдилар”. Таҳлилчилар Қозоғистонга “сариқ” хавф билан бирга ўзбек хавфи ҳам таҳдид солаяпти, деб ҳисоблайдилар. Бу хавф Ўзбекистон доимий равишда ўсиб бораётган аҳолини эплай олмаётгани билан боғлиқдир. Қозоғистонга пул топишга чиқишдан ташқари ўзбеклар Россияга ҳам жўнамоқдалар.

Муҳожирлар билан суҳбатлашиб кўргач, ўзбеклар Барнаулга, асосан, Фарғона водийсидан, айнан эса Фарғона ва Анжидондан келишларини аниқлаб олиш мумкин. Маълумки, Фарғона водийси ҳар қачон Ўзбекистоннигина эмас, собиқ Совет Иттифоқининг ҳам энг аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудуди бўлиб келган. Сўралган ўзбеклар республика ичидаги ачинарли ҳолатдан шикоят қилмайдилар; уларнинг қарийб ҳаммаси ўзларининг пул топишга келишлари сабабини ўз шаҳарларидан одам кўпайиб кетгани ва ишга жойлашишнинг имкони йўқлиги билан изоҳлайдилар.

Ўзбекча ошхона

Ўзбек муҳожирлари жалб қилинадиган жабҳалардан бири умумий овқатланиш корхоналаридаги ишдир. Ҳозирги пайтда Барнаулда бир неча ўзбек ошхоналари фаолият кўрсатиб, улар нархларининг пастлиги, экзотик ва тўйимли овқатлари билан ажралиб турадилар. Ўзбек чойхонаси Россия еридаги муваққат муҳожирларни бирлаштирувчи ҳамюртлар йиғиладиган жой бўлиб ҳисобланади.

Бундай жойларни ўзбек маданияти ўчоқлари дейиш мумкин. Бу каби ошхоналар шаҳарда саккизтача, бу ўзбек ошхонасига аҳолида талаб катталигини билдиради. Бунинг устига ошхона эгалари кечалари шарқ мусиқасини қўйиб, рақслар уюштириб турадилар.

Барнаулдаги ўзбек ошхоналаридан бирида бош ошпаз билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг ўзбек ошхоналарининг хўжайинлари ва бош ошпази яхши таниш эканлари маълум бўлди.

Азим Фарғона водийсида жойлашган Марғилон шаҳридан келган ошпаздир. У Россияга пуб топиш учун иккинчи марата келаяпти. Бу йил Барнаулда февраль ойидан буён ишлаяпти, декабрь ойигача ишламоқчи. “Нега пул ишлаш учун айнан ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан унча ривожланмаган Барнаулни танладингиз?” деган саволга Азим “бу ерга мени таниш ўзбеклар чақирдилар, масалан, Москвада менинг бундай танишларим йўқ”, дея жавоб берди.

Азим – малакали ошпаз, ватанда унинг ўз қандолатчилик дўкони бор. Шу билан бирга у тўрт фарзанднинг отаси ҳамдир. Аввалги сафари шарофати билан у қизини турмушга узатиб олган ва унга уй олиб берган. Ўзининг Россияда ишлашга иштиёқини уддабурон ошпаз болаларини оёққа қўйиш билан изоҳлайди. Бу галги сафардан кейин Азим ўғиллари ва уларнинг учун оилалари учун яхши уй қуриб бермоқчи ва ҳар қандай ўзбек каби ўғиллари уни қариганда боқишларига умид қилади. Россия Азимга ёқади, яна бир марта келишга ҳам қарши эмас.

«Шарқ бозори»

Марказий Осиёдан келганларнинг катта қисми Барнаулда 90-йиллардаёқ барпо қилинган бозорларда меҳнат қиладилар. У ерда мева ва сабзавотлар сотилади. Савдогар ўзбеклар учун “қайноқ” давр дастлабки мева ва сабзавотлар келган май-июнь ойларидан бошланиб кеч кузда тугайди. Ҳозирги пайтда шаҳарда иккита йирик бозор бўлиб, улардан бири “Шарқ бозори” деб номланади. Бозорлар фақат ёздагина эмас, қишда ҳам ишлайдилар.

Бозорлардаги савдогарларнинг кўпчилигини фарғоналиклар, андижонликлар ва Фарғона водийсининг бошқа ерларидан бўлган кишилар ташкил этадилар. Бозорда тожиклар деярли йўқ, қирғизлар ҳам учрамайдилар. Балки бу ўзбек тадбиркорларининг меваларни Қирғизистон, Қозоғистондан сотиб олиб, Россияга етказишлари билан боғлиқдир. Деярли бутун савдо-сотиқ ўзбек тадбиркорларининг қўлларига ўтиб қолган.

