06:26 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

ЕХҲТ раиси Димитрий Рупел: “Ҳозиргача Ислом Каримов билан тил топиша олмадик”

15.07.2005 15:32 msk

Независимая газета, Нелли Орлова

ЕХҲТ РАНГЛИ ИНҚИЛОБЛАРНИ УЮШТИРИШ БИЛАН ШУҒУЛЛАНМАЙДИ

ЕХҲТнинг амалдаги раиси Димитрий Рупел “НГ”га берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги вазиятни шарҳлади ҳамда МДҲдаги тузумларнинг ўзгартирилишида ташкилотга қўйилаётган айбловларга раддия берди. Димитрий Рупел кеча Москвада Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров билан ЕХҲТ ислоҳотлари ва МДҲдаги вазият юзасидан музокаралар олиб борди.

- Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 13 майдаги Андижон воқеалари халқаро тергов қилиниши кераклиги тўғрисидаги талабни рад этмоқда. У терговни мониторинг қилиш учун Россия, Эрон ва бошқа қўшни давлатларни таклиф қилмоқда. ЕХҲТ ўз терговини ўтказдими?

- ЕХҲТ кузатувчиларига Сиз эслаб ўтган воқеаларни тергов қилиш рухсати берилмаганини яхши биласиз. Лекин бўлиб ўтган воқеа гувоҳлари ҳисобланган бир гуруҳ қочоқлар Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош туманларига ўтишга муваффақ бўлганлар. ЕХҲТ кузатувчилари улар билан тиғиз ҳамкорлик қилмоқда, бизда уларнинг гувоҳлигига асосланган тайёр материаллар бор. Бироқ, Ўзбекистон ҳудудида тергов ўтказгани маҳаллий ҳокимият рухсат бермади. Мен нима учун руҳсат берилмаганига ҳайронман, ахир Ўзбекистон ҳам ЕХҲТ аъзоси ҳисобланади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ташкилотнинг барча аъзолари бир оила ҳисобланади. Мен бу мамлакат нега бунчалик одамовилигига ҳайронман. Бу давлат фақат бизга эмас, БМТ, Европа Иттифоқи ва бошқалар учун ҳам ёпиқ. Бошқа мамлакатлар билан эса алоқаларимиз мутлақо бошқача: мен исталган пайтда Кондолиза Райс ва Сергей Лавровларга қўнғироқ қилиб, бизни қизиқтирган масалани ҳал қилишим мумкин. Бироқ Ўзбекистонга келганда, мен нафақат президент Каримов билан, балки ҳамкасбим - мамлакат Ташқи Ишлар вазири Элёр Ғаниев билан ҳам тўғридан тўғри мулоқотда бўла олмайман. Шу йилнинг март ойида Ислом Каримовнинг ўзи Словенияга келган ва у азиз меҳмон қатори кутиб олинган эди. Лекин шу вақтгача у билан тил топиша олмадик. Мен бундан чин дилдан афсус чекаман.

- Қирғизистонда ўтган президентлик сайловларида сайловчиларнинг фаоллиги тўғрисида тарқатилган хабар, кўплаган мутахассисларга кўра, ҳақиқатга унча тўғри келмайди. Бўлиб ўтган сайлов етарли даражада демократик бўлдими ёки ЕХҲТ кузатувчилари бир қатор қонунбузарликларни кузатдиларми?

- Қирғизистонда сайловлар ўтганининг ўзи олға ташланган бир қадамдир. Мен, Қурманбек Бакиев ғалаба қилади, деб ишонардим. Негаки, у Феликс Қулов билан кучларини бирлаштирди. Улар мамлакатнинг икки ҳудуди - жануб ва шимол вакиллари эдилар. Уларнинг бирлашуви Қирғизистоннинг жануб ва шимолида яшовчи аҳоли ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган келишмовчиликларнинг олдини олди. Бакиев ва Қулов бирлашуви мавжуд вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли бўлди.

- Қирғизистон янги раҳбарияти билан бундан кейин қандай тарзда ишламоқчисизлар? Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи қадамлар қандай бўлади?

- ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам иш олиб борувчи катта халқаро ташкилотдир. Биз бу йўналишни Қирғизистонда фаол тарзда олиб бормоқдамиз. Семинарлар ўтказмоқдамиз, анжуманлар уюштирмоқдамиз. Бироқ бизнинг фаолиятимиз маърифий йўналишга ва тавсия характерга эга. Биз мамлакат ичидаги вазиятга тўғридан - тўғри таъсир ўтказа олмаймиз.

- Қозоғистонда мухолифат партиялари ёпилмоқда, Миллий Хавфсизлик Қўмитаси мухолифат сиёсатчиларини ва мухолифат оммавий ахборот воситаларини судга бермоқда, мустақил оммавий ахборот воситалари қолмади, ҳисоб. Бундай вазият Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилишига қандай таъсир кўрсатади? Уларнинг имкони қай даражада?

- Қозоғистон ЕХҲТ аъзоси ҳисобланади ва алоҳида ўринга эга. Шунинг учун, ташкилотнинг бошқа аъзолари қатори раислик қилишга ҳақлидир. Бироқ, сиз таъкидлаб ўтган барча муаммоларни унинг ўзи ҳал қилиши керак. Қозоғистон ЕХҲТ аъзоси қатори раислик қилиши учун ташкилот қонунлари билан ҳисоблашишга мажбур. Менинг шахсий фикримга келсак, Қозоғистоннинг имкониятлари катта ва у Марказий Осиё мамлакатлари учун намуна бўлиши мумкин, деб ўйлайман.

- Сўнги пайтларда ЕХҲТ постсовет мамлакатларида рангли инқилобларга қаршилик қилмаётганликда ва ҳатто инқилобчилар билан алоқалар ўрнатаётганликда айбланмоқда. Сиз бу айбловларга қандай муносабат билдирасиз?

- ЕХҲТ рангли инқилобларни уюштириш билан шуғулланмайди. Бизнинг номимизга айтилаётган барча айбловлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Рангли инқилобни хориждан туриб уюштириш мумкин, деган фикрлар бор. Бироқ, менинг нуқтаи назаримча, бу хато фикр. Инқилоб мамлакат ичида етилади ва ташқи таъсир оқибатида амалга оширилмайди.