14:53 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги “Илҳом” театрида ўттиз биринчи мавсум очилди

12.09.2006 19:39 msk

Сид Янишев

“Фарғона.Ру АА” фотосурати
Саккизинчи сентябрь куни пойтахтдаги “Илҳом” театрида навбатдаги театр-кўргазма мавсуми очилди. Ўша куни театр фақат VIP-меҳмонларни – театр ҳомийлари ва Дўстлар клуби аъзоларини қабул қилди. Мавсумнинг анъанавий очилиши эса эртасига, шанба куни бўлиб ўтди. Тақдимот дастури томошабинлар келаётган мавсумда кўра оладиган спектакллардан парчаларни, “Илҳом” Москвада, Венада, Лондонда” ҳужжатли фильми намойишини, “Омнибус” замонавий мусиқа ансамблининг янги концерт дастури ҳамда тошкентлик фоторассом Эрнест Қуртвелиевнинг шахсий кўргазмаси билан таништиришни ўз ичига олганди.

Эсхилнинг “Орестея” трилогиясини тошкентлик томошабин 2007 йилнинг май ойида кўра олади. Театрнинг ёш актерлари томонидан тақдим этилган кичкина кўринишдан маълум бўлдики, бўлажак спектаклда новаторлик кам: классик матн бу каби пьесалар учун анъанавий тарзда – узундан-узоқ ва пафос билан ўқилади. Бунда фақат саҳна безаклари янгиликдай кўринади, холос. Аммо театр раҳбари Марк Вайл томонидан билдирилганидек, “Орестея” беш соатдан кам давом этмаслиги ҳисобга олинса, шахсан мен спектаклга келадиган томошабинларнинг бунга сабр қилиб ўтиришларига шубҳа қилиб қолдим.

Фото с выставки Эрнеста Куртвелиева
Эрнест Қуртвелиев кўргазмасидан олинган фото
Бошқа бир премьера – ўтган асрнинг 20-йиллари бошларида Туркистонга келиб, мусулмончиликни қабул қилиб, ўзини Уста Мўмин атаган атоқли рус рассоми Александр Николаев ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи “Анор билан зикр” мультимедияли лойиҳа қизиқроқ бўлади шекилли. Ушбу спектаклда театрнинг етакчи актерлари томонидан ҳикоя қилинувчи Уста Мўмин ҳаёти ҳақидаги воқеалар америкалик хореограф Дэвид Руссив саҳналаштирган Боч мусиқаси ва рақси фонида кечади. Томошабинлар, айниқса аёллар бу спектаклни кўргач, “Бу ҳақиқатан ҳам чинакам санъат”, десалар керак.

Ўн беш дақиқали “Илҳом” Москвада, Венада, Лондонда” фильмида театр ўтган ёзда бўлган шаҳарлар бўйлаб саёҳат ҳақида сўз боради. Умуман олганда, бунда ғайриоддий ҳеч нарса йўқ: Европа шаҳарлари манзаралари, саёҳат мобайнида тақдим этилган спектакллардан парчалар ва томошабинларнинг ҳайрат аралаш мақтовлари.

Фото с выставки Эрнеста Куртвелиева
Эрнест Қуртвелиев кўргазмасидан олинган фото
Мавсумнинг очилиш куни томошабинларга А. Қодирийнинг “Оппоқ оқ қора лайлак” спектакли билан DVD ҳам тақдим этилди, театр мухлисларига эса театрнинг етакчи актерларидан бири, ҳозирда “Москвада шахсий ҳаётини йўлга қўйган” Бернар Назармухамедов гастролдан қайтмагани, ушбу спектаклдаги бош роллардан бирини эса ёш актер Саид Худойбергенов ўйнаши маълум бўлди.

Умуман олганда, янги театр мавсуми тақдимотида томошабинлар анча қизиқарли нарсаларни кўролдилар. Тошкентлик машҳур фоторассом Эрнест Қуртвелиевнинг театр фойесида яқинда очилган янги шахсий кўргазмаси ҳам уларнинг эътиборидан четда қолмади. “Шарқона чизгилар” номли кўргазма ўз ичига 40 фотосуратни олади.

Фото с выставки Эрнеста Куртвелиева
Эрнест Қуртвелиев кўргазмасидан олинган фото
Фотосуратчи портрет ва «гламур», репортаж ва бадиий чизги, натюрморт ва фотоочерк каби турли жанрларга қўл уриб кўрган. Уларнинг қарийб ҳаммаси Шарқ мавзусига бағишланган: бу ерда тарих ва меъморчилик обидаларининг суратлари ҳам, миллий кийимдаги шарқ аёлларининг расмлари ҳам, кундалик турмуш ашёларининг суратлари ҳам бор.

“Шарқона чизгилар” Қуртвелиевнинг “Илҳом” янги мавсумидаги сўнгги кўргазмаси эмас: декабрь ойида фотосанъат иштиёқмандлари Эрнестнинг “Миллий ўйинлар”, “Бақтрияга саёҳат” ва бошқа ишларни ўз ичига олган шахсий кўргазмасига ташриф буюришлари мумкин бўлади.

Вечеринка в Ильхоме. Фото ИА Фергана.Ру
“Илҳом”даги кеча. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Янги мавсум тақдимоти якунлангач, томошабинларга театрда анъанавий тарзда йилига икки-уч маротаба ўтказиладиган “Ilkhom Party” сэйшнида иштирок этиш таклиф этилди. Одатда, бундай кечаларга республикада машҳур бўлган рок-гуруҳлар таклиф қиладилар ва унда ёшлар “ёзилиб” кўнгилхушлик қиладилар. “Ilkhom Party”нинг Тошкентда ўтадиган рок-концертлардан фарқи овознинг сифатлилиги бўлиб ҳисобланади. Бу сафар рок ишқибозларини “Skenb”, “Крилья Оригами” ва “Трезвие мысли” каби гуруҳлар ўз қўшиқлари билан хушнуд этдилар.