12:39 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жиззахлик журналист Улуғбек Хайдаров олти йилга озодликдан маҳрум этилди

05.10.2006 21:05 msk

Ўз ахб.

Журналист Улугбек Хайдаров. Фото с сайта Uznews.Net
Журналист Улуғбек Хайдаров. Uznews.Net сайтидан олинган сурат
Бугун, 5 октябрь куни жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Улуғбек Ҳайдаров устидан икки кунлик маҳкама жараёни ниҳоясига етди.

Улуғбек Хайдаров Жиззах шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг товламачилик учун жазолашни кўзда тутувчи 165-моддаси бўйича айбдор деб тан олиниб, олти йилга озодликдан маҳрум этилган.

Маҳкама жараёнидаги энг асосий кутилмаганлик айбловнинг барча гувоҳлари ўз кўрсатмаларидан бош тортганлари бўлган. Жумладан, тергов маълумотларига кўра Ҳайдаровга 400 АҚШ доллари миқдорида пул берган ва журналистнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган асосий гувоҳ Раҳима Абдуллаева ҳам ўз кўрсатмаларидан бош тортган. У судда Ҳайдаров айбсизлигини билдириб, ҳакам Шуҳрат Худойбердиевдан журналистга нисбатан чиқарилажак ҳукмни имкон қадар юмшатишни илтимос қилган. Шунга қарамай, прокурор ўзининг якуний сўзида Улуғбек Ҳайдаровни саккиз йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари суд залига қўйилмаганлар. Суд буни гўё “Улуғбек Ҳайдаров маҳкама мажлисида ўз ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини кўришни истамаган”лиги билан асослаган.

Маҳкама мажлисида иштирок этган Ҳайдаров оила аъзоларининг айтишларича, Улуғбек касалнамо кўринарди. У жуда озиб кетган, ўзини олдириб қўйган экан. Қариндошлари билан қисқа учрашув чоғида у ошқозони оғриётганидан шикоят қилган ва унинг соғлиги узоқ вақт қамоқда қолишга дош беролмаслиги сабабли қамоққа тушишдан сақланишга ёрдам беришни илтимос қилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари судланувчининг айби исботланмаган, суд эса шунчаки ўзбекистонлик расмийлар буюртмасини бажарган, дея тахмин қилмоқдалар. Улуғбекнинг опаси Нортожи Ҳайдарованинг фикрича, гувоҳлар айбсиз одамни қамоққа ўтқазиб, гуноҳга ботмаслик учун ҳақиқатни айтишга қарор қилганлар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 сентябрь куни Улуғбек Ҳайдаровни у автобус бекатида транспорт кутиб турган пайтида ҳибсга олганлар. У қўлга олинишидан аввал Улуғбекнинг олдига Раҳима Абдуллаева яқинлашиб, чаққон ҳаракат билан унинг чўнтагига пул тиқиб қўйган. Пулни чўнтагидан ўша заҳотиёқ олиб, четга отиб юборган Улуғбек зудлик билан қўлга олиниб, Жиззах шаҳар милиция бошқармаси тергов ҳибсхонасига юборилган ва судгача ўша ерда ушлаб турилган.