08:39 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳожирлар мактаби ёки Пермдаги тожиклар

30.09.2006 09:32 msk

А. В. Черних

Муҳожирлар муаммоларига ҳамда Россиядаги ўзбеклар ва тожиклар жамоатчилик бирлашмаларига бағишланган аввалги мақолаларда биз бу каби ташкилотларнинг тузилиши “қуйидан чиққан” ташаббусга кўра содир бўлишини қайд этгандик. Агар улар шунчаки ташкил этилмасдан, оддий одамларнинг, Ўрта Осиёдан келган муҳожирларнинг муаммолари ва эҳтиёжларига жавобан ташкил этилаётган бўлса, бу ташкилотлар яшовчан, одамларни ўз атрофида жамлай оладиган, Ўрта Осиё давлатларидан келган кишилар ва Россия жамияти ўртасида зарур бўғин, “кўприк” бўла оладилар. Муҳожирларга Россияда муваффақиятли ишлаш учун зарур билимларни бера олишга, нотаниш мамлакатдаги ҳаётга мослашиб кетиш учун ёрдам бера олишга қодир ташкилотлардан бири Пермдаги тожиклар жамоати бўлиб ҳисобланади.

Пермдаги тожиклар жамоатчилик ташкилотининг тўла номи “Пермь шаҳар тожиклар жамоатчилик маркази” нотижорий ҳамкорлиги”дир. Камабўйи халқларининг етмишдан ортиқ миллий жамоатчилик марказлари ичида жуда ёш бўлган бу тузилма 2004 йилнинг йигирманчи августида рўйхатга олинган. Аснода “Тожиклар маркази”нинг шаклланиши бир неча йил мобайнида содир бўлган. Ўз-ўзини бошқаришга эҳтиёж борлигини англашга тожик жамоати ҳаёти билан боғлиқ бўлган катта ва кичик масалаларнинг ҳал этиш зарурати олиб келган.

Тожикистондан Россияга меҳнат муҳожирларининг келиш сабаблари, умуман олганда, яхши маълум. Бу Тожикистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазият, тўқсонинчи йиллардаги уруш... Бу ҳақда муҳожирларнинг ўзлари шундай дейдилар: “Совет даврида тожиклар уйдан кетишни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. 1993 йил жуда оғир кечди, уйимизда ҳатто уч ойлаб нон бўлмасди. Пишлоқдан ва қовоқдан нон қилиб ердик. Оч қолардик. Ҳамма ишлашни хоҳларди, аммо ишлайдиган жойнинг ўзи йўқ эди”. Мана яна бир ёрқин гувоҳлик: “Биз Пермга Тожикистонда уруш бошланган пайтда келгандик. Қишлоғимизни босиб олганларидан сўнг биз чегарагача қочиб келдик, у ерда бизни аскарлар қўриқлай бошладилар. Шундан сўнг биз ўз жойимизга қайтганимизда у ерда уйимиз йўқлигини кўрдик: уни ёқиб юборишибди. Бир нима қурган бўлиб, беш ой ўша ерда яшадик. Кейин отам билан кетдик. Бу ерга келаётган пайтимизда чўнтагимизда олтмиш рубль бор эди, холос. Уч ой Ўзбекистонда ишладик, кейин Пермга келдик. Бу ерда қолиб, иш топдик. Кейин яқинларимизнинг ҳаммаси шу ерга кўчиб ўтиб, шу ерда яшай бошладилар”...

ТАШКИЛОТ ВА УНИНГ РАҲБАРЛАРИ

Пермлик тожиклар жамоати шаклланишида “Пермь шаҳар тожиклар жамоатчилик маркази” раиси Фатҳуддин Ҳамидов муҳим роль ўйнаган. Ф. Ҳамидов 1970 йилларда Пермга биринчилардан бўлиб келган тожиклардан. Пермдаги тожик жамоатининг тикланиши унинг кучи ва бевосита иштироки билан бўлиб ўтган. Ф. Ҳамидов Пермь марказий бозори маъмуриятида ишларди, шунинг учун ҳам юртдошларига ёрдам бериш имкониятига эга эди. Жамоатчилик ташкилоти тузилгунига қадар ҳам у норасмий раҳбар бўлиб ҳисобланар, Пермь шаҳри ва вилоятига ўрнашиб қолган кўплаб тожикистонликлар билан алоқалари бор эди. Фатҳуддин ўзининг Россиядаги анча катта тажрибасига таянган ҳолда юзага келган баҳслар ва зиддиятли вазиятларни ҳал этишда ёрдам бериши мумкин эди.

