12:20 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улуғбек Ҳайдаров иши бўйича маҳкама жараёни бошланган

05.10.2006 09:03 msk

Ўз ахб.

Жиноий ишлар бўйича Жиззах шаҳар суди 2006 йилнинг 14 сентябрь куни ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Улуғбек Ҳайдаров ишини кўриб чиқа бошлаган. Бу ҳақда “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирига 4 октябрь куни ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари маълум қилганлар.

У. Ҳайдаров юлғичлик учун жазолаш кўзда тутилган модда бўйича айбланмоқда. Унинг беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиш хавфи бор. Бироқ Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари Ҳайдаровга қарши жиноий иш ўзбекистонлик махсус хизмат ходимлари томонидан тўқиб чиқарилган, деб ҳисоблайдилар.

Улуғбек Ҳайдаров ўзбекистонлик таниқли журналист бўлиб, унинг фермерлар ва бошқа кишиларни ҳимоя қилиб ёзган мақолаларини Ўзбекистон расмийларига бўйсунмайдиган интернет-нашрлардагина чоп этиш мумкин эди. У 43 ёшда бўлиб, кўп йиллар буён Британия уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) Жиззах вилояти бўйича мухбири бўлиб ҳисобланарди, мазкур ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларидан кейин ёпилган. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари томонидан ёйинланган хабарга кўра, Улуғбек Ҳайдаров шу йил сентябрида ҳибсга олингунига қадар бир неча бор, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қатъий ишонишларича, маҳаллий расмийлар томонидан уюштирилган безорилик ҳуружлари объектига айланганди.

Шу ўринда Ҳайдаровнинг ҳибсга олиниши қандай содир бўлганини эслатиб ўтамиз. Улуғбекнинг ҳибсга олинишига гувоҳ бўлган опаси Нортожи Ҳайдаровага кўра, унинг укаси автобус бекатида турганида унинг олдига нотаниш аёл яқинлашиб, чаққон ҳаракат билан унинг чўнтагига пул тиқиб, қочиб қолган. Вазиятни зумда баҳолай билган Улуғбек чўнтагидан пулни чиқариб, ерга ташлаган. Шу пайт унинг ёнига тўрт эркак чопиб келишиб, унинг қўлларини қайиришиб, Жиззах шаҳар милиция бошқармасининг тергов ҳибсхонасига олиб кетганлар.

Жиззахлик журналист ҳибсга олинганидан ўн кундан кейингина катта қийинчиликлар билан Ҳайдаров билан учрашишга эришган рафиқаси унинг саломатчилиги бирдан ёмонлашганини сезган: Улуғбек ўзини яхши тута олмаган, унинг диққат жамлаши қийин бўлиб қолган, ўзини паришонхотир кишилардай тутган, тўхталиб-тутилиб гапирган ва психотроп дорилар берилган кишидай кўринишда бўлган. Хотинининг “сизга қандай муносабатда бўлаяптилар?” деган саволига жавобан Улуғбекнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетган ва бунақа нарсаларни ҳақида мутлақо сўрамасликни ўтинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовга кўра, Ҳайдаровни ўз айбига иқрор қилаётган пайтда “куч ишлатар тузилма ходимлари тергов ҳибсхонасида унга босим ўтказган ва адвокатлардан воз кечишга мажбур этган бўлишлари мумкин”. Улуғбек маҳкама жараёни бошланишида ана шундай қилган.

- Бунақа ҳолатлар Ўзбекистон адлияси амалиётида биринчи бор бўлаётгани йўқ, - дея таъкидлайди Суръат Икромов. – Сўнгги пайтларда кўпинча ҳуқуқ ҳимоячилари, диний сабабларга кўра айбланаётган судланувчиларни судларда адвокатдан воз кечишга мажбур қилинмоқдалар. Ва бу эндиликда қонуниятга айланиб бормоқда.