08:00 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Астрахань ва Волгоград вилоятларидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қарийб етмиш фоизи Ўрта Осиёдан келган муҳожирлар томонидан етиштирилади

14.09.2006 00:20 msk

Наталья Зотова

Астрахань ва Волгоград вилоятлари азалдан ўзининг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – тарвуз, қовун, помидор, бақлажон, қалампир ва бошқалар билан машҳур. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Россиянинг бу жанубий ҳудудларида етиштирилаётган жами маҳсулотнинг қарийб етмиш фоизи Ўрта Осиёдан келган муҳожирлар меҳнатидан фойдаланган ҳолда етиштирилади.

Астрахань ва Волгоград вилоятларидаги фермер хўжаликларининг эгалари, одатда, корейслар, татарлар ёки руслар бўлиб ҳисобланадилар. Далаларда, асосан, тожикистонлик ва ўзбекистонликлар меҳнат қиладилар. Охирги пайтларда тожиклар сони камайиб бораяпти, бу ерга ишга келаётган ўзбеклар сони эса ортиб боряпти. Бу тамойил Астрахань ва Волгоград фермерлик хўжаликларидаги иш ҳақи тожикистонлик муҳожирларни қаноатлантирмай қўйгани сабабли улар айни пайтда Россиянинг Марказий ҳудудига, биринчи навбатда, Москва шаҳри ва Москва вилоятига кетишга уринаётганликлари билан боғлиқ. Ўзбеклар эса авваллари дала мавсумида қўшни Қозоғистонга боришни маъқул кўрардилар. Бироқ, муҳожирларнинг айтишларича, у ерда иш шароити ўта оғир, иш ҳақи жуда кам, бунинг устига, қозоқларнинг келгинди ўзбекларга муносабатини ҳам яхши деб бўлмайди. Шу туфайли ўзбекистонлик муҳожирлар оқимининг йўналиши Россия томон бурилган.

Қуйида муҳожирларнинг қай шароитда ишлаётганлари ва яшаётганлари, хўжаликлар қандай тузилгани, уларда бизнес қандай йўлга қўйилгани ҳақида ҳикоя қиламиз. Гапни ишда муваффақиятга эришганлардан бошлаймиз.

Корпус лагеря, где проживают трудовые мигранты. Фото ИА Фергана.Ру
Меҳнат муҳожирлари яшайдиган жамлоқ корпуси. Фарғона.Ру АА фотосурати
Биринчи ҳикоя

Тожикистон ҳукумати меҳнат муҳожироти муаммолари борлигини тан олади ва бу соҳада ҳукуматлараро шартномаларни амалга ошириш учун баъзи чора-тадбирларни амалга ошираяпти. Бу каби чора-тадбирлар сарасига Россиядаги муҳожирларини қабул қилиб олувчи ташкилотлар билан расмий шартномалар тузиш ҳамда муҳожирларнинг уюшган гуруҳларини турли минтақаларга юбориш киради. Бу ишни Тожикистон Республикаси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат вазирлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси мутахассислари бажарадилар. Дейлик, Волгоград вилоятида Тожикистон ваколатхонаси мутахассиси Н. Х. Исматов келувчилар гуруҳини кутиб олади ва уларнинг иш жойига тарқалишини уюштиради. “Фарғона.Ру” АА мухбири Волгоград яқинидаги ана шундай жойлардан бири – Россия Мудофаа вазирлигининг Кузьмичевск хўжалигидаги муҳожирлар жамлоғида бўлди.

Группа мигрантов вместе с автором. Фото ИА Фергана.Ру
Муҳожирлар гуруҳи муаллиф билан бирга. Фарғона.Ру АА фотосурати
Диққатга сазовор жойи шуки, ёз мавсумида Россия далаларига ишга чиқиш тажрибаси совет давридаги ёзги меҳнат лагерлари даврларидан бери сақланиб қолган. Шунинг учун ҳам лагернинг ўзи намунавий “Потемкин қишлоғи” каби таассурот қолдиради. Дала қароргоҳи учун у ерда ҳақиқатан ҳам жуда яхши яшаш шароити яратилган ва иш яхши ташкил этилган. Бу ерда жуда ширин таомлар пишириладиган ошхона, душхона, ёзги эстрада бор. Ишчиларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилганлари учун бу ерда деярли ҳар куни рақслар уюштириб турилади. Ишчилар орасида мавсумга атайин таклиф этилган мусиқачилар ҳам бор.

Бу ерда ишлайдиган муҳожирларнинг ҳаммаси Тожикистоннинг Сўғд (собиқ Ленинобод) вилояти туғилган шимолликлардир. Уларнинг кўпчилигини 20-25 ёшдаги йигит-қизлар, талабалар, ёш оилалар ташкил қиладилар. Бу ерда ўзига тўқ оилалардан чиққан, ёзда бироз пул ишлаб кетиш учун келган болалар ҳам бор. Масалан, лагерь директорининг жияни, хўжандлик Хуршеда бу йил Хўжанд университетини “шарқшунослик” мутахассислиги бўйича тамомлаяпти. Форс ва инглиз тилларини билади. Университетни битиргач, Эрондан иш топиш ниятида. Унинг оиласида ўқимишли кишилар кўп, опалари Хўжанддаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналарида гендер муаммолари бўйича тадқиқотлар билан шуғулланадилар.

В лагере сезонных трудовых мигрантов. Слева - директор лагеря. Крайний справа - Нусрат Исматов, специалист Представительства Министерства труда и социальной защиты Республики Таджикистан в РФ. Фото ИА Фергана.Ру
Мавсумий меҳнат муҳожирлари лагерида. Чапда – лагерь директори. Ўнг томонда чеккада – Тожикистон Республикасининг РФдаги меҳнат ва ижтимоий ҳимоя ваколатхонаси мутахассиси Нусрат Исматов. Фарғона.Ру АА фотосурати

Бу хўжалик ишчилари, асосан, пиёз етиштирадилар. Ҳар бир муҳожир билан якка тартибда меҳнат шартномаси тузилган (гарчи у юридик жиҳатдан унча саводли тузилмаган бўлса-да: масалан, у ерда ойлик маош миқдори кўрсатилмаган). Барча ишчилар вақтинча турган жойларида расман рўйхатга олинганлар, улар бу ерда олти ойча яшаб, ишлайдилар. Бу ерга вақти-вақти билан текшириш учун милиция ва бошқа хизмат ходимлари келиб турадилар, шунинг учун ҳам лагерга олиб борувчи йўлга шлагбаум қўйилган ва махсус одамлар навбатчилик қиладилар.

Умуман олганда, Кузьмичевск хўжалигидаги меҳнат муҳожирларининг аҳволини мен борган хўжаликлар ичида энг яхшиси дейиш мумкин.

Иккинчи ҳикоя

Офис Таджикской общины в Волгограде. Фото ИА Фергана.Ру
Волгограддаги тожиклар жамоати офиси. Фарғона.Ру АА фотосурати
Волгоградда тожик жамоати мавжуд бўлиб, унга йирик ижарагир Саидаҳмад Маҳмадов бошчилик қилади. У Волгоград яқинида қишлоқ хўжалик экинлари учун ажратилган етмиш гектарлик ерни ижарага олган. Ерларга тожик ва ўзбек муҳожирлар кучи билан ишлов берилади. Хўжаликда помидор, бақлажон, қалампир етиштирилади. У ўттиз гектар ерни ўзига олиб қолган, қолганини субижарага беради. Шундай экан, собиқ ишчилар ҳам ижарагир бўлишлари мумкин. Масалан, Зафар каби. У Колхозободдан бўлиб, саккиз йилдан буён Россияга пул ишлаш учун келади. Дастлабки беш йилда у оддий ишчи бўлган, кейин эса беш гектар ерни ижарага олиб, помидор етиштира бошлаган. Зафар апрелдан бошлаб октябрь-ноябрь ойларигача шу ерда, унинг оиласи уйда қолган. Зафарнинг қўл остида тўрт киши ишлайди, аммо ҳосил йиғиб олинадиган пайтда у қўшни далаларда ишлайдиган ўзбеклар бригадасини ҳам ишга ёллайди.

Бригадир сезонных мигрантов, арендаторы и покупатели. Второй слева - Давлат, бригадир. Крайний справа - Зафар, арендатор. Фото ИА Фергана.Ру
Мавсумий муҳожирлар бригадири, ижарагирлар ва харидорлар. Чапдан иккинчи - бригадир Довлат.