Савдогарлар ўз фаолиятларини кўз-кўз қилишга уринмайдилар. Яшаш шароитидан нолимайдилар, суҳбат бошиданоқ муҳожирлар ижара хонадонларда яшашлари ва рўйхатдан ўтганларини қайд этадилар.

Қурилиш десанти

Олтой ўлкасидаги осиёлик ишчиларнинг учинчи командаси бу ўзбек ва тожик қурилиш бригадаларидир. Барнаул Россиянинг тез қурилаётган шаҳарларидан биридир, аммо йирик турар-жой объектларида муҳожирлар меҳнатидан деярли фойдаланилмайди. Олтой ўлкаси ИИБ қошидаги Муҳожирлик хизматида бизга тушунтиришларича, Осиё бригадалари “яширин фаолият”га ўтиб кетганлар. Бу ҳорижий ишчи кучидан фойдаланишга расмий рухсатномаси бўлмаган иш берувчиларга нисбатан қўлланилган қатор жарима санкцияларидан кейин содир бўлган.

Барнаул кўчаларидан бирида мен мардикорчилик қилаётган ўзбек ишчилари бригадаси билан гаплашиб қолдим. Бригада саккиз кишидан иборат бўлиб, мазкур объектда уч киши ишларкан. Бригадир Миркомил ўз ўғли Сардор билан ишлар экан. Улар Андижондан келишибди. Миркомил рус тилида ҳайрон қоларли даражада тоза гапирар экан. Ота ва ўғил Андижонда ишчи ўринлари етишмаганлиги сабабли Россияга келибдилар. Улар Барнаулга йўлкира учун кўп ҳаражат талаб қилмагани учун келибдилар.

Сардор Россияда уларнинг ҳеч қандай муаммолари йўқлигини, улар қонуний равишда ишлаётганларини, рўйхатдан ўтганларини ва умуман олганда, ҳаммаси кўнгилдагидек эканини бир неча бор такрорлади. Топган пуллари етарли экан, совуқ тушгунча қолмоқчи эмас эканлар, яқинда кетарканлар.

Андижонликлар, гарчи маҳаллий қурилиш бригадалари нонини тортиб олаётганларини тушунсалар-да, ўзларига нисбатан салбий муносабатни сезмаганлар. Аммо улар: “Ҳеч қиси йўқ, биз фақат ёзда ишлаш учунгина келдик, яқинда кетамиз ва ҳеч кимга ҳалақит бермаймиз”.

Шуниси қизиқки, ўзбеклар асосан савдо-сотиқ билан кун кечирадилар. Улар ўзларини, масалан, қозоқлар, татарлар ва бошқалар каби ижтимоий гуруҳ сифатида кўрсатишга уринмайдилар. Гарчи жамоат раҳбари бўлса-да, ўзбеклар шаҳарда ўтказиладиган Этник гуруҳлар маданият кунида ўз этник гуруҳини тақдим қилмайдилар, расмий мақом учун курашмайдилар. Улар 2003 йилда Барнаул “Ата Мура” қозоқ маданий маркази” жамоатчилик ташкилотини рўйхатдан ўтказган қозоқлардан фарқли равишда ижтимоий ҳаёт билан яшамайдилар.

Қозоқлар ва ўзбекларни бу ерда жипс жамоат ташкил этганлар деб айтиб бўлмайди. Ўзбеклар умумий овқатланиш, савдо-сотиқ, қурилиш жабҳаларида ишлаганлари учун уларнинг манфаатлари кесишмайди. Улар Россия жамияти ҳаётидан бироз узилган тарзда яшайдилар, чунки Барнаулда бўлиш кўпчилик учун вақтинчалик пул топиш вақти, холос. Қозоқлар эса, аксинча, Россия жамиятига киришиб кетганлар, уларнинг кўпчилиги бу ерларга совет давридаёқ келиб ўрнашганлар ва улар гастарбайтер эмаслар. Ўртача қозоқнинг ҳаёти ҳам руснинг ҳаётидан кам фарқ қилади.

* * *

Юлия Гужвенко Барнаул давлат педагогика университетида ишлайди, «Россия ва Шарқ» ўқув-тадқиқот лабораторияси ходими.