06:10 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон пойтахтида Бешинчи Очиқ Шеърият анжумани бўлиб ўтади

28.09.2006 22:08 msk

Сид Янишев

Евгений Абдуллаев ва Санжар Янишев. “Фарғона.Ру АА” фотоси
29 сентябрдан 1 октябригача Тошкентда бешинчи Очиқ шеърият анжумани бўлиб ўтади. Аввалги йилларда бўлгани каби “Тошкент поэтик мактаби” ташкилотчилари бўлмиш бир гуруҳ иқтидорли кишилар томонидан ташкил этилувчи бу анжуман давлатнинг, хусусан, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмасининг қўлловига эга бўлмади – улар ўзларини худди ҳеч нарса сезмагандек тутмоқдалар. Майли, ҳалақит бермаганларига ҳам шукур.

Айнан шунинг учун бўлса керакки, ҳомийларнинг номлари ўзларининг илтимосларига кўра эълон қилинмаяпти. Анжуманга эса, айтиш лозимки, озгина маблағ сарфлангани йўқ. Бу, энг аввало, тошкентлик шоир ва носир Евгений Абдуллаев билан бирга анжуманни ташкил этган, эндиликда москвалик шоирларга айланган Санжар Янишев ва Вадим Муратхановга учоқ чиптасини сотиб олиш, иштирокчиларни меҳмонхоналар билан таъминлаш, буклетлар, таклифномалар, постерлар ва ҳ. чоп этилишига ҳомийлик қилиш кабиларни ўз ичига олади.

Бу йил анжуманга чет элдан кўплаб иштирокчилар: Москвадан Глеб Шульпяков, Юлий Гуголев, Евгения Вежлян ва Андрей Новиков, АҚШдан Андрей Грицман ва Хельга Ольшванг, Киевдан Игорь Пиляев, Олмаотадан Лилия Калаус... келадилар. Ҳар доимгидек, анжуманда ўзбек шоирлари ҳам кўп бўлади.

Санджар Янышев и Вадим Муратханов
Санжар Янишев ва Вадим Муратханов. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Анжуман дастури ҳам турли-тумандир. Санжар Янишевга кўра, анжуман ташкилотчилари йилдан-йилга иштирокчилар географияси ва анжуман майдончаларини кенгайтирганлари каби шеъриятга ошно санъат турларини ҳам анжуман дастурига қўшишга ҳаракат қилаяптилар. Масалан, бу йил шеърий ўқишларнинг кўп қисми ўтадиган Сергей Есенин музейи залида тошкентлик таниқли рассом Хуршид Зиёхонов кўргазмаси очилади.

Шунингдек, анжуман доирасида “Кино музейи” залида нью-йорклик шоира Хельга Ольшвангнинг буюк рус бастакори 100 йиллик юбилейига бағишлаб суратга олинган “Дмитрий Шостакович саёҳати” (“Путешествие Дмитрия Шостаковича”) ҳужжатли фильми намойиши бўлиб ўтади. Келгуси йил эса анжуман палитрасини Тошкентдаги замонавий мусиқа ансамбли ҳам бойитади, бу ҳақда ансамбль раҳбари, бастакор ва дирижер Артем Ким билан олдиндан келишиб олинган.

Агар бевосита шеъриятнинг ўзига қайтиладиган бўлса, у бу йилги анжуман доирасида Есенин музейидагина бўлиб ўтмайди – чет эллик шоирларнинг бир нечтаси ўз шеърларини Ўзбекистон Миллий университети ҳорижий филология факультетида ўқийдилар, Тошкентдаги Рус православ черкови Диний-маъмурий маркази залида эса Ўзбекистон ҳамда анжуман меҳмонлари келган мамлакатларнинг адабий нашрлари тақдимот кечаси бўлиб ўтади. Тошкент Замонавий санъат марказида “Муштарий ўлдими? Бугунги кун шоирлари ким учун ёзаяптилар” муштарийлар анжумани бўлиб ўтади. Аммо бу анжуманга муштарийларнинг ўзлари кира олмайдилар – Марказ залида жой миқдори чегараланган бўлгани учун уларнинг “тақдири”ни фақат мутахассислар – анжуман иштирокчилари бўлган шоирлар, танқидчилар ва адабиётшунослар ҳал қиладилар.

Бу орада, тошкентлик шеърият ихлосмандлари яқин орада қачонлардир жуда машҳур адабий журнал “Звезда Востока”нинг иккита янги сони ёруғ кўриши хурсанд қилса керак, бу сонлар тақдимоти ҳам анжуман доирасида бўлиб ўтади. Журнал давлат томонидан молиявий кўмак кўрсатилмай қўйилганлиги ҳамда ушбу нашрнинг собиқ икки муҳаррири Николай Красильников ва Суҳроб Муҳамедов “шарофати билан” чинакам адабий матнлар заҳирасининг, яъни “таҳририят портфели” йўқлиги сабабли 2005 йилнинг апрелидан буён чиқмаётган эди. Ҳозирги бош муҳаррир Алексей Устименкога кўра, ҳар бир сони 500 нусхадан бўлган журналнинг бўлажак икки сони Тошкентдаги Рус православ черкови Диний-маъмурий маркази босмахонасида хайрия ёрдами тариқасида бепул чоп этилади. Журналнинг келажакдаги тақдири эса номаълумлигича қолмоқда.

Ольга Чеботарева
Ольга Чеботарева. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Шу билан бирга, С. Есенин музейи директори Ольга Чеботаревага кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда маданий ўсиш тамойили сезила бошлаган.

- Худди чинакам иқтидорли кишилар, оқил ва мулоҳазакор талабалар пайдо бўлаётгандек, - деб ҳисоблайди Чеботарева. – Бир эслаб кўринг-а, бор-йўғи беш-олти йил аввал бошланаётган ишларнинг барчасида асосий омил пулнинг борлиги бўлиб ҳисобланарди. Ҳамма пул йўқ бўлса, тадбир (анжуман, китоблар, спектакль, концерт) ҳам йўқ, деб ўйлашга ўтиб олганди. Энди эса фақат пул учун эмас, шунчаки чин кўнгилдан бир иш бажариши мумкин бўлган жуда кўп иқтидорли кишилар пайдо бўлган...