00:26 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини бир хил сценарий бўйича ҳибсга олмоқдалар

19.09.2006 15:32 msk

Uznews.net

Сентябрь ойининг биринчи ярмида ҳуқуқ ҳимоячиси, “Бирлик” партиясининг Наманган вилоят бўлими раиси Муҳаммадали Қорабоев ва жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳибсга олинганлар, деб хабар беради Uznews.net. Қўлга олиш бир хил сценарий асосида содир этилган – ҳуқуқ ҳимоячиларига пул ташлаб қўйилиб, кейин уларни пора олганликда ва юлғичликда айблаб ҳибсга олганлар.

Журналистнинг опаси Ҳайдарова Нортожига кўра, 14 сентябрь куни Улуғбек Жиззахнинг “Заргарлик” маҳалласидаги автобус бекатида турганида унинг олдига бир аёл яқинлашиб, унинг чўнтагига пул тиқиб, қочиб қолган. Улуғбек бунинг фитна эканини тушуниб, ўша заҳотиёқ чўнтагидан пулни олиб, четга отиб юборган, бироқ шу пайт унинг олдига тўрт киши чопиб келишиб, унинг қўлини қайиришиб, ҳибсга олганлар.

Айни дамда Улуғбек Ҳайдаров Жиззах шаҳар милиция бошқармасининг тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Нортожи Ҳайдаровага кўра, унинг укаси 165-модда (“юлғичлик”) бўйича айбланмоқда, бунинг учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш шаклида жазо олиш мумкин.

Улуғбек Ҳайдаров 43 ёшда, кўп йиллар мобайнида Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) Жиззах вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган, бу ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2005 йилнинг май ойида бўлиб ўтган Андижон воқеаларидан кейин ёпилганди.

Бир ҳафта аввал, 9 сентябрь куни Наманганда ҳуқуқ ҳимоячиси, “Бирлик” партиясининг Наманган вилоят бўлими раиси Муҳаммадали Қорабоев ҳибсга олинганди.

Қорабоев ўғлининг айтиб беришича, 9 сентябрь оқшомида уларнинг уйига қандайдир одам келиб, унинг отасига халта ташлаб кетган. Қорабоевнинг яқинлари бу халтада муҳим ҳужжатлар бўлса керак, деб ўйлашиб, уни очиб ҳам кўрмаганлар. Орадан бироз ўтгач эса уларнинг уйига милиция ходимлари келишиб, уйни тинтув қилганлар ва ичида пул бўлган ўша халтани топиб олганлар.

Наманган вилоят прокурорининг санкциясига кўра Муҳаммадали Қорабоев ҳибсга олинган. Унга қарши худди ўша модда - 165-модда бўйича жиноий иш қўзғатилган. Иш Мингбулоқ туманига қарашли “Гигант” ширкат хўжалиги раиси Бахтиёр Деҳқонов исмли шахснинг аризаси асосида қўзғатилганди. Пулни ҳам Қорабоевлар уйига айнан шу Деҳқоновнинг ҳайдовчиси олиб келган.

Ҳозирда Қорабоев Наманган шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Бу орада, 12 сентябрь куни Жиззахда яна бир мустақил журналист – Жамшид Каримов йўқолиб қолган. Унинг онаси Маргарита Каримова ўшандан буён ўғлининг дараги чиқиб қолишига умид қилиб, Жиззах вилоят МХХ ва милициясига мунтазам қўнғироқ қилиб турибди, бироқ унга Жамшиднинг бу жойларда эмаслиги ҳамда у ҳақда ҳеч нарса билмасликларини айтмоқдалар. М. Каримова Жиззах вилоят ҳокимига ҳам, президент девонига ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилган, аммо бундан бирор натижа чиқмаган.

М. Каримова унинг ўғли Миллий хавфсизлик хизматида ҳибсда ушлаб турилибди, дея гумон қилади. У Жамшид онасини огоҳлантирмасдан бирор ёққа кетиб қолиши мумкин эмасди, дея қатъий ишонади. Бундан ташқари, у ўзи билан ҳеч нарса олмаган, унинг паспорти эса Тошкентда бўлган. У чиқиш визаси олиш учун паспортини бир неча кун аввал Тошкентдаги ВҚБга топширганди.

Қайд этиб ўтишни истардикки, Жамшид Каримов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни бўлиб ҳисобланади: Жамшид унинг катта акаси Асрлоннинг ўғли. Бироқ, Uznews.net маълумотларига кўра, бу қариндошлик Жамшид Каримовга кам ёрдам берган, чунки, биринчидан, президент қариндошлари борлигини аллақачон унутиб юборган, у Жамшидларникига охирги марта 17 йил аввал - акаси ўлганда келган; иккинчидан, Жиззах вилояти расмийлари мустақил матбуотни шу қадар ёмон кўрадиларки, анчадан буён ҳатто президентнинг қариндошларини ҳам аяб ўтирмайдиган бўлганлар.

Голландиядан бошпана топган наманганлик ҳуқуқ ҳимоячиси Собит Устабоев бугунги кунда Ўзбекистонда ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланиш имконсиз бир ишга айланган, деб ҳисоблайди. “Жуда оғир кунлар бошланди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятини давом эттириш ёки мухолифатни қўллаб-қувватлаш ўзингизни катта хавфга рўбарў қилиш демакдир”, - дейди Устабоев.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қатағоннинг кучайишига Ўзбекистонга андижонлик қочоқларнинг қайтиб кела бошлаганлари-ю, ўзларининг журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари алдови қурбонига айланганларини очиқ билдира бошлаганлари сабаб бўлган. Гарчанд “улар аслида нима бўлганини жуда яхши биладилар. Аммо уларнинг ёлғони расмийларга ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга қарши қатағонларнинг янада кескинроқ тарзда давом эттиришга имкон яратди”, - дея таъкидлайди Собит Устабоев.