08:46 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда Ўзбекистон тарихида биринчи марта сюрреализм асосчиси Макс Эрнст кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

15.09.2006 21:59 msk

Сид Янишев

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий банки қошидаги Тошкент Тасвирий санъат галереясида машҳур немис рассоми Макс Эрнстнинг 115 йиллик юбилейига бағишланган кўргазма очилди.

Кўргазма Гёте институти ва Штутгарт ҳорижий мамлакатлар билан алоқалар Институти (Германия) томонидан ташкил этилган. Тошкентлик санъат ихлосмандлари биринчи марта ХХ асрда яшаб ўтган йирик немис рассоми, дадаизм ва сюрреализм каби йўналишлар асосчиларидан бирининг ҳақиқий ишларини кўра оладилар.

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
“Макс Эрнст. Китоблар ва графика” дея номланган кўргазма экспозициясида 196 та график иш ва рассомнинг дўстлари китобларига ишланган 26 та безак ишлари тақдим этилган. Улар орасида Андре Бретон ва Франц Кафка китобларига ишланган чигзилар бор.

Кўргазма доирасида Макс Эрнст ҳамда унинг сафдошлари ҳисобланмиш Сальвадор Дали, Луис Бунюэль ва Ҳанс Рихтер ижодига бағишланган бир неча маърузалар ўқилди. Шунингдек, замонавий немис режиссёри Петер Шамоннинг “Макс Эрнст. Менинг саргардонлигим – менинг хавотирларим” ҳужжатли фильми ҳам тақдим этилди.

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
Кўргазма 12 октябрга қадар давом этади.

***

Макс Эрнст 1981 йили Германиянинг Брюль шаҳарчасида таваллуд топган. 1919 йилда Кёльнда дадаистлар гуруҳини ташкил қилишда иштирок этган. Дадаизм Биринчи Жаҳон урушидан ҳафсаласи пир бўлган ҳамда мавжуд ижтимоий, маънавий ва бадиий қадриятларни рад этишга уринган рассомлар, ёзувчилар ва танқидчилар орасида 1916 йилда Швейцарияда пайдо бўлган ҳаракатдир. Дадаизм (dadaisme – французча dada - ёғоч от, болалар ўйинчоғи сўзидан олинган) – авангардистик адабий-бадиий оқим бўлиб, у 1916-1922 йиллар тараққий этган ва муайян жанжалли, ножўя қилиқларда акс этарди.

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
Йигирманчи йилларда дадаизм Францияда сюрреализм билан, Германияда эса экспрессионизм билан қўшилиб кетади. Ўша йилларда Эрнст ўзининг биринчи коллажларини яратган, у ўз коллажлари учун илмий нашрлар ва эски каталоглардан, плакатлар ва оммабоп романларнинг саҳифаларидан гравюралар оларди. Ўз матнидан олинган сюжет ва абсурд муҳитига кўчирилган лавҳа сюрреалистик тимсолга айланарди.

1922 йилда Эрнст Парижга кўчиб ўтади, у ерда рассом Андре Бретон ҳамда унинг атрофидаги рассомлар ва шоирлар билан бирлашиб, улар билан биргаликда санъатда ботиний шуур ҳақиқатини акс эттиришга ҳаракат қилган оқим бўлмиш сюрреализмга асос солади.

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
Техника қидириш йўлида Эрнст қўпол ёки ғадир-будур юзага эга бўлган текстурани қоғозга кўчириш - “фроттаж” бадиий йўналишини кашф этади. Масалан, варақ рандаланмаган ёғоч устига қўйилиб, тошқалам ёки кўмир билан ишқаланади; пировардида унинг устида қанақадир таниш шаклни эслатувчи тасвир ҳосил қилади, шундан сўнг рассом уни бўёқ билан безайди.

Оқибатда “фроттаж”дан “граттаж” йўналиши пайдо бўлган, ундан Эрнст ўз рангтасвир асарларида муваффақият билан фойдаланган. Граттаж бу тушь тўкилган қоғозни перо ёки бошқа ўткир асбоб билан тимдалаш орқали расм солиш усулидир.

Макс Эрнст Парижда, 1976 йилнинг 1 апрель куни - 85 ёшга киришига бир кун қолганда вафот этган.