08:37 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Америкадаги ўзбеклар: “Ватанимизга қайтгимиз келади. Фақат Ватанда ўзгаришлар бўлганидан сўнг”

06.07.2005 16:29 msk

Самандар

МЕН АМЕРИКАЛИК ГАСТАРБАЙТЕРМАН

Ўзбекистонни сўнгги ўн беш йил ичида тарк этганлар сонини деярли ҳеч ким билмаса керак. Бу ҳақда аниқ маълумотлар менда ҳам йўқ. Лекин кўпчилик Ўзбекистон фуқароларининг АҚШ, Жанубий Корея, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларига кетишга ҳаракат қилаётганлари бор ҳақиқат.

АҚШда яшаётган ўзбекистонликларни шартли тарзда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси “эски ўзбеклар”, уларнинг асосий қисми афғонистонлик ўзбеклар бўлиб, 30-йилларда уммон орти мамлакатига сафар қилганлар. “Янги ўзбеклар” эса собиқ Иттифоқ парчалангач, бу ерга келганлар. Ҳар иккала тоифа ўзбеклар асосан АҚШнинг шимолий штатларида – Флорида, Теннеси, Виржиния, Пенсильвания, Нью-Жерси, Мичиган ва Балтимор шаