19:49 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Талдиқ довони: Буюк ипак йўли бугун ва эртага

25.09.2006 08:28 msk

Андрей Кудряшов (Ўш)

Ўш шаҳридан Талдиқ довонигача бўлган автомобиль йўлини замонавий магистрал йўл деб аташ қийин. У кўпроқ қишлоқнинг ўнқир-чўнқир йўлларини эслатади. Аммо бу транспорт артерияси Марказий Осиёдаги аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган Фарғона водийсини қадимдан Қашқар ва Хитойга йўл ўтган, бугунги кунгача ўзининг аввалги ҳолатини йўқотмаган Олой водийси билан боғлайди.

Буюк Ипак йўли тарихини насроний эрасидан аввалги 128 йилларда Довонга йўл олган хитойлик дипломат Чжан Цяннинг бу ерлардан ўтган пайтлардан бошлаб ҳисоблаш одат тусига кирган. Унинг миссияси муваффақиятли амалга ошмаган ва муваффақиятсиз ҳарбий юриш билан якунланган. Аммо ўшандан бошлаб савдо карвонлари жангари кўчманчилар яшовчи шимолий даштларни айланиб ўтишиб, баланд тоғли Олой орқали Хитойга мол олиб борар ва у ёқдан мол олиб келарди, Европанинг антик дунёси эса Хитой ипаги ва чойи билан танишганди.

Минареты в Гульче
Гулча миноралари. «Фарғона.Ру АА» фотоси
XIX асрда Марказий Осиёни ўзига қўшиб олган Россия империяси карвон йўлларини қўриқлаш тизимини барпо этиб, Хитой билан савдо-сотиқ қилишни рағбатлантирарди. 1892 йилда Ўшдан Қашқаргача бўлган йўлда Гулча тоғ дарёси қирғоғида қароргоҳ тикланиб, унда рус гарнизони жойлаштирилганди. Қўқонлик, тошкентлик, самарқандлик ва бухоролик савдогарлар ўша даврдаги кучли давлат паспорти ва ҳимоясига эга бўлгандилар.

Бир йил ўтгач эса Эргаштомга олиб борадиган қадим карвон йўли ҳам кенгайтирилган, у ерда Хитой чегараси ёнидаги рус заставаси 1885 йилдан бошлаб ишлай бошлаганди. Фарғонадан Хитойга пахтадан тайёрланган газламалар, темир буюмлар, шакар, тамаки ва гугурт олиб борилар, Хитойдан эса минг йиллар аввал бўлгани каби чой, ипак, чинни, тери олиб келинарди. Баланд тоғли чексиз яйловлардан иборат бўлган Олой водийси бутун Туркистон ўлкасига гўшт етказиб берарди. Тошкентдаги Олой гўшт бозори айнан ўша пайтда пайдо бўлган.

Империя бутун Помир устидан назорат ўрнатиш, келажакда Ҳиндистонга йўл очиш учун Олойдан Бадахшонгача йўл қурган. Аммо ХХ асрдаги тарихий ағдар-тўнтарлар минтақанинг сиёсий харитасини ўзгартириб юборган.

Разноцветные горы по дороге в Иркештам
Эргаштом йўлидаги рангин тоғлар. «Фарғона.Ру АА» фотоси
Бугунги кунда Буюк Ипак йўлининг бир қисми бўлган, XXI асрда Европа ва Яқин Шарқни қуруқликда ОТМ мамлакатлари билан бирлаштира оладиган Олой водийсига Хитой кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Тўқсонинчи йиллар ўрталаридаёқ Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон минтақавий магистрал йўл барпо этиш ҳақида келишиб олгандилар. Йўлнинг Ўзбекистондаги қисми 2000 йилда Тошкент вилоятини Фарғона водийси билан бирлаштирувчи Қамчиқ ва Резак довонларидаги икки туннель ҳамда юқори тезликда юриш мумкин бўлган йўл қурилиши ниҳоясига этиши билан якунланган. «Андижон-Ўш-Қашқар» йўл белгиларини бугун Тошкентнинг қоқ марказида кўриш мумкин. Хитой ҳам Қирғизистон чегараларигача бўлган жойдаги замонавий автотранспорт ва темирйўл инфратузилмаларини барпо этган. Йўлнинг Ўшдан Эргаштомгача бўлган қисмигина якунланмай қолган, Осиё Тараққиёт Банки ва Хитой молиявий кўмаги билан амалга оширилувчи мазкур участканинг тузатилиши ҳозирча 2008 йилга режалаштирилмоқда.