Ф. Ҳамидов Пермь шаҳридаги тожик диаспорасининг шакллантириш ҳақида, жамоатчилик марказини ташкил этилиши ва унинг иши хусусида қуйидагиларни хотирлайди:

- Икки мингинчи йилдан бошлаб биз жамоатчилик ташкилот тузиш ҳақида ўйлай бошладик, орадан тўрт йил ўтиб биз уни ташкил этдик. Тожиклар барибир бирга бўлишлари керак, бир марта фуқаролар уруши бўлгани етар. Эндиликда тинч-тотув яшаш лозим. Ташкилот керак. Бу ерда юртдошларга ёрдам беришга ҳаракат қилаяпмиз, деярли ҳаммани биламиз. Агар бирор киши касалхонага тушиб қолса, ёрдам берамиз, кимдир биров вафот этса, ватанга жўнатишга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Аммо ҳамма ҳам жамоатга киришиб кетгани йўқ, айримлар фақат муаммо туғилган пайтдагина келадилар. Биз “жамоатчилик маркази...” раёсатида Тожикистоннинг турли жойларидан чиққан кишилар бўлишига интилганмиз. Маданий тадбирлар ўтказамиз. Режаларимиз кўп. Масалан, бу ерга келаётган юртдошларимиз тил ўргансинлар ҳамда қонунлар ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини билсинлар деб муҳожирлар учун мактаб очмоқчимиз...

Лидеры таджикского сообщества Пермского края: Ф.Хамидов, Р.Мазориев, Ш.Хайдаров
Пермь ўлкаси тожик ҳамжамияти раҳбарлари: Ф. Ҳамидов, Р. Мазориев, Ш. Ҳайдаров. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Раис ўринбосарлари Р. Мазориев ва Ж. Жобиров жамоатчилик ташкилотида муҳим ўрин тутадилар. 2003 йилдан бошлаб “тожиклар жамоатчилик маркази...” Пермь шаҳри ва Пермь вилояти маъмуриятлари томонидан ўтказилаётган турли-туман тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

Концертлардан ташқари 2006 йилдаги арзирли маданий тадбир “жамоатчилик маркази...” томонидан май ойида ўтказилган миллий кураш бўйича мусобақалар бўлди. Пермдаги ўйингоҳлардан бирида ўтказилган байрамга икки мингдан зиёд иштирокчи йиғилди. Бу каби тадбир биринчи маротаба ўтказилган, аммо уни йил сайин ўтказиб турмоқчилар.

Жамоат раҳбарларининг қайд этишларича, бугунги кунда етилиб қолган вазифа Пермь ўлкаси шаҳар ва туманларида яшовчи барча тожикларни диаспора ҳаётига жалб қилиш бўлиб ҳисобланади. Келажакда Қунғур, Соликамск ва Березники шаҳарларида “тожиклар жамоатчилик маркази” ҳудудий бўлимларини яратиш режаси бор. Жамоатчилик маркази ишига тожик зиёлиларини жалб қилиш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди.

ЮРТДОШЛАРГА ЁРДАМ

Жамоатчилик ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишларидан бири Пермь шаҳри ва Пермь вилоятидаги ҳамюртларга ёрдам бериш бўлиб ҳисобланади. Жамоат раҳбарлари ҳал қилиши керак бўлган масалалар – муваққат муҳожирларнинг рўйхатга олинишида ёрдам бериш, зарур ҳужжатларни олиш учун Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси билан алоқа қилиш, ИИБ органлари билан зиддиятли вазият юзага келганда кўмаклашиш, вафот этганларни ватанга жўнатилишига ёрдам бериш ва ҳ. Жамиятнинг айнан шу кундалик иши кўпроқ матлуб бўлиб, одамларнинг юксак баҳоси ва акс-садосига эга бўлмоқда.

Албатта, муаммо жуда кўп. Аммо муҳожирларнинг ўзлари: “Биз бу ерга турмушимиз ширин бўлганидан келганимиз йўқ. Биз бу ерга меҳнат қилгани, болаларимизни боққани келганмиз... Бирор жойга ишга жойлашиш учун қайд белгиси, фуқаролик керак, бусиз ишга олмайдилар. Яхши мутахассислар бор, аммо улар савдо-сотиқ билан шуғулланишга мажбур бўлмоқдалар”. Пермлик муҳожир тожиклар ичида ватанда мактабларда ўқитувчилик қилган ва боғчаларда тарбиячи бўлган, жамоа хўжаликларида пахтакор ва миришкор бўлган, заводларда ҳисобчилик ва муҳандислик қилган кишилар бор. Камабўйида кўп касбларга эҳтиёж сезилмади. Эҳтиёж сезилганлари эса ўзига ва ватанда қолган оиласига етарли даражада даромад олиб келмайди. Кўпинча Пермда доимий қайд белгисига эга бўлмаганлик ёки фуқаролик йўқлиги сабабли ихтисослик бўйича доимий ишга жойлашишнинг имкони йўқ. Муҳожир тожиклар ичида мутахассислиги бўйича ишлаётган кишилар саноқлилар.