Ўнгда четда турган киши – ижарагир Зафар. Фарғона.Ру АА фотосурати

Довлат – Маҳмадов ерларининг бошқарувчиси ва бригадиридир. У асли қўрғонтепалик, Россияга ўн йилдан бери келади. Довлат қирққа кирган, аммо ёши анча каттадай кўринади. “Далаларда қариб кетдим”, - дея алам билан қўшимча қилади у. Довлат Душанбе университетида иқтисодчиликка ўқиган, аммо ўқишни ташлашига тўғри келган: тўқсонинчи йилларда мамлакатда вайронгарчилик, уруш ҳукм сурарди. 1996 йилда ўз таниши Маҳмадовнинг олдига ишга келган. Довлат далалардаги мавсумий ишдан чарчаганини тан олади. “Доим болаларни назорат қилиб туришинг, гуруҳларни олиб келиб туришинг керак...” Кейинги йили у Москвага ўз акалари олдига қурилиш бригадасида ишлаш, “аввал-бошда ҳеч бўлмаганда ғишт ташиш” учун кетишни режалаштирган.

Даладаги муҳожирлар маоши, бригадирга кўра, ойига тахминан етти минг рублни ташкил этади. Ҳар бир гастарбайтер учун қайд варақчаси расмийлаштирилади ва у билан расмий меҳнат шартномаси тузилади. Ишчилар таркиби мавсумдан мавсумга ўзгариб туради, аммо бу ерга доимий равишда келиб турган оилалар ҳам бор. Қайд этиш жоизки, ишчилар орасида аёллар йўқ, оилалар уйда қоладилар. Эркак гастарбайтерлар Россияда узоқ вақт юрганлари учун улар орасида рус “хотин олиш” кенг тарқалган. Улар бир-бирларига ўрганиб қоладилар, ахир тожиклар ўзларининг рус хотинлари олдига ҳар йили мавсум бошланган пайтда қайтадилар-да.

Балаганчик - полуземлянка. Временное строение, где проживают работники. Фото ИА Фергана.Ру
“Балаганча” – ярим ертўла. Ишчилар яшайдиган муваққат иморат. Фарғона.Ру АА фотосурати
Хўжаликдаги ишчилар вагончаларда, темир ёй ва полиэтилендан иборат, “балаган” деб аталувчи муваққат иморатларда яшайдилар. Уларнинг яшаш шароитини чидаса бўладиган шароит дейиш мумкин, лекин уларни қулай турар-жой деб бўлмайди. Совуқ тушган пайт балаганлар ва вагончаларни вақтинчалик печкалар билан иситишга тўғри келади. Довлат ва унинг шериклари бу ерга дастлаб келганларида қаровсиз далаларга ишлов бергандилар, магистрал қувурдан сув олиб келгандилар, уй-жой қургандилар.

Ҳозирда хўжалик муваффақият билан ишламоқда. Помидорнинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига қирқ тоннадан тўғри келади. Маҳсулот, асосан, Чебоксарига юборилади, эндиликда помидорларни шимолий ҳудудлар, Уралорти ҳудудларига юборишни режалаштирмоқдалар.

Учинчи ҳикоя

Погрузка урожая помидоров. Фото ИА Фергана.Ру
Помидор ҳосилини машиналарга ортиш жараёни. Фарғона.Ру АА фотосурати
Юқорида биз муҳожирлар гуруҳи уюштирилган ҳолда олиб келинадиган хўжаликлар ҳақида сўз юритгандик. Шунинг учун ҳам уларнинг турмуши нисбатан яхши йўлга қўйилган. Мустақил иш қидириб юрувчиларга эса бу ерда анча қийин. Баъзан ишга жойлашиш, масалан, Нукусдан келган оилавий бригада билан бўлганидек муваффақиятли кечади. Бу нукусликларнинг қариндошлари бу ердаги корейс хўжайинлар олдига аввал ҳам ишга келганлар, шунинг учун ҳам оилавий бригада нисбатан таниш ерга келган. Фермернинг вакиллари уларни ҳатто Қозоғистон ҳудудида поездда кутиб олганлар. Хўжайинлар ишчиларга яхши муносабатда бўлганлар, уларнинг ишлаб топган пулларини банк орқали уйларига жўнатишга ёрдамлашганлар. Беш кишидан иборат мазкур оилавий бригада янаги йилга ҳам бу ерга ишга келишни режалаганлар.

Афсуски, ҳамма муҳожирларнинг ҳам омадлари келавермайди. Астрахань ва Волгоград вилоятлари бўйлаб юрганимда жуда мудҳиш воқеаларни ҳам эшитишимга тўғри келди.

