00:40 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда шаҳарликларни ёппасига пахта теримига олиб чиқиш бошланди

13.09.2006 15:52 msk

Диёр Сўғдиев

Uzmetronom.comнинг хабар қилишича, 11 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги мактаб ўқувчилари, талабалар ва хизматчиларни ёппасига пахта теримига олиб чиқиш бошланган.

Эътиборга лойиқ жойи шундаки, кейинги йилларда пойтахт аҳлини пахта теримига жалб қилмасликка ҳаракат қилаётгандилар. Аммо қишлоқларда аҳвол бошқача эди: бу ерда меҳнатга яроқли аҳолининг ҳаммаси ҳар йили пахта теримига жалб қилинадилар. Мактаб ўқувчилари бутун кузни парта ортида эмас, далаларда ўтказадилар.

Бу йил Ўзбекистон пойтахтида яшовчиларга ҳам омад кулиб боқмади. Оммавий пахта теримига фақат талабаларгина эмас, давлат ташкилотлари хизматчилари ҳам жалб қилиндилар. Умумий ҳисобда, бутун мамлакат бўйлаб пахта теримига мажбуран жалб қилинганлар сони (уларнинг кўпчилигини болалар ташкил қиладилар), Uzmetronom.com маълумотларига кўра, уч миллион кишига етади. Бу борада расмий маълумотлар йўқ.

Терим мавсуми якунлангунича болалар ҳам, катталар ҳам аксилсанитария шароитида яшайдилар, ариқ сувидан ичадилар, сифати шубҳали бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қиладилар. Бунинг устига талабаларнинг кўпчилиги уйга қайтгач, стипендиясиз қолганларини ёки пахта териш бўйича белгиланган кунлик нормани бажармаганлари сабабли йиғилиб қолган қарзни тўлашга мажбур бўлишларини ҳали билмайдилар. “Биз сизларни едирдик-ичирдик, лекин сизлар еган овқатларингизни ҳам оқлолмадингизлар”, - олийгоҳ раҳбариятининг далил-дастаги ана шундай. Шу билан бирга, пахта теримига жалб қилинмиш кишиларнинг кўпчилиги улардан талаб қилинадиган кунлик нормани бажариб бўлмаслигига қатъий ишонадилар. Кўпчилик турли хил айёрликлар ишлатишга мажбур бўлади: тарозибонни ёки ўқитувчиларни сотиб олади, деҳқонлардан зарур бўлган миқдорда пахта харид қилади ва шу кабилар.

Қайд этиш жоизки, тўқсонинчи йиллар бошларидаёқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзбек болаларини мактабда ўқиш ўрнига ойлаб пахта далаларида бел букиб меҳнат қилишга мажбур қилган совет ҳокимиятини очиқдан-очиқ қоралаганди. Ўшанда у мустақил Ўзбекистоннинг янги ҳукумати бундан буён болаларга тўлақонли таълим олиш учун барча имкониятларни яратиб беришини, пахтани эса уни етиштирганларнинг ўзлари йиғиб-теришларини эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 1991 йилнинг 20 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисидаги қонун”нинг саккизинчи моддасида ўқув жараёни чоғида ўқувчи ва талабаларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги айтилган. Ушбу қонунга зид келувчи исталган бошқа ҳужжатлар эса яроқсиз деб топилган. Мазкур қонун бажарилишини назорат қилиш, 20-моддага мувофиқ Ўзбекистон Олий мажлиси ва Халқ депутатлари кенгашлари ҳамда тегишли давлат органларига юклатилган. Шунга қарамай, Қонун эътиборсиз қолдирилиб, ўқувчи ва талабалар ҳар йили август ойидан бошлаб қишлоқ хўжалик ишларидан озод бўлиш илинжида тиббий маълумотномалар топиш ёки бўлмаса йиғма кат қидириш ва консервалар сотиб олиш билан машғул бўлишиб, бўлажак пахта мавсумига тайёрлана бошлайдилар.

Тожикистонлик ўқувчиларнинг эса омадлари келди: улар бундан буён пахта теримига жалб қилинмайдиган бўлдилар. Бу ҳақда кеча, 12 сентябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов Душанбеда ўтган ҳукумат кенгашида билдирган.