06:10 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Олмалиқ яқинидаги Қорахона қадимги ерости ибодатхонаси ҳалигача ислом мистиклари томонидан зоҳидона узлат учун фойдаланилмоқда

03.10.2006 21:04 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

© Фарғона.Ру АА фотоси

Қорахона уникал ерости ибодатхонаси Ўзбекистон тарихидаги топишмоқлардан биридир. Тошкент вилояти жанубидаги Қурама тизмасининг сувсиз адирлари орасида қолиб кетган бу жой дастлаб 1934 йили таниқли археолог, академик М. Е. Массон томонидан таърифланган ҳамда кўпчилик олимларнинг фикрича, ўзида ислом давригача бўлган ибодатхона, ўрта асрлар қасри ва XIX аср масжидини жам қилган. Йигирма метр баландликка эга бўлган, кўринишдан дашт тепаликларидан ҳечам фарқ қилмайдиган қия қўрғонда олтмишга қирқ саккиз метр ҳажмидаги бутун бошли лабиринтни яшириб ётади, у икки қаватли бўлиб, зинапоялар ва туйнуклар орқали бир-бирига бириктирилган. Қачонлардир ёғоч тўсинлар тутиб турган, ҳозирда чўккан гумбаз шаклидаги марказий хонадан турли тарафларга зоҳидлар ҳужрасини эслатувчи ўйиқларга тор йўлаклар кетган. Бу ерда топилган ашёларнинг камлигидан тадқиқотчилар ибодатхона ичкарисидаги хоналарнинг нима учун мўлжаллангани ҳақида ягона фикрга келиша олмай, бир қатор қизиқарли тахминларни билдирганлар.

БИДЪАТЧИЛАРНИНГ МАҲФИЙ БОШПАНАСИ

. Фото ИА Фергана.Ру
. Фарғона.Ру АА фотоси
Академик Массон Қорахона ерости ҳужралари ноодатий маросимлар ўтказувчи маън этилган мазҳаб вакиллари учун яширин бошпана ўлароқ хизмат қилган бўлиши мумкинлигини тахмин этганди. Ана шундайлар қаторига, масалан, эронлик дин пешвоси Моний издошлари кириши мумкин эди.

Европада моддий олам Худо томонидан эмас, қуйироқ руҳлар томонидан яратилган дея эътиқод қилувчи монийчиларни насроний инквизицияси ва дунёвий ҳокимият қаттиқ таъқиб қилган. Ўрта асрларда мусулмон ҳалифалари ҳукмида бўлган Марказий Осиёда ҳам уларни даҳрий ва ёвуз бидъатчилар ҳисоблашиб, уларни барчанинг кўз ўнгида қатл этганлар. Монийчиларнинг Шарқ учун анъанавий зоҳидликда бўлгани каби “Худо томонидан яратилган руҳ дунёвий барча ҳою ҳаваслардан тозаланиши керак”лиги ҳақидаги таълимоти бирор-бир дин маъқулламайдиган анча ғайриодатий усулларни ўз ичига оларди. Хусусан, одамда барча моддий нарсаларга нисбатан жирканиш уйғониши учун унинг очофатлик билан овқатланиш, ичкиликбозлик ва шаҳвоний маишатпарастлик кабиларга шўнғиб кетишига йўл қўйиларди.

. Фото ИА Фергана.Ру
. Фарғона.Ру АА фотоси

Эътиборли тарихчи Лев Гумилевнинг фикрича, Уйғур ҳоқонлигининг монийчиликни расмий дин сифатида қабул қилгани барча қўшни давлатларда ҳоқонликка нисбатан кучли нафратга уйғотган, бу давлатлар орасида Конфуций таълимотига эргашувчи Хитой ҳамда шомонийлик ва насронийликка эътиқод қилувчи турк ва мўғул қабилалари бор эди. Пировардида ҳоқонлик душманларнинг биргаликда амалга оширган ҳаракатлари билан йўқ қилинган. Ислом дини ҳукмронлик бўлган Маворауннаҳрда зиндиқлар деб аталган монийчилар VIII асрда Аббосийлар сулоласига мансуб ҳалифа ал-Маҳдий томонидан атай уларга қарши таъсис этилган муҳтасиблардан қўрқиб, ўз диний амалларини жуда маҳфий суратда бажаришлари мумкин эди.

