02:05 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентлик рассом Вячеслав Охунов “Шаргород” халқаро арт-фестивалида иштирок этди

21.09.2006 17:47 msk

Сид Янишев

Украинанинг Винницк вилоятида жойлашган Шаргород шаҳарчасида биринчи марта “Шаргород” халқаро арт-фестивали бўлиб ўтди. У ҳақда асли фарғоналик бўлган, ҳозирда Тошкентда яшаб, ижод қилаётган таниқли рассом, носир ва режиссёр Вячаслав Охунов ўзининг қирғизистонлик дўсти ва ҳамкасби Улан Жапаровдан тасодифан эшитиб қолган. В. Охунов У. Жапаров тавсияси билан Ўзбекистондан фестивалга таклиф этилган ягона рассом бўлган.

Шаргородга Жапаров ва Охуновдан ташқари, Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Калининград, Саратов, Киев ва Одессадан ҳам рассомлар келганлар. Шунингдек, анжуманда Бельгия, Польша, Швеция, Франциядан ҳаммаси бўлиб элликдан зиёд ижодкор зиёлилар иштирок этганлар.

Охуновга кўра, “Шаргород” фестивали ёшлигида Москвага кўчиб кетган тадбиркордан ўзининг қадрдон шаҳрига совға бўлган. Фестиваль улкан муваффақият билан ўтган, у замонавий санъатдан унча бохабар бўлмаган шаҳар маъмуриятига ҳам, маҳаллий аҳолига ҳам жуда ёққан.

В.Ахунов
В. Охунов. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Фестиваль кўпроқ замонавий санъатнинг иснталяция, пермоманс, видео-арт каби турларига мўлжалланган, аммо шу билан бирга иштирокчиларга қўйилган асосий талаб классик ранг-тасвир асосларидан бохабар бўлиш эди.

Бу шартлар тасодифий эмасди: барча иштирокчилар олиб келган тайёр ишлари билан биргаликда кўргазма кунлари томошабинлар кўз ўнгида қандайдир ранг-тасвир асарини яратишлари керак эди.

Бунинг учун улкан устахонага айлантирилган болаларнинг спорт мактаби спорт залида анжуман ташкилотчилари томонидан кўплаб холстлар, бўёқлар ва мўйқаламлар келтирилганди.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Вячеслав Охунов фестивалда еттита лойиҳа тақдим этган. Масалан, “Компас одам” номли оригинал ва қувноқ перформансни олиш мумкин. Бунинг учун у бошдан-оёқ турли-туман шаклдаги компаслар осиб олган ва шаргородликларни танг қолдириб, шу аҳволда шаҳар бўйлаб сайр қилиб юрган. Одамларнинг “бу нимани англатади, ё бизнинг фақат битта марказий кўчага эга бўлган чекка шаҳарчамизда адашиб қолишдан қўрқаяпсизми?” деган саволларига Охунов компас унинг ўзи “битта йўналишни танлаб, фақат бир томонга – замонавий санъат томонга ҳаракатланаётгани каби” фақат бир томонни – шимолни кўрсатиб туришини айтган.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Фестиваль доирасида Вячаслав Охунов ўзининг бир неча видеоартини ҳам тақдим этган ҳамда бошқа рассомлар каби бир неча ранг-тасвир асарларини ёзган. Фестиваль ёпилиш чоғида бу картиналарнинг барчаси Ленин номли марказий кўча бўйлаб деворларга, турар-жой бинолари, маъмурий бинолар ва дўконлар деворларига осиб ташланган. Шу тариқа, шаҳарнинг ярмидан кўпроқ қисми улкан галереяга айланган. Кўргазма пайтида ёзилган барча асарлар Шаргородда қолган ва бу чекка шаҳарча аҳолисининг ўз замонавий санъат коллекцияси пайдо бўлган.