Кўпчилик савдо-сотиқ билан банд. Тожиклар азалдан мева-сабзовот ва қуруқ мевалар етказиб бериш ва сотиш билан билан шуғулланадилар. Савдо-сотиқ Пермнинг улгуржи бозорларида ва кичик бозорларида амалга оширилади. Тожикларнинг анчагина қисми Заостровкдаги (Пермь тумани – «Фарғона.Ру») ишлайди: бозорга кираверишда савдогарлар келган мамлакатларни тамсил этувчи бир неча байроқ осилиб туради, улар ичида Тожикистон байроғи ҳам бор…

Савдо-сотиқдан ташқари тожиклар қурилишда ҳам оммавий равишда ишлайдилар. Улар давлат ва хусусий қурилиш ширкатларида, шунингдек, оилавий ва юртдошлик бригадаларида дала ҳовлилар ва коттежлар қурилишида ишлайдилар. Вилоят умумий овқатланиш корхоналарида, фабрика ва заводларида ҳам тожиклар бор.

Муҳожир тожиклар олдида турган жуда кўп долзарб масалалар ичида турар-жой муаммоси ҳамда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш муаммоси ҳам бор. Аммо энг асосий муаммо ижтимоий кафолатларнинг йўқлигидир. Доимий қайднинг, кўпинча эса вақтинчалик қайднинг йўқлиги, муддати ўтиб кетган қайд белгилари кўп одамларни қонундан ташқари қилиб қўяди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўзбошимчаликларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бунақа воқеалар ўта кўп учрайди: «Бизларни ҳар қадамда милиция тўхтатади, ҳар қадамда. Бизнинг Тожикистонда бунақа нарса йўқ. у ерда ҳеч ким паспорт, қайд белгисини сўрамайди. Бу ерда эса ҳатто хонадон оралаб юриб ҳам текширишади паспортларни. Бир куни ҳатто тунда киришди…»

МУҲОЖИРЛАР МАКТАБИ

Пермь вилоят тожиклар бирлашмаси юртдошларга ёрдам беришдек мураккаб ишда энди биринчи қадамларни қўймоқда. «Муҳожирлик муаммолари» тожиклар ҳаётида асосий ўрин тутгани учун бирлашма раҳбарлари уларни ҳал қилишда тажриба орттиришга ҳаракат қиладилар, улар муҳожирот муаммоларига бағишланган семинарлар, тренинглар ва мактабларнинг фаол иштирокчиларидир.

На занятиях в
А. М. Горький номидаги Пермь вилоят кутубхонадаги «Муҳожирлар мактаби» машғулотларида. «Фарғона.Ру АА» фотоси
- Жамоатчилик ташкилотидан, албатта, самара бор. Муҳожирот муаммолари бўйича ҳатто ўзимнинг ҳам нуқтаи назарим ўзгарди, мен ўз жамоатчилик ташкилотим номидан ва Пермь вилоят маъмурияти туфайли кўп жойларга семинар ва анжуманларга бордим. Қозонда, Нижний Новгородда, Москвада бир неча бор бўлдим. Бундай тадбирларнинг фойдаси катта. «Муҳожирлар мактаби» улкан самара берди, бундай тадбирларда бизга ўз муаммоларимизни қандай ҳал этиш мумкинлигини ўргатадилар. Расмийлар билан, ҳуқуқ-тартибот органлари билан муомала қилиш осонлашди, - дея қайд этади Жамоатчилик марказининг раис ўринбосари Р. Мазориев.

«Муҳожирлар мактаби» яқинда ташкил этилди, аммо, бизнинг фикримизча, бу жуда катта аҳамиятга молик воқеадир. Унда муҳожирот жабҳасида амалдаги қонунчилик юзасидан машғулотлар ўтказилади, қонунларни қўллаш бўйича тушунтиришлар берилади. Одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиб оладилар ва уларни ҳимоя қилишни ўрганадилар. Умуман олганда, бизга маълум бўлишича, бу Россиядаги муҳожирлар учун бундай машғулотлар ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан биринчи тажрибадир.

Ушбу мақолани якунлар эканмиз, жамоатлар ташкил этиш декларатив йўл билан эмас, «қуйи»дан ташаббус кўрсатиш орқали амалга оширилса, самарали натижаларга олиб келишини қайд этишни истардик. Пермлик тожиклар учун уюштирилган «Муҳожирлар мактаби» Россиядаги ўрта осиёликларнинг бошқа бирлашмалари қўллашлари тавсия қилинажак жуда муҳим тажрибадир.