14:51 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бирорта ҳам CD-диск ёки видеокассета экспертизадан ўтмай туриб Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилиши мумкин эмас

14.09.2006 17:04 msk

Сид Янишев

Ўзбекистондан бирор мамлакатга китоблар, кассеталар ёки дисклар жўнатишни истаган кишиларнинг ҳаммаси мазкур буюмларни почтада рухсатномасиз қабул қилишдан бош тортишларига дуч келади. Айни пайтда почтачиларнинг ўзлари ҳам бундай ҳужжатлар қаерда берилишини кўпам билавермайдилар: “Бу билан қаердадир Маданият вазирлигида қанақадир бўлим шуғулланади”.

Бундай қийинчиликларга чет элларда ўтказиладиган кўргазмалар ёки фестивалларда иштирок этиш учун ўз картиналарини мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган ўзбекистонлик рассомлар ҳам дуч келадилар. Улар ҳам “қаердадир Маданият вазирлигида” уларнинг картиналар “бадиий қийматга эга эмас”лиги ҳақида гувоҳлик берувчи мутлақо бемаъни қоғоз олишлари керак. Ҳар ҳолда аввал шунақа эди, таниш рассомлар гапириб бергандилар.

Биз Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигида рухсатнома бериш билан шуғулланадиган бўлим ҳозирда мустақил ташкилот сифатида ажралиб чиқиб кетгани, эндиликда алоҳида бинода жойлашган бу ташкилот Бадиий экспертиза бошқармаси деб аталишини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бугун, 14 сентябрь куни мазкур бошқарма ўзининг ўн йиллик юбилейини нишонламоқда, шу муносабат билан пойтахтдаги “Дархон” ресторанида Маданият ва спорт вазирлиги, божхона, милиция ва МХХ ходимларидан иборат меҳмонларни кутиш билан банд.

Оддий одамларнинг фикрича, мазкур бошқарма аҳолидан пул ундириш учун навбатдаги тўсиқ сифатида ташкил этилган. Бу ердан рухсатнома олиш учун энг камида икки минг сўм сарфлаш керак. Почта орқали фильмлар ёзилган CD юбормоқчи бўлганимда бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Бадиий экспертиза бошқармасида дискни компьютерда кўриб чиқишди, порнография ва террорчиликка ишоралар йўқлигига амин бўлишгач, ғилофлашиб, унга рухсатнома талонини ёпиштиришди. Фақат ана шундай ғилоф бўлгандагина почтачилар ахборот ташувчи ашёлар мавжуд бўлган посилка ва бандеролларни жўнатиш учун қабул қилиб оладилар.

Бошқарма юбилейи арафасида “Фарғона.Ру” АА мухбири унинг ходимлари билан суҳбатлашди.

Тулкун Арзиев
Тўлқин Арзиев. “Фарғона.Ру АА” фотоси
- Биз 1998 йилнинг 29 августида қабул қилинган “Маданий қийматга эга бўлган ашёларни олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни” ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартида чиққан “Маданий қийматга эга бўлган ашёларни олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори асосида ишлаймиз, - дейди Бошқарма раиси Тўлқин Арзиев. – Ҳамма ашёлар учун ҳам рухсатнома талаб қилинавермайди. Масалан, китоблардан бунга кўп жилдли асарлар, обуна нашрлари, луғатлар, маълумотномалар, энциклопедиялар киради. Бадиий адабиёт ёки дарсликлар эса мутлақо эркин юборилиши ёки олиб кирилиши мумкин. Қийинчиликлар эса почта бўлими ходимларининг барча қонун-қоидаларни билмаганлари учун эҳтиёт чораларини кўришларидан келиб чиқаётган бўлса керак.

Арзиевга кўра, маданий қадриятга эга бўлган ашёларни олиб чиқиб кетиш ва олиб кириш юзасидан назорат ўтган йили кучайтирилган, ўшанда ўзбекистонлик бир фуқаро XVIII асрга дахлдор йигирмата олтин тангани китоб муқоваси остига яшириб, уни почта орқали жўнатишга уринганди. Почтада бу юкни қабул қилганлар, олтинни эса чегарага борганда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари топганлар.

