23:16 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Америка ноҳукумат ташкилотларини тугатиш давом этаяпти. «Joint Development Associate International»ни ёпмоқдалар

03.10.2006 22:30 msk

Ўз ахб.

Учинчи октябрь куни Ўзбекистон адлия вазирлиги Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига навбатдаги «қўпорувчилик» ташкилоти - «Joint Development Associate International» ваколатхонасини тугатиш ҳақида арзнома киритган. Бу ерда ҳам сўнгги пайтларда ёпилган барча Америка ташкилотларига нисбатан қўлланилмиш мутлақо стандарт ифода-таърифдан фойдаланилган: «JDA International» филиали фаолиятининг низомда кўрсатилган вазифаларга номувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон қонунчилигининг кўп жойларда бузилганлиги билан боғлиқ ҳолда...»

Қайд этиш жоизки, «JDA International» Ўзбекистондаги ваколатхонасининг низомий вазифалари сифатида «ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурларини яратиш, амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш» кўрсатилганди. «JDA International» ваколатхонаси республикада унинг идораси адлия вазирлигида расман рўйхатга олинган 2004 йилдан буён фаолият юритиб келарди.

Адлия вазирлиги вакили қуйидаги аниқланмиш «кўплаб қонунбузарликлар» намуналарини ўқиб эшиттирган:

Биринчидан, «JDA International» филиали оргтехникаси ва офиси биноси айни пайтда бошқа бир ташкилот - «Osiyo Hamkorlik Sardori» фирмаси балансида ҳам туради. Шу билан бирга, ушбу фирма таъсисчилари Америка НҲТ филиалининг директори ва бош ҳисобчиси бўлиб ҳисобланадилар. Бундан «JDA International» мол-мулки ваколатхона мансабдор шахслари томонидан тижорат мақсадида фойдаланилган, деган хулоса чиқади.

Иккинчидан, «JDA International»нинг Самарқанд вилоятидаги филиалида «Илтифот» кредит жамғармаси тузилган бўлиб, у республика солиқ органларида рўйхатдан ўтмасдан ва рухсатнома (лицензия) олмасдан туриб йилига 48 фоиз тўлаш шарти билан нақд пул шаклида кредитлар берган.

Учинчидан, ташкилот ходимлари ўзбекистонликларни бошқа динга ўтказишга ҳаракат қилганлар. Адлия вазирлиги вакили судга қандайдир фуқароларнинг «JDA International»нинг чет эллик ходимлари маҳаллий аҳоли ўртасида миссионерлик фаолиятини юритганларини тасдиқловчи ёзма аризаларини топширган.

Умуман олганда, «JDA International» ваколатхонасининг жиноий фаолияти шунчалик очиқ-равшанки, бўлажак маҳкама тингловларининг нима билан тугашини тахмин этиш қийин эмас.

Бу орада, республикада қолаётган Америкага қарашли бошқа ташкилотларининг ҳам муаммолари кучайиб бормоқда. Ўзбекистон солиқ хизмати 1961 йилда президент Кеннеди томонидан тузилган ва республикада 1995 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган «Меҳрибонлик Корпуси» (Mercy Corps) НҲТ ваколатхонасига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилгани ҳақида судга даъво аризаси киритган.

Маълум бўлишича, 2005 йилда «Mercy Corps» ваколатхонаси микрокредитлар бериш бўйича дастурни амалга ошириш чоғида олинган 684,7 миллион сўмлик (557 минг долларга яқин) нақд пулни жинояткорона тарзда банкка топширмаган. Солиқчиларнинг таъкидлашларича, тақдим этилган кредитларни қайтариш ва фоизлар шаклида олинган пуллар амалдаги қонунчиликни бузган ҳолда хизмат кўрсатувчи банкка туширилмай, «Mercy Corps»нинг Фарғона водийсидаги - Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги бўлинмаларида сақланган экан.

Шундай қилиб, ҳорижий ташкилотлардан, энг аввало, Америка ноҳукумат ташкилотларидан аста-секин қутилиш жараёни давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда турли сабабларга кўра қуйидаги ташкилотларнинг ваколатхоналари ёпилган:

- Сорос Жамғармаси/«Очиқ жамият» институти ваколатхонаси;

- Internews Network мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаш бўйича хайрия ташкилоти ваколатхонаси;

- IREX халқаро тадқиқотлар ва айирбошлашлар бўйича кенгаши ваколатхонаси;

- Freedom House ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ваколатхонаси;

- МДҲ мамлакатларидаги иқтисодий ва демократик ислоҳотларга кўмаклашиш бўйича “Евросиё” жамғармасининг (Eurasia Foundation) ваколатхонаси;

- Америкалик юристлар ассоциацияси (ABA/CEELI) ваколатхонаси;

- ACCELS таълим ва тил ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Америка кенгаши ваколатхонаси;

- Counterpart International Инсоний тараққиётнинг иқтисодий, экологик ва ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш бўйича ташкилоти ваколатхонаси;

- Central Asian Free Exchange (CAFE) таълим жабҳасида маданий айирбошлашларга, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт жабҳасидаги ҳамкорликка, тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий таъминотни ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилот ваколатхонаси;

- Озод Европа/Озодлик радиостанцияси ваколатхонаси;

- Global Involvement through Education (Таълим орқали глобал ҳамкорлик);

- Crosslink Development International – бевосита инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш орқали алоҳида олинган кишилар ҳамда бутун жамият турмуш даражасини яхшилаш бўйича ташкилот ваколатхонаси;

- Маҳаллий ўз-ўзини бошқаришни шакллантириш ва коммунал хўжаликни самарали бошқаришда кўмаклашувчи ташкилот (Urban Institute) ваколатхонаси;

- БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий комиссариати Бошқармаси (БМТ ҚибОКБ) ваколатхонаси;

- Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Винрок халқаро институти (Winrock International) ваколатхонаси.

- «Partnership in Academics and Development» («Академик таълим ва тараққиёт бўйича ҳамкорлик» - PAD).

Шу пайтгача Ўзбекистоннинг ўз ноҳукумат ташкилотларининг кўпчилиги ҳам ёпилган. «Би-би-си» телерадиоузатув корпорацияси ҳамда Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) эса ўз ходимларининг хавфсизлигига таҳдид туғилганлиги билан боғлиқ ҳолда республикадаги ваколатхоналарини ўзлари ёпганлар.