20:47 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда руминиялик фоторассом Теодор Раду Пантеанинг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

23.09.2006 11:49 msk

Сид Янишев

21 сентябрь куни Тошкент Фотография уйида руминиялик таниқли фоторассом Теодор Раду Пантеа шахсий кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Кўргазма экспозициясини ташкил этган унинг қирқ бешта сурати устанинг бадиий услуби ҳақида кенг кўламли тасаввур беради.

Қайд этиш жоизки, Руминия санъати ўзбек томошабинига яхши таниш эмас. Румин режиссёрлари томонидан суратга олинган ёки румин пьесалари ва сценарийлари асосида қўйилган (“Реванш”, “Номсиз юлдуз”...) каби асарларни кўпчилик унча яхши эслолмаса ҳам керак. Кўргазма очилиши чоғида тошкентлик томошабинлар Пантеа ижоди билан бир йил аввал Учинчи Тошкент Халқаро Фотобиенналесига келган пайтда танишгани маълум бўлди, ўшанда Ўзбекистонга келган фоторассомнинг ўз хизматини ўтаб бўлган паровоз тасвири туширилган “Ишнинг тугаши II” фотосурати тақдим этилган эди.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Теодор Раду Пантеа жаҳонга танилган фоторассомдир. Унинг кўргазмалари дунёнинг 160 мамлакатида намойиш этилган. Руминиянинг Орадеа шаҳридаги университетнинг Визуал санъат факультети ўқитувчиси бўлган фоторассом EFIAP (Халқаро Фотосанъат федерациясининг хизмат кўрсатган рассоми) унвони соҳиби бўлиб ҳам ҳисобланади.

Бундан ташқари, Пантеа бир қатор халқаро фотосурат ассоциациялари аъзоси, кўплаб халқаро мукофотлар совриндори ва FIAP бронза нишони соҳиби бўлиб ҳисобланади, мазкур нишон унга III Одесса фотосалонида “Йўқликка тикилган нигоҳ” (бу иш Тошкентдаги экспозициядан ҳам ўрин олган) иши учун топширилганди.

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
Кўргазмада уч мавзу ёки сериядаги фотосуратлар ёрқинроқ ифодаланган: сюрреалистик муҳитга жо қилинган яланғоч аёллар, эски паровозлар уюми ва табиат манзаралари. Баъзан бу мавзулар кесишиб кетган. Пантеа асарларининг кўпчилиги оқ-қора тасвирдаги ишлар ёки эски фотосуратдай кўринадиган, “сепия” эффектидан фойдаланиб ишланган фотосуратлардир.

Яланғоч моделлар билан олинган барча фотосуратлар ясама бўлиб, бу сюрреалистик эффектни кучайтиради.

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
Рассом “ўз” аёлларини нореал ҳолатга жо қилиб тасвирлашга уринади ва умуман олганда, табиат манзараларидан фарқли ўлароқ у бунинг уддасидан чиқолган. Табиат манзаралари тасвирланган фотосуратларда тасвир объектлари унча қизиқиш уйғотмайди ёки рассом томонидан бошқа ракурсда кўрсатилади. Балки рангли бўлганида денгиз ёки қоялар жозиброқ ва чиройлироқ кўринган бўларди, аммо оқ-қора тасвирда улар кулранг ва таниш қийин бўлган ҳолда акс этади. Қайд этиш жоизки, бундай объектларни суратга олишда Пантеа Александр Раевский, Владимир Жирнов ва Эрнест Қуртвелиев каби ўзбекистонлик фоторассомлардан анча ортда қолади.

Теодор Раду Пантеанинг шахсий кўргазмаси 2006 йилнинг 10 октябригача давом этади.