Торговля бензином на обочине ведется круглосуточно
Йўл ёқасида бензин савдоси кечаю кундуз тинмай давом этади. «Фарғона.Ру АА» фотоси
Шунинг учун ҳам жуда хушманзара ва экзотик жойлар бўйлаб ўтувчи тоғ йўлидан ҳозирча енгил автомобиль билан ўтиш қийин. Унда онда-сонда таъмирлаш устахоналари учраб қолади, АЁҚШ мутлақо йўқ, бензин эса шундоқ йўл ёқасида сувлардан бўшаган пластмасса идишларда сотилади. Йўл ёқасида баъзан қаҳвахоналарга ва ҳатто сайёҳлар учун махсус қурилган ўтовлар жамлоғига ҳам дуч келиш мумкин. «Фарғона.Ру» мухбирлари жамлоққа етиб боролмадилар: тоғ йўлидаги ўткир тошлар бу каби экстремал шароитларга мўлжалланмаган таҳририят «Opel»ининг ғилдиракларини илма-тешик қилиб юборди.

Аммо Эргаштомдан келадиган тоғ айлана йўли бўйлаб Хитойда ишлаб чиқарилган, Ўш ва Қорасув бозорларини тўлдирган энг арзон истеъмол моллари юкланган оғир юк машиналари кечаю кундуз ўрмалайди. Бу моллар, божхона тўсиқларига қарамай, ўзбекистонлик фуқароларнинг камтарона харид имкониятларини қаноатлантириш учун албатта Ўзбекистонга кириб боради. Ахир айнан шу имкониятлар, ҳукуматнинг протекционистик сиёсатига ҳам қарамай, охир-оқибат омма диди ва танловини белгилайди-да.

Грузовик, набитый китайскими товарами
Хитой моллари билан тўлдирилган юк машинаси. «Фарғона.Ру АА» фотоси
Ниҳоясиз ҳамда кўпинча таваккал рейсларга отланган ўшлик олибсотарлар ва ҳайдовчилар дам олиш нималигини билмайдилар. Йўлнинг энг оғир қисми денгиз сатҳидан 3615 метр баландликда, яъни Қамчиқдан қарийб 1000 метр баланд бўлган Талдиқ довони бўлиб ҳисобланади. Унда октябрдан июнгача қор бўлади ва ҳатто айни саратон палласида ҳам у ерда тунда сув музлаши мумкин. Аммо ҳайдовчиларнинг ўзларига кўра, ҳатто қиш ойларида ҳам бу довон орқали ҳаракат тўхтамайди. Замонавий «карвончилар» йўлни қор кўчкиларидан тозалаган пайтлар ҳам кўп учрайди. Баъзан дўзахий об-ҳаво шароитида ночор қолган ҳайдовчилар Олой водийсидаги тоғ қишлоқларида ойлаб қолиб кетишга мажбур бўладилар. Бир сўз билан айтганда, улар қисматини Буюк Ипак йўлининг карвон йўлларида қадим аждодлар кечирган турмуш билан тўла қиёсласа бўлади.