Астрахань вилоят ўзбеклар бирлашмаси раҳбари Б. Аминов қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Ўзбеклар бу ерда мутлақо ҳақ-ҳуқуқсизлар. Уларни калтаклашлари, сотиб юборишлари, ўлдириб кетишлари мумкин. Улар келган пайтларида, одатда, ҳужжатлари жойида бўлмайди, пуллари йўқ бўлади, улар иш, турар-жой тополмайдилар. Биз бундай одамлар “таёқ емаслик”лари учун, қул қилиб сотилиб кетмасликлари учун уларга вақтинча яшаб туриш жойларини ташкил этишни таклиф этгандик... Ахир Астрахандаги истаган киши бундай ўзбекнинг ҳужжатлари жойида эмаслигини билган ҳолда уни қул қилиб олиши мумкин-да. У бўлса “кийим ва овқат берса бўлди” деб, ўзи ҳам қул бўлишга рози бўлиб юраверади.

Баҳодир Рўзиметович поезд Россиянинг Оқсаройига (Астрахандан тақрибан саксон километр нарида) кирган пайтида чегарачилар, божхоначилар, милиция ходимлари вагонма-вагон юришиб, йўловчилардан “ўлпон” йиғишларини гапириб берди. Поезддан тушарда милиция келган одамларнинг (уларнинг аксарияти кўпинча рус тилини тушунмайдилар) ҳужжатларини тортиб олиши ва уларни бир гуруҳга жамлаши мумкин. У ёғи эса техника иши. Поезд олдига корейслар келадилар. “Ишчи керакми? Далада ишлашгами? Менда бешта одам бор, ҳар биттасига минг рублдан бериб, олиб кетавер”. Шу тариқа муҳожирлар гуруҳлари далаларда қул бўлиб ишлаб қоладилар.

Кўпинча муҳожирларни милиционерлар ва бошқа тузилма вакилларигина эмас, уларни олиб келган “карвонбоши”лар қул қилиб сотиб юборадилар. Бу қуйидагича амалга оширилади: Ўзбекистонда гуруҳлар тузилиб, уларга Россияда яхши иш ва мўмай маош ваъда қилинади. У ёғига эса бир автобус одамни олиб келиб, сотиб юборадилар...

Молодой узбек из Самарканда, проданный в рабство корейцам (слева). Справа - таджик, помогавший ему уехать. Фото ИА Фергана.Ру
Корейсларга қул қилиб сотиб юборилган самарқандлик ёш ўзбек (чапда). Ўнгда унинг кетишига ёрдам берган тожик. Фарғона.Ру АА фотосурати
Биз шундай ҳолга тушган бир ёш йигит билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Бу Самарқанд вилоятидан бўлган ўзбек йигит эди. У ота-онасини зўрға кўндириб, пул топиш учун бу ерга биринчи маротаба келган эди. Рус тилини умуман билмайди. Россияга келгандан кейин карвонбоши уни корейсларга қул қилиб сотиб юборган. У бошқа гастарбайтерлар каби балаганчада яшаган, саҳардан то кечгача меҳнат қилган. “Биз балагандан тонг қоронғусида далага чиқиб кетардик ва у ерга яна қоронғу тушган пайтда қайтардик”. Табиийки, дам олиш кунлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Ишчиларни доим қўриқлаб турганлар, аммо у қочиб кетишга ҳамда ўша атрофдаги далаларда ишлаётган тожикларнинг оилавий бригадаси олдига етиб боришга муваффақ бўлган. У ерда самарқандлик йигитга яхши муносабатда бўлганлар, у ҳатто бироз пул ишлашга ҳам муваффақ бўлолган. Биз у билан учрашган Оқсаройда поездга чиқишда муаммолар бўлмаслиги учун уни мазкур бригада аъзоси бўлган тожик йигит кузатиб борганди.

“Яна Россияга ишлаш учун келасанми?” – деб сўрадим ундан. “Йўқ, мусофирчиликда оқ нон егандан, ўз уйимда қора нон еганим афзал”, - деган жавоб бўлди.

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА: Зотова Наталья Александровна – тарих фанлари номзоди, РФА этнология и антропология институтининг илмий ходими. Москвада яшайди. Мақола 2006 йилнинг август ойида Астрахань ва Волгоград вилоятларида ўтказилган дала тадқиқотлари материаллари асосида ёзилган.