11:18 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Европа Германия тимсолида Марказий Осиё билан муносабатларни йўлга қўйиш ҳаракатига тушган

05.10.2006 19:46 msk

Ўз ахб.

Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий департамент директори Михаэл Шеффер бошчилигидаги эътиборли делегацияси Марказий Осиё бўйлаб сафарга чиққан. Душанба, 2 октябрь куни делегация Туркманистонга ташриф буюрган. Кейин 4 октябрь куни немис сиёсатчилари Ўзбекистонга етиб келганлар, шундан сўнг улар Марказий Осиё минтақасининг қолган давлатлари – Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга ташриф буюрмоқчилар. Делегация борадиган энг охирги жой, News Central Аsia (NCA) маълумотларига кўра, 9 октябрь куни Марказий Осиё мамлакатларидаги Европа Иттифоқи вакилларининг учрашуви бўлиб ўтажак Қозоғистон пойтахти Остона бўлади.

NCA билан бўлган эксклюзив суҳбат чоғида Микаэл Шеффер Европа Иттифоқи (ЕИ) Марказий Осиё мамлакатлари билан ўз муносабатларини қайта кўриб чиқишга уринаётганлиги ҳақида билдирган ва бу ният нима сабабдан юзага келганини изоҳлаган. Бу ЕИнинг АҚШ малайи экани ҳақидаги фикрни ўзгартириш истаги билан ҳам боғлиқ экан. Шу билан бирга, NCA ёзишича, Европа Қўшма Штатлардан Марказий Осиё қанча истаса, шунча узоқроқ бўлиши лозим. Ахир Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатларнинг барчаси у ёки бу жиҳатдан АҚШдан хавфсирайдилар, шунинг учун ҳам Европа Қўшма Штатлар фойдасига қандайдир қарорлар қабул қилиши юзасидан ҳар қандай шубҳа-гумонлар ЕИнинг исталган жабҳадаги барча ҳатти-ҳаракатлари беҳуда кетишига олиб келади.

Сафар мақсади ҳақида гапира туриб, Шеффер гарчи Марказий Осиё мамлакатлари Европадан узоқда жойлашган бўлсалар-да, уларнинг чегаралари ЕИ кенгайганидан кейин яқинроқ бўлиб қолганини қайд этган. У Марказий Осиё минтақаси у ёки бу тарзда Европага таъсир кўрсатишини, шунинг учун ҳам Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларини тўхтовсиз ўйлаб кўришга, энг асосийси эса, мазкур минтақа давлатлари учун ҳам иккитомонлама, ҳам кўптомонлама форматларда мақбул бўладиган ЕИнинг мустақил ташқи сиёсатини ишлаб чиқишга эҳтиёж туғилганлигини таъкидлаган. Немис сиёсатчилари Европа Иттифоқи Америка Қўшма Штатларининг охирги йилларда Марказий Осиё минтақасида қилиб қўйган тартибсизликларини, ниҳоят, бартараф қилишга ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларини фаоллаштиришга қарор қилганлигини билдирганлар.

Европа Иттифоқини бу борада хавотирга солаётган асосий муаммолари орасида хавфсизлик, гиёҳванд моддалар трафиги ва халқаро террорчилик масалалари бор. ЕИнинг ҳамкорлик йўлидаги биринчи даражали яна бир жабҳа минтақа мамлакатлари ўртасида энергетик соҳада энергия заҳираларини ўзаро манфаатли асосда биргаликда қазиб олиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш юзасидан алоқаларни йўлга қўйиш бўлиб ҳисобланади.

Германия делегацияси Марказий Осиё бўйлаб сафар чоғида ўзларини қизиқтирган барча масалалар бўйича минтақадаги ҳар бир мамлакат билан позицияларни аниқлаб олмоқчи.

Қайд этиш жоизки, Германия 2007 йилнинг биринчи ярмида ЕИда раислик қилгани сабабли бу мазкур мамлакат учун айниқса долзарбдир. Германиялик сиёсатчилар ва дипломатлар томонидан амалга оширилаётган сафар муайян маънода ана шу билан изоҳланади. Бундан ташқари, Германия Марказий Осиёдаги беш мамлакатнинг ҳаммасида ўз элчихоналарига эга бўлган ягона Европа мамлакати бўлиб ҳисобланади.

Ўз сафарини Туркманистондан бошлаган Германия делегацияси Туркманистон ташқи ишлар вазири Решид Мередов билан учрашган. Афсуски, германияликларнинг бу мамлакатга ташрифи ҳақида маълумотлар деярли йўқ, фақат делегация ўз мақсадларини Туркманистон позициясини ҳисобга олган ҳолда баён этгани маълум қилинмоқда.

Ўзбекистонда М. Шеффер бошчилигидаги делегация 4 октябрь куни Олий Мажлис (Ўзбекистон парламенти) Қонун чиқариш палатаси спикери Эркин Ҳалилов билан учрашган. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти билан танишганлар, Қонун чиқариш палатаси ҳамда фракциялар роли ва вазифалари ҳақида ахборот олганлар, Ўзбекистон ва Германия қонун чиқариш органлари ўртасидаги алоқалар истиқболлари ҳақида фикр алмашганлар.



 

Реклама