12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аравон қоятошларида кўҳна Фарғонанинг афсонавор “учар от”лари мангу муҳрланган

06.10.2006 16:40 msk

Андрей Кудряшов (Ўш)

© Фарғона.Ру АА фотоси

Наскальные изображения араванских «небесных» коней. Фото ИА Фергана.Ру
Аравон “учар” отларининг қоятошдаги тасвири. Фарғона.Ру АА фотоси
Қирғизистон жанубий пойтахти Ўш шаҳрининг ёнгинасида бўлган Аравон қишлоғи Фарғона водийсининг донгдор “учар отлар”и аксланган қоятошдаги расмлар билан машҳур.

Қадимги Хитой солномаларидан маълум бўлишича, Хунн кўчманчи жанговар қабилалари билан курашда Тан империясига зарур бўлган бу отлар учун насроний эрасидан аввалги II-I асрларда Сирдарёнинг юқори қисмини эгаллаган Давон давлатига Осмоности мамлакатидан бир неча ҳарбий экспедициялар уюштирилган.

Аравондан унча узоқ бўлмаган Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги қадимий шаҳар вайронларини айрим тадқиқотчилар (масалан, академик А.Н.Бернштам) Давон пойтахтларидан бирининг қолдиқларидир, деб ҳисоблайдилар. Чеккадаги тоғлар қоятошларида афсонавор “учар отлар” тавсифига тўла мувофиқ келадиган шаклдаги уй ҳайвонлари тасвири кўплаб учрайди.

Горы на западе Ферганской долины. Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона водийси ғарбидаги тоғлар. Фарғона.Ру АА фотоси
Бундай петроглифларни Ўш шаҳри ўртасида қад ростлаган Сулаймон тоғ тошларида, Боткен яқинидаги Сурети ва Қорасув яқинидаги Сураттош қоясида ҳам учратиш мумкин. Аммо Аравондаги қоятошда акс этган бия ва тойчоқ тасвири сизни лол қолдиради. Отлар шамоили тошда қарийб аслий ҳажмда ўйиб чиқилган ва минг йиллардан бери ёрқинлигини йўқотмаган сарғиш қизил рангли модда билан бўялган.

Отлар расмлари ёнида осилиб турган қоятошда қуш тумшуқли эчки ёки кийиклар шамойилини, шунингдек, камон отаётган овчи шаклини кўриш мумкин. У ерда тақалар ёки Рун алифбоси ҳарфларини эслатувчи мавҳум тасвирлар ҳам мавжуд. Қадимги соқ қабилалари учун типик бўлган бу петроглифлар моддий маданият бу ерларда ҳам тарқалгани ҳақида гувоҳлик беради.

Кўпинча тарихий ҳодисалар билан боғланувчи ажойиб табиат манзараси кейинчалик зиёратчилар келадиган қадамжога айланган. Аравонда бундай жой Дулдул Ота деб аталади ва ҳойнаҳой, у Ҳазрат Али культи билан боғлиқ бўлса керак.