19:50 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон президенти Бакиевнинг Ватани тинчимаяпти, пойтахтда эса мухолифат унинг истеъфосини талаб қилмоқда

08.10.2006 17:50 msk

Адилет Алпамишев

Қирғизистон президентининг ватани бўлган Жалолобод яна осойишта эмас. Аниқроғи, осойишталик жалолободликларнинг анчадан бери тушларига ҳам кирмай қўйган. 5 октябрь куни мамлакат ахборот сайтлари бутун дунёга ҳуқуқ-тартибот органлари биносига навбатдаги маротаба ҳужум қилинганлиги ҳақида хабар тарқатдилар. Бу сафар олтмиш нафарга яқин пикетчилар гуруҳи вилоят прокуратураси ҳудудига бостириб кирганлар. Прокуратура биносида эшик синдирилиб, ойналар пачоқланган.

Воқеа жойига Жалолобод вилоят ИИБ махсус бўлинмаси зудлик билан етиб келган. Келган милиция ходимларининг сони пикетчилар миқдори билан тенг бўлган. Вазиятни ўз назорати остига олган ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари билан музокаралардан кейин пикетчилар прокуратура биносини тинчгина тарк этганлар, аммо навбатдаги ҳужум объекти солиқ полицияси биноси бўлишини билдирганлар.

Пикет в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги пикет. Фарғона.Ру АА фотоси
Мазкур норозилик намойиши иштирокчилари яқинда молиявий қонунбузарликларда айбланиб ҳибсга олинган Тошбулоқ қишлоқ маҳкамаси раҳбари Тойхўжа Ғиёсовни озод этишни талаб қилганлар. У ушбу лавозимга маҳаллий аҳоли томонидан бевосита сайловлар йўли билан бир йил муқаддам сайланганди. Бироқ унинг сайловдаги рақиби тарафдорлари ҳали ҳам Ғиёсовни ғалабасини тан олмаяптилар ва 5 октябрь куни Сузоқ туман суди унинг рақиби даъво аризасини кўриб чиқа бошлаши керак эди. Аммо Ғиёсов судга келмаган: бу пайтга келиб аллақачон у ҳибсга олинганди.

Пикетчиларнинг билдиришларича, вилоят прокуратураси биносига ҳужум қилинишига маҳаллий расмийларнинг мутлақо бефарқлиги сабаб бўлган. Вилоят прокуратурасидан сал нарида жойлашган вилоят маъмурияти биноси олдида уюштирилган пикет ҳам уларга ёрдам беролмаган.

Бу орада, Жалолобод вилоятида ерлар ва биноларни эгаллаб олиш билан боғлиқ вазият ҳеч нормаллаша олмаяпти. Ҳозирги пайтда “ақаевчи” собиқ бош вазир К. Жумалиевга қарашли товуқ фабрикаси мулк эгаллаб олувчиларнинг қўлларида турибди. Мулк эгаллаб олувчилар билан объектларнинг эгалари ўртасида зиддият чиқишини юзасидан ростмана хавф-хатар сақланиб қолаётганига қарамай, бу муаммо, мана бир неча ойдирки, ҳал бўлмай келмоқда.

Вилоят ўзбек жамоатчилиги лидери, депутат Қ. Ботиров ҳам ўз мол-мулкининг озод этилишига эришолмаяпти: мана бир неча ойдирки, депутатга қарашли 52 хонадонли турар-жой ва қурилиш ашёлари комбинати мулк эгаллаб олувчилар тасарруфида турибди. Бошқа бир объект – 8,5 гектарли ер участкаси юзасидан суд яқинда уни давлат қайтариш ҳақида қарор чиқарган, чунки, суднинг аниқланишича, мазкур участка Ботиров томонидан ноқонуний равишда сотиб олинган экан.

Пикет в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги пикет. Фарғона.Ру АА фотоси
Аснода эса, Ботиров тарафдорларининг билдиришларича, мулк эгаллаб олувчилар эгаллаб олинган ҳудудлардаги буюм ва жиҳозларни синдириб сотмоқда эканлар. Ўғирлик юзасидан мулк эгалари ҳуқуқ-тартибот органлари ва судга мурожаат қилганлар.

Депутат Ботиров парламент минбаридан туриб мамлакат раҳбарияти, бош прокурор ва ҳуқуқ-тартибот органлари мурожаат қилганига қарамай, масала ҳалигача ҳам ҳал этилмаяпти. Яқинда эса йигирмага яқин олчоқлардан иборат гуруҳ Ботировга тегишли хусусий университет биносига ҳужум қилган. Бино ойналари синдирилиб, икки қўриқчи калтакланган. Жалолобод мэри Д. Маметалиев ва вилоят маъмурияти вакиллари билан бўлган учрашувда эгаллаб олинган объектларнинг меҳнат жамоалари расмийларни, агар бу бемаъниликларга чек қўйилмас экан, улар радикал чоралар кўришга мажбур бўлишларини айтиб огоҳлантирганлар.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, муаммонинг илдизи янги ҳокимият тарафдорларининг Ақаев ҳокимиятига ҳайрихоҳ бўлган ёки собиқ президент тарафдори бўлган кишиларга қарашли мол-мулкни қайта тақсимлаш истагида ётади. Қирғизистон жанубидаги ҳуқуқ-тартибот органлари собиқ раҳбарларидан бирига кўра, ушбу мулк эгаллаб олиш тадбирларининг барчасида асосий роль ўйнаётган шахс мамлакатнинг амалдаги президенти укаларидан бири бўлиб ҳисобланади. “Вилоятда барча масалаларни президентнинг укаси ҳал қилади, губернатор эса вазиятга таъсир ўтказолмайди”, - деди аноним манбамиз президент Бакиев укасининг номини тилга олмаган ҳолда.

