19:40 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда илк бор Тэффи асарларидан саҳналар ўйналди

27.09.2006 21:50 msk

Сид Янишев

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Йигирма бешинчи сентябрь куни Тошкентдаги Сергей Есенин музейида ойнинг ҳар охирги душанбасида меҳмонларни қабул қилувчи мусиқий-бадиий салони доирасида “кумуш аср”нинг таниқли рус ёзувчиси Тэффига бағишланган кеча катта муваффақият билан ўтди.

Алена Лустина, Наргис Абдуллаева, Васса Дергалева ва Малика Усмонова каби “Илҳом” театрининг тўрт етакчи актрисаси ижодкорнинг кўпчиликка маълум бўлмаган ҳикоялари ва шеърларини ўқиб бердилар. “Ҳаёт кулади ва йиғлайди...” дея ном олган кеча дастурида “Шайтоний аёл” (“Демоническая женщина”), “Ке фер?” – “Нима қилмоқ керак?” (“Что делать?”) ва “Севги муҳити” (“Атмосфера любви”) юмористик ҳикоялари ҳамда “Қора пакана” (“Черний карлик”), “Оқ настарин” (“Белая сирень”) ва “Бечора Узро” (“Бедний Азра” шеърлари янгради.

Бу анъанавий адабий ўқиш эмасди. Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари услубида қора либосга бурканган актрисаларнинг барчаси бутун кеча давомида саҳнани тарк этмадилар – уларнинг спектакллари қиз базми шаклида қурилиб, унда йиғилган аёллар навбатма-навбат бир-бирларига илмоқли воқеалар ва сирларни сўзлаб бердилар. Аснода саҳна ҳаракатлари Александр Вертинскийнинг Тэффи шеърларига басталаган қўшиқлари бирга ижро этилди.

1920 йилда Россиядан Европага кўчиб кетган ажойиб рус ёзувчиси Тэффини (Надежда Александровна Лохвицкая) замонавий ўқувчига яхши билмаслиги мумкин. Шу билан бирга, Тэффи иқтидори мухлислари мутлақо қарама-қарши сиёсий қараш ва эътиқод эгалари (масалан, Россия императори Николай II ва Ленин) бўлганлар. Ленин эса, мазкур тарихий шахслар замондошларининг эътирофларича, ҳатто бу ёзувчи аёлга ошиқ бўлган экан.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
“Илҳом” театрининг етакчи актёри Георгий Дмитриев етакчилигидаги мусиқий-бадиий салон шу йил баҳорида ташкил этилган. Унинг асосий мақсади Ўзбекистон пойтахтининг мусиқа, рангтасвир, шеърият ва театрга қизиққан ижодкор зиёлилари қачонлардир Тошкентда ташкил этган анъанавий салонни қайта тирилтириш бўлган.

Айнан шу салонларда ёш рассомлар бир-бирларининг ижоди билан танишган, шоирлар ўзларининг асарларини ўқиган, актерлар ўзларининг адабий ўқиш дастурларини тақдим этган, бошловчи қўшиқчилар ва эътибор қозонган хонандалар эса катта саҳнада ижро этолмаган мусиқий асарларни ижро этгандилар. Бу салонлардан кейинчалик шаҳар ва мамлакатнинг маданий ҳаётида катта из қолдирган моҳир санъаткорлар етишиб чиққандилар.

Салон иш бошлаганидан буён Георгий Дмитриев бошловчи актёрлар ва мусиқачиларнинг бир неча концерт дастурларини ташкил этишга улгурган. Мисол учун, салон доирасида у ўтган баҳор охирида Москвадаги гастроллар чоғида фожеавий ҳалок бўлган акаси, “Илҳом” театрининг таниқли актери Евгений Дмитриевнинг хотира кечасини тайёрлаган.

Октябрь ойининг охирги душанбасида салон доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марина Турпищева иштирокида Бир актер кечаси бўлиб ўтади. Ноябрь ойи охирида эса халқаро ва республика кўрик-танловларининг совриндорлари Мадина Файзиева ҳамда Марат Гумаров ижросида фортепиано оҳанглари кечасини ўтказиш режаланган.