ИЛОҚ ҲУКМДОРЛАРИНИНГ ЁЗГИ ҚАРОРГОҲИ

. Фото ИА Фергана.Ру
. Фарғона.Ру АА фотоси

1992 йилда Қорихонада насроний эрасидан аввалги биринчи мингйиллик ўрталарига дахлдор деб билинган археологик топилмалар топган олмалиқлик археолог Олег Михайлович Ростовцев бу ерда оташпарастларнинг кўҳна ибодатхонаси бўлган, кейинроқ эса бу ерда Оҳангарон дарёси водийсидаги Чоч билан тиғиз боғланган турк давлат – Илоқ ҳукмдорларининг ёзги қароргоҳи жойлашган, деб ҳисоблайди. Илоқ давлатининг Тункет деб номланган пойтахти Қорихонадан олти километр нарида, ҳозирги Саржайлақ қишлоғи ўрнида топилган. Ҳозирги пайтда у эллик мурабба километрдан зиёдроқ майдонга эга бўлган қадимий шаҳарни ифода этади. “Яйловлар мамлакати” маъносини билдирувчи Илоқда IV-XII асрларда, Чингизхон босқинига қадар аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқлар кўп бўлиб, бу ерда темир қазиб олинган ва эритилган, ҳунармандчиик ривожланган, карвон йўлларида савдо қайнаган, мамлакатнинг ўз тангалари зарб этилган. Тошкент вилоятини Фарғона водийси билан боғловчи Қамчиқ довонининг ҳар икки томонидаги тоғли жойларда яшовчи кўплаб кишилар ўзларини ҳалигача илотлар деб атайдилар.

Бу қадар аҳоли кўп бўлган ва тараққий қилган минтақада таъқиқланган дин вакиллари учун бошпана мавжуд бўлиши эҳтимолдан йироқ. Қорихона шуҳрати кейинчалик Илоқ ҳукмдорларининг қасри мўғул истилосидан сўнг сирли вайронага айланганидан кейин ёйилган. Пахсадан тикланган сарой деворлари вақт таъсирида нураган. Аммо пайдо бўлган қўрғон тагида яшаш учун яроқли ертўлалар сақланиб қолган, у ерлардан дарвишлар паноҳ топганлар.

Маълумки, зуҳд ва дунёдан юз ўгиришни моҳиятан маъқулламайдиган ортодоксал ислом сўфийларга ҳам шубҳа билан қараб, баъзан уларни бидъатчидан ҳисобларди. Туркий тилларда Қорахона тепалиги номини икки хил – бу ер билан боғлиқ бўлган ирим-сиримлар билан боғлиқ ҳолда “қора қаср” маъносида ва ўтмишдаги ҳукмдорларни хотирасига “катта, кучли, бой” каби маъноларда талқин қилиш мумкин. Кейинчалик ижобий талқин устиворроқ келган.

СЎФИЁНА ҲИКМАТ ДАРГОҲИ

. Фото ИА Фергана.Ру
. Фарғона.Ру АА фотоси

XIX асрда Қорахона қўрғони ўз замонасида тақвоси ва кароматлари билан шуҳрат тутган Нақшбандия тариқати эшони Эшмуҳаммад томонидан зиёратчилар эҳтиёжларига мослаштирилган. Қиш чилласида илиқ, ёз саратонида эса салқин бўладиган ерости биноси чилла ўтириш учун жуда қулай бўлган. Қирқ кунлик бу покланиш даврини соликлар мутлақо узлатда ўтказишлари керак эди. Чилла пайтида мурид туну кунни ибодат билан ўтказиб, ҳатто ўз ҳаммаслаклари билан ҳам мулоқот қилишдан тийилган. Нон ва сувдан иборат кунлик овқатни унга остонада қолдириб кетганлар. Бу каби амалиёт то бугунги кунгача ҳам Марказий Осиёнинг турли бурчакларида сақланиб қолган. Замонавий сўфийлар кимсасиз жойда жойлашган Қорахонадан ҳам чилла учун фойдаланадилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Ростовцевнинг 90-йилларда Қорахонада қазиш ишлари ўтказиш бўйича экспедицияси чоғида эшон Эшмуҳаммад каромати ҳақида афсона пайдо бўлган. Мазкур афсонага кўра эшонга фикран илтимос билан мурожаат қилиш кифоя бўлган ва бу ўтинч тез орада амалга ошган. Аммо шу ўринда мурид хоҳиш-истаги натижаси нақадар матлуб экани юзасидан ўзига ҳисоб бериши керак бўларди.

Ёш археологлар ва олимга дўстлик важидан шунчаки ёрдам бериб юрган иштиёқмандлар орасида бу афсонага ишонганлар ҳам бўлган. Натижа кўпчиликни танг қолдирган: «турмушга чиқиш» ёки «совғага уй олиш» каби оддий истаклар қисқа муддатларда амалга ошган, гарчи бесамар сароблар ҳам бўлган эса-да.

Фақат кўп йиллар ўтгачгина тажрибада иштирок этган кишилар сўфийларнинг қўрғонга лаҳзалик моддий эҳтиёжларни қондириш илинжида сирли кучлардан мадад сўраш учун эмас, ўз қалбининг ҳақиқий рағбатини англаш учун узлатга чекинганларини тушунганлар...