Эслатиб ўтамиз, “Фарғона.Ру” аввал ёзганидек, “Жалолобод вилоятини бошқараётган” президентнинг укаси исмини депатут Қодиржон Ботиров парламент минбаридан туриб айтганди. “Лица” газетасига берган интервьюсида эса депутат мамлакат президентининг укаси Ақмат Бакиевни вилоятда “ҳам губернатор, ҳам прокурор, ҳам хон” эканини очиқдан-очиқ билдирганди. Бироқ вилоят губернатори И. Айдаралиев “Фарғона.Ру”га берган интервьюсида вилоятни ўзи бошқараётганини билдирган. Шу билан бирга, у президентнинг укаси билан танишлигию у билан мулоқот қилишини инкор этмаган. Лекин улар нима ҳақда “мулоқот қилишлари” юзасидан губернатор ўз интервьюсида ҳеч нарса демаган.

Пикет в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги пикет. Фарғона.Ру АА фотоси
Айтиш керакки, шу вилоятдан депутат бўлиб сайланган парламентнинг собиқ спикери Ўмурбек Текебаев тарафдорларидан ташқари сайловчилардан ҳеч ким давлат раҳбарига норозилик изҳор қилаётгани йўқ. Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, агар вилоятда тартиб ўрнатилмайдиган бўлса, бунга тез орада келиш мумкин.

Қирғизистон ИИВдаги манбага кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари учун асосий муаммо бировнинг мол-мулкига ёки ерига даъвогарлик қилаётган мулк эгаллаб олувчиларнинг ўзлари бўлиб турибди. Мулк эгаллаб олувчиларга яқин атрофдаги қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси ҳам қарши чиқаяпти. Аҳоли билан мулк эгаллаб олувчилар ўртасида айни пайтгача тўқнашув ҳоллари ҳам бўлиб ўтган. Яъни, етилиб келаётган зиддият иштирокчилари тахмин қилинаётганидан кўпроқ бўлиб чиқиши мумкин.

Иккинчи октябрь куни, Қурмонбек Бакиевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи арафасида, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати шу йил иккинчи ноябридан бошлаб президент Қ. Бакиев ва бош вазир Ф. Қулов истеъфосини талаб қилиб муддатсиз митинг бошлашга қарор қилгани ҳақида баёнот билан чиққанди. Митинг ташкилотчилари орасида ҳозирги ҳокимиятдан ҳаммадан кўра кўпроқ жабр тортаётган депутат Қ. Ботиров йўқ. Бўлажак тадбир ташкилотчиларидан бири, депутат М. Эшимқанов Бишкекда чиқадиган нашрлардан бирига “Ботиров мухолифатга кирмайди ва у ўз ҳолича курашмоқда”, дея билдирган. Митинг иштирокчилари орасида Жалолободдан сайланган яна бир депутат – бундан бир йил аввал президент Қ. Бакиевга нисбатан мухолифат ўтишини билдирган Д. Садирбаев ҳам йўқ.

Шунга мувофиқ тарзда ушбу депутатларнинг сайловчилари ҳам жимлар. Мазкур депутатлар ва уларнинг тарафдорлари эртага ўзларини қандай тутишларини башорат қилиш қийин. Аммо, афтидан, ўзлари сайлаган депутатларнинг позицияларидан қатъий назар, жойлардаги одамлар ўз юртдошлари президент Бакиевга нисбатан алоҳида меҳр-муҳаббат ҳис қилмай қўйганлар. Бу ҳақда вилоят маъмурият биноси олдида қарийб ҳар куни пикетлар ва бошқа норозилик намойишлари давом этаётгани тўғрисида мамлакат сайтларида ёйинланаётган хабарлар гувоҳлик беради.

Шу кунларда 24.kg йил бошидан буён Қирғизистонда беш юзга яқин рухсат этилмаган митинг ва пикетлар қайд этилганини хабар қилди. Яъни, мамлакатда ҳар куни иккитадан норозилик намойиши бўлиб ўтаётган экан. Агентликнинг хабар қилишича, улар асосан Қирғизистон пойтахти – Бишкекда бўлиб ўтган, вилоят марказлари ичида эса ўтган йили март воқеалари бошланган Жалолобод пешқадамлик қилмоқда. Бу норозилик намойишлари нима билан тугаганини эса эндиликда бутун дунё билади.