Барча CD-дисклар, видео ва аудиокассеталар ахборот ташувчи восита сифатида истисносиз Бадиий экспертиза бошқармасида текширувдан ўтиши керак, бошқарма ушбу воситаларда конституцион тузумни ағдариш, территориал яхлитликни бузиш, давлат мустақиллигига таҳдид, террорчилик, зўравонлик, диний экстремизмга даъват этиш кабилар ҳамда порнографик мазмундаги материалларнинг бор-йўқлигини текширади. Айна пайтда, Арзиевнинг эътирофича, Ўзбекистонда яланғоч одам тасвири туширилган ҳар қандай эротика порнография бўлиб ҳисобланади. Шу зайл, кўплаб классик кинодурдоналар ҳам ана шу моддага тушади. Шу билан боғлиқ равишда Тошкентдаги Янгиобод бозорида очиқдан-очиқ сотилаётган, порнографик мазмундаги CDлар қаердан келиб қолаётгани тушунарсизлигича қолаётир.

Рассомлар ўз ишларини чет элга олиб чиқиб кетишлари учун мазкур ишларнинг бадиий аҳамият касб этмаслиги ҳақида тасдиқнома олишлари юзасидан Арзиев Бошқарма у ёки бу хилдаги бадиий қийматга эга асарни фақат унинг яратилганига эллик йилдан ошмаган тақдирдагина ўша асарни олиб чиқиб кетиш учун гувоҳнома бериши мумкинлигини билдирди. Акс ҳолда, у Ўзбекистонда тарихий қиймат касб этиб, ҳатто хусусий мулк бўлса ҳам, олиб чиқиб кетилиши мумкин бўлмай қолади. Т. Арзиевнинг қатъий ишонишича, ҳатто Бадиий экспертиза бошқармаси гувоҳномасини олган тақдирда ҳам, тарихий ва маданий қийматга эга бўлган ашёларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишнинг имкони йўқ, бадиий экспертиза ўтказаётган экспертга пора бериш ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

- Ўзингиз ўйлаб кўринг: агар ҳатто бизнинг мутахассис буюмга нотўғри баҳо берган тақдирда ҳам, бу ашё барибир божхонада ушлаб қолинади, ёлғон экспертиза хулосасини бергани учун 238-модда бўйича мол-мулки мусодара этилган ҳолда саккиз йилдан ўн беш йилгача қамоқда ўтиришни ҳеч ким хоҳламайди, - дея таъкидлайди Тўлқин Арзиев.

Старинные иконы вывозу не подлежат
Қадимий иконаларни олиб чиқиб кетиш мумкин эмас. “Фарғона.Ру АА” фотосурати
Бироқ, биздаги маълумотларга кўра, тарихий ва маданий қийматга эга бўлган бу буюмлар аввал қандай олиб чиқиб кетилган бўлса, ҳозир ҳам шундай олиб чиқиб кетилмоқда. Масалан, ўн йилча аввал таниқли рассом Максим Новиков картиналаридан иборат катта коллекция Ўзбекистондан Россияга олиб чиқиб кетилганди. Мазкур коллекция муаллиф вафотидан сўнг унинг қизига хусусий мулк сифатида ўтган, у эса асарларни Россияга олиб чиқиб кетганди. Картиналар рассом томонидан, асосан, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ёзилган бўлиб, уларни олиб чиқиб кетиш мумкин эмасди.

Бошқарманинг экспертиза бўлими бошлиғи, санъатшунос Гулнора Акбаровага кўра, Новикова картиналарни олиб чиқиб кетиш учун рухсатнома сўраб мурожаат қилмаган, картиналар эса Бошқарма учун топишмоқ бўлган қандайдир “чап” йўллар билан олиб чиқиб кетилган. Эҳтимол, кимдир унга бевосита чегаранинг ўзида ёрдам қилгандир ёки коллекция қанақадир бошқа контрабанда йўллари билан олиб чиқиб кетилгандир, дея тахмин қилади Акбарова.

Яқинда чегарада божхоначилар томонидан православ иконалари ва XIX асрда ёзилган Инжил ушлаб қолинган, Бошқарма томонидан эса ўтган йили май ойида Андижонда содир бўлган воқеалар тасвири туширилган CDнинг почта орқали юборилишига йўл қўйилмаган.

- Андижон воқеалари акс этган дискни бир аёл почта орқали юборишга уринган экан, - дейди санъатшунос. – Боз устига, у ўз дискини кўриб чиқмасдан ғилофлаб беришни қаттиқ илтимос қилган. Аммо биз барибир уни кўриб чиқдик. Бу тасвирларни Россияга юбориш унга нимага керак бўлганини билмайман, лекин биз барибир унинг бундай қилишига йўл қўймадик...