23:29 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Душанбе-Москва» поезди: чипта сотиб олиш мушкул, кўзланган манзилга етиб олиш эса ундан ҳам мушкул

22.09.2006 11:23 msk

Наталья Зотова

Узоқ вақтгача Душанбедан қатновчи поезд фақат Астрахангача келарди. Шу сабабли ҳам Астрахань Ўрта Осиёдан Россияга келаётган муҳожирлар учун тушиш жойи бўлиб хизмат қилган. Яқинда Москвагача юрадиган поезд қатнови яна йўлга қўйилди; мазкур поезд Душанбега қарашли бўлиб, ҳафтасига беш кун қатнайди. Поездларнинг кўпчилиги Душанбе-Москва йўналиши бўйлаб юради, шунингдек, Кўлоб-Москва поезди ҳам бор. Поезд тўрт кеча-кундузга яқин йўл босиб, тўртта чегара - Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистондан ўтиб, ниҳоят Астрахань яқинидаги Оқсарой ша¬ҳридаги Россия чегараларидан кесиб ўтади.

Чегараларнинг ва шунга мувофиқ божхона масканларининг кўплиги поезд йўловчиларининг аксариятини ташкил қилувчи меҳнат муҳожирлари учун анча муаммо туғдиради. Россияга келишда ҳам, уйга қайтишда ҳам одамлар ёнларида фақат йўлга етадиган – озиқ-овқат ва поездни текширувчи турли тузилма ходимларига (чегарачилар, божхона, милиция ходимлари ва ҳ.) “ўлпон” тўлаш учун кетадиган пул олишиб, бошқа маблағ олмасликнинг пайида бўладилар. Поезд атрофида йўловчиларни тўновчи “манфаатдор шахслар”нинг бутун бошли жамоати шаклланган. Масалан, Россияга киришда, Оқсаройда чегара назорати, божхона ва ИИТБ ходимлари вагонлар бўйлаб юриб ўтадилар; ҳар бир хизмат вакиллари киши бошига 200 рублдан (ҳаммаси бўлиб 600 рубль) йиғиб оладилар. Ҳатто проводникларнинг ўзлари ҳам ўз ҳамюртлари устидан “пул ишлайдилар”. Бизга проводниклар аслида бепул бериладиган миграцион карта учун 100 рублдан пул йиғилган ҳоллар ҳам маълум. Ҳатто битта вагон миқёсида олинганда ҳам бунда анча катта маблағ йиғилади.

Ўрта Осиё поездлари атрофида ўзига хос чипта мафияси ҳам шаклланган. Ўтмишда бунга бевосита алоқадор бўлган шахсларнинг айтиб беришларича, оддий муҳожир уйга чипта сотиб олиш учун касса олдига яқинлаша олмас экан. Унга шунчаки чипта сотмас эканлар. Вокзалда одамларни воситачилар кутиб оладилар, улар чипта нархи устидан 500-600 рубль олиб, чипта топиб беришни таклиф қилар эканлар.

Аксарайск, ворота в Россию для мигрантов из Средней Азии
Оқсарой - Ўрта Осиёдан келувчи муҳожирлар учун Россия дарвозаси. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Уйга айниқса ёз охирлаган пайтда кетиш қийинлашиб кетади: поездлар Москвадан тўлиб-тошган ҳолда кетадилар. Мавсумда далаларда бироз пул топган оддий одамлар, ҳойнаҳой, ортиқча пул тўлаш имконига ва шунга мувофиқ, чипта сотиб олиш имкониятига эга бўлмайдилар. Оқсаройдаги вокзалда мен одамлар уйга қайтиш умидида оилалари ва болалари билан бирга бир неча кунлаб перронда ётганларининг гувоҳи бўлдим. Бундай оилавий “бригадалар” кўпроқ Ўзбекистон таркибига кирувчи Қорақалпоғистон мухтор республикаси аҳолисидан ташкил топган бўлади.

Бироқ, ҳатто қўлида чиптаси борлар ҳам уйга бемалол кета олмайдилар. Оқсаройда поезд темир тўсиқ ортидаги йўлга тўхтайди, шунинг учун ҳам поездга ўтириш учун йўловчилар ўзларининг арзанда чипталари билан албатта милиция ходимлари ва бошқалардан иборат барча “йўлак”лардан ҳамда перрондаги ягона ўтиш жойидан ўтиб олиш керак бўлади. Айтишларича, одамларни кўпинча битта жойга тўплашиб: “Ҳар бирингиз 800 рублдан беринглар, бўлмаса поездга чиқолмайсизлар” дейдилар (ваҳолонки, уларнинг қўлларида чипта бор!). Агар одамлар пул бермайдиган бўлсалар, чегарачилар уларни поезд ўрнидан жилгунча «текшираверадилар». Ҳатто бир марта эр боласи билан поездга ўтириб, хотини перронда қолиб кетган пайт ҳам бўлган. Айтишларича, бу каби «текширув» пайтида гиёҳванд моддалар ташлаб қўйишлари ҳам мумкин экан.

Группа милиционеров, ожидающих душанбинский поезд на маленькой станции Харабали
Чоғроқ Харабали станциясида Душанбе поезидини кутаётган милиционерлар гуруҳи. «Фарғона.Ру АА» фотосурати
Умуман олганда, поезд атрофидаги вазият барча манфаатдор тузилмалар учун фойдалилиги шубҳасиздир. Поездда ишловчи душанбелик рус қизининг қайд этишича: «Уларнинг ҳаммасига ачиниб кетасан, ахир болалар пул топгани кетаяптилар, уларни уйларида ота-оналари, оилалари кутиб ўтирибди. Баъзан менда бу поездда худди моҳовлар олиб кетилаётгандек тасаввур уйғонади. Уларни ҳамма ва ҳар жойда талайди…» Албатта, ички ва ташқи текширувлар, терговлар бўлиб туради. Ҳар турли хизмат бошлиқларию ходимларини ишдан олиниб, бошқа одамлар билан алмаштириб турилади. Хизмат вазифасининг суиистеъмол қилинишини текширишда Тожикистон элчихонаси қошидаги «Пайванд» жамияти ҳамда «Тожикони Россия» газетаси ходимлари катта роль ўйнайдилар. Бироқ уларнинг алам билан қайд этишларича: «Ўғирлик ва коррупция гуллаб-яшнаяпти. Бугун биттаси ишдан олинса, эртага унинг ўрнига худди шунақаси ўтиради».

«Душанбе-Москва» поезди йўловчилари ўзининг таркиби ва ёши билан Ўрта Осиё меҳнат муҳожирлари ёши ва тузилишини такрорлайди. Уларнинг аксарияти 40-45 ёшгача бўлган ёш йигит-қизлар бўлиб, йигирма-ўттиз ёшлилар йўловчилар орасида кўпчиликни ташкил қилади. Поездда аёллар жуда кам, чунки пул топиш учун камдан-кам одам оиласи билан бирга йўлга чиқади. Йўловчилар орасида савдо билан шуғулланувчи 40 ёшгача бўлган аёллар ҳам учраб туради.

РОССИЯДАГИ МУВАФФАҚИЯТ ТАРИХИ

Йигирма саккиз ёшли Назри исмли йигит асли Кўлоб вилоятидан. Москвага учинчи марта бориши. Подмосковьеда яшаб, ишлайди, рус тилида жуда яхши сўзлайди. Душанбеда муҳандисликка ўқиган, аммо бешинчи курсда ўқишни ташлашига тўғри келган: ўқишга пул бўлмаган. Москвага биринчи бор келганида унинг ҳеч қандай таниши бўлмаган. Аммо у Киев вокзали олдидаги бозорда ҳаммол бўлиб ишга жойлашолган. Бир куни бозорга ишчи излаб келган кишилар Назрига йўлиқишиб, фаолиятни ўзгартиришни таклиф қилганлар. Энди у қурилишда ишлайди, уларнинг бригадаси Шчелковск туманида фабрика қураяпти.

Бригадир и проводник состава
Поезд бригадири ва проводниги. «Фарғона.Ру АА» фотосурати
Бунгача Назри Россияга икки марта келган, дастлаб икки ярим йил, кейин бир ярим йил ишлаган. Шунингдек, унинг тоғаси яшайдиган Кемерово ҳамда Новокузнецкда ҳам бўлган. Назри бу сафар Подмосковьеда қанча бўлишини билмайди, ҳаммаси вазиятга бо¬ғлиқ. Унинг «таътил»и узоқ вақтга – ноябрдан августгача чўзилди, аммо у бу давр ичида уйланди. «Яхшироқ ўрнашиб олсам, хотинимни ҳам олиб келаман», - дейди у. Ҳозирча эса хотини қайнонаси билан қолган. Унинг 22 ёшли укаси ҳам Москва яқинидаги Раменскда, ўша қурилиш фирмасида ишлайди.

Ҳозир Назри ўзининг Россиядаги турмушидан мамнун. Унга бу ердаги ҳаёт ёқади (ҳатто об-ҳаво ҳам), анчадан бери бўлмагани учун у бу мамлакатни соғинган. Унинг бригадасида қариндошлари ва юртдошлари ишлайдилар; уларнинг ҳаммаси фирма тақдим этган ётоқхонада яшайдилар. Ёлловчи фирма ишчиларга ишлаш учун рухсатнома ҳамда қайд қоғозини расмийлаштиради. Иш ҳақи ишбай асосида тўланади. Ётоқхонада дўстлари йиғилишиб, Наврўз, Янги йил, Қурбон ҳайит каби байрамларни биргаликда ўтказадилар. Катта байрамлар пайтида Москванинг Поклонная горасида жойлашган масжидга борадилар, аммо ишнинг кўплиги масжидга ҳар жума боришга имкон бермайди. Фирма раҳбарияти ишчиларга Қурбон ҳайитида дам беради (шу ўринда фирма хўжайини рус эканини қайд этиш жоиз). Ҳаммасида расмий қайд қоғозлари бўлгани учун Назри катта муаммоларга дуч келмайди. Ягона камчилик раҳбариятнинг касалхона варақаларига пул тўламаслигидир. Шунга қарамай, агар врачга учраш керак бўлса, ўз ҳисобингиздан поликлиникага боришингиз мумкин.

Албатта, агар шарт-шароит яхши бўлганда, Назри ўз юртида ишлашни истарди. Бироқ ҳозирча бу орзу бўлиб қолмоқда. Қишлоқда унинг уй қуриш мумкин бўлган чоғроқ участкаси бор. Қишлоқдаги ёшларнинг кўпчилиги пул топиш учун кетганлар; уйда фақат аёллар, болалар ва чоллар қолган. Онаси ўз ўғилларидан хурсанд, чунки уй эркаксиз қолмасин учун ака-укалар навбат билан уйга келиб турадилар.

Россияда иш ва турмушнинг муваффақиятли кечаётганини Назри поездда ўз дўсти билан кетаётганидан ҳам билса бўлади, Назри уни ўз фирмасига ишга жойлаштирмоқчи (унинг дўсти Россияга биринчи марта кетаяпти ва рус тилини умуман билмайди). Фақат Назри каби аҳволи нисбатан барқарор бўлган кишиларгина келажакка ишонч билан қарашлари ва дўстларини ишга жойлаштиришлари мумкин.

УЙГА ҚАЙТИШ

Энди эса меҳнат муҳожирларининг Россияда ўз оилалари билан бирга ишга жойлашмоқчи бўлган, камдан-кам учрайдиган ҳол билан танишамиз.

Мигрант с семьей
Муҳожир ўз оиласи билан. “Фарғона.Ру АА” фотосурати
Асли душанбелик бўлган Камолиддин Самара вилоятида саккиз йилдан буён ишлайди. У бир неча йил олдин бу ерга кўчириб келган ва вилоятдан уй сотиб олган. Камолиддин ўз акаси ва бошқа қариндошлари билан қурилиш бригадасида турли объектларда ишларди, хотини ва етти боласи уни уйда кутиб қолардилар. Бу оила менга Волгоградда Душанбе поездига ўтираётган пайтда йўлиқди. Афсуски, Камолиддин ўз болаларини уйга олиб кетаётган экан. “Ўйлаганимиздай бўлмади”, - дея руҳсиз қайд этади у. Болалар мактабга боролмаганлар, Россияда бир ўзининг оила боқиши унга қийин бўлган. “Улар уйда яшаб туришларига тўғри келади, мен эса пул топиб, уларга юбориб тураман”.

КАТТА УМИДЛАР

Тожикистоннинг турли жойларидан йиғилган муҳожирларнинг кўпчилиги Россияга Тожикистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги таклифига биноан борган. Гуруҳ 57 кишидан иборат бўлиб, улар Волгоградда бошқа транспортга ўтириб, Краснодар ўлкасига ишга жўнашлари керак. Гуруҳ таркибида Тожикистоннинг турли жойларидан келган кишилар бўлиб, айтишларича, улар таниш-билишлар орқали бу гуруҳга қўшилганлар. Одамларнинг йўлкиралари ва озиқ-овқатлари учун пул тўлаб берилган. Уюштирувчилар ҳатто йўлга пул олмасликни ҳам таклиф қилгандилар, Россияда ишга жойлаштириш ва уй билан таъминлашни кафолатлагандилар. Тожикистон Меҳнат вазирлиги вакилига кўра, ёлловчи фирмалар билан олдиндан шартномалар тузилади, муҳожирларга бир йил муддатга иш рухсатномаси расмийлаштириб бериш кафолатланади.

Посадка на поезд в Харабали
Харабалида поездга чиқиш. “Фарғона.Ру АА” фотосурати
Албатта, буларнинг ҳаммаси қулоққа чиройли эшитилади. Бироқ аччиқ тажрибаларни бошдан ўтказган одамлар ташкилотчиларнинг ваъдаларига тўла ишонавермайдилар. Аммо улар ҳаммаси яхши бўлишига умид қиладилар, вагонда гуруҳни қишки Олимпиада объектларини қуриш учун Сочига юборишлари мумкинлиги ҳақида жонли баҳс борарди. “Жуда бўлмаганда, Краснодарда фирма кўп, иш топамиз”. Тожикларни, муҳожирларнинг қайд этишларича, бажонидил ишга ёллайдилар, “ахир биз ичмаймиз, чекмаймиз, яхши ишлаймиз”, аммо уларни тез-тез “доғда қолдириб кетадилар”. Ойликларни бермаслик ҳоллари жуда кўп бўлади, масалан, шу гуруҳдаги кишилардан бири Свердловскда бир йил ишлаб, ҳечам ҳақини ололмаган. Шунинг учун ҳам Россияга биринчи марта кетаётган ёш йигитларнинг бошларида хавотир ва умид аралашиб кетган.

Душанбелик ёш йигит иш истиқболини айниқса жўшқинлик билан муҳокама қиларди. У Россияда пул топиб келиш учун ота-онасини зўрға кўндирган, чунки унинг акалари Россияга пул топиш учун кетган бўлиб, кенжа ўғил бўлгани учун у уйда қолган экан. Менинг бу йигитга чин юракдан омад тилагим келди, чунки ота-онаси уни пул билан кутиб олишлари учун, уларнинг умидларини оқлаш учун унга омад жудаям зарур. Балки у ўз тўйига пул йиғиб келар.

Дарвоқе, ота-оналар ҳам қўлдан келганча болаларини ҳимоя қилишга ҳаракат қиладилар. Кўп болаларнинг қўлларига дуолар битилган тумор тақилган...

***

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА: Зотова Наталья Александровна – тарих фанлари номзоди, РФА этнология и антропология институтининг илмий ходими. Москвада яшайди.