Умуман олганда, Ўшдан Эргаштомгача бўлган йўл халқаро траспорт йўлаги мақомини бошқа стратегик йўналишга бўшатиб бериши мумкин. Хитой ҳукумати Қашқардан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга темирйўл қуришни ўз режасига киритган. Даставвал «Пекиндан Парижгача» бўлган бу йўл (унинг қурилишида барча манфаатдор томонлар иштирок этишлари лозим эди) Олой водийси орқали ўтиши керак эди. Ўзбекистон айнан Эргаштом ва Ўш орқали Андижонга ўтиш йўналишини қаттиқ туриб ҳимоя қилмоқда. Аммо Қирғизистонга темирйўлнинг Норин вилояти орқали Жалолободга ўтказиш маъқулроқ бўлаётибди. Бу қурилиш кўпроқ ҳаражат талаб қилади, аммо у Қирғизистоннинг шимолий ва жанубий ҳудудларини боғлашга, шу билан бирга марказий Тиёншон иқтисодини жонлантиришга ёрдам беради. Қирғизистонлик сиёсатшуносларнинг айримлари ҳатто Олой водийси орқали Ўш ва Андижонга темирйўл қурилиши, асосан, Ўзбекистон манфаатларига мувофиқ келиши, у ҳолда Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам минтақадаги лидерга айланиб олиши хусусида фикр билдиргандилар. Бунда Қирғизистон шимолидан ажралиб қолган жанубнинг Россия ва Хитой томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ўзбекистон амбициялари»га қарши туриши қийин бўлиб қоларкан. Аммо бу темирйўл қурилиши, агар у яқин ўн йилликларда амалга ошган тақдирда ҳам, барча транспорт ва юк машиналари ҳаракатини барибир Ўш ва Қарқар йўналишидан мосуво қилолмаса керак.

Молодой китаец-торговец на рынке в Карасуу
Қорасув бозоридаги хитойлик ёш савдогар. «Фарғона.Ру АА» фотоси
«Фарғона.Ру» ахборот агентлиги мухбирлари билан бўлган суҳбатлар чоғида маҳаллий одамларнинг кўпчилиги президент Ислом Каримовнинг авторитар сиёсатига «кучли ва оқил», минтақадаги «тартибни сақлаш»га қаратилган сиёсат сифатида ижобий баҳо бердилар. Россия президенти Владимир Путин ҳақида эса қирғизлар янада ҳурмат билан сўзлайдилар. Шу билан бирга, иқтисодий манфаатларга қарамасдан, Хитой таъсирининг кучайиш истиқболлари бу ерда яшовчи кишиларда хавотир уйғотади. Уларнинг эътирофларига кўра, бу Қирғизистондаги мусулмонлар хитойликларни коммунистик ҳукумат томонидан бошқариладиган даҳрийлар деб ҳисоблаб, уларга шубҳа билан қарашларидан келиб чиққан. Бошқа томондан эса одиий одамлар транспорт йўллари очилиши билан аҳолиси кам бўлган Қирғизистонга хитойлик эмигрантлар оломони ёпирилиб кириши ҳамда уларнинг маҳаллий аҳолига турмушнинг барча жабҳаларида кучли рақобат туғдириши мумкинлигидан чўчийдилар.

Иқтисодиёт ва геосиёсатдан қатъий назар Олой водийси ва унинг атрофлари ҳар қандай сайёҳ орзу қилса арзийдиган жойдир.

Горные обрывы плато Ташкура
«Фарғона.Ру АА» фотоси
Ўшдан Талдиқ довонигача бўлган йўлда одамни чўчитадиган мўъжизалар рўй бериб боради. Инсон тахайюли яратишга ожиз бўлган тўғри геометрик шаклли турфаранг қоялар. Остларидаги булоқ сувларидан тўйинган шаффоф тоғ ботқоқликлари. Шифобахш ва қайноқ булоқлар. Уч томони жарлик билан ўралган, ҳалигача қўй подаларини ҳайдаб чиқиладиган Тошқур ясситоғлиги чўққиси. Ўз мозорлари ва миноралари билан гўё вақт оралаб ўтган асрлардан бизнинг кунларга тушиб қолган ғайриоддий Гулча шаҳри.

«Фарғона.Ру АА» фотоси
Ҳар бир бурилиш ортида аввал кўрмаган бир нарсага дуч келиш мумкин бўлган бу йўлда бошқа ташвишлар билан андармон бўлмаган саёҳатчи ўз таассуротлари оғушига чўмароқ, сўфийларнинг «Сизни ичдан муттасил излаш ва кутишга мажбур қилаётган нарса аслида сиз кутган ва излаган нарсанинг ўзидир» ҳикмати шуурида ёришиб бораётганини туйқусдан илғай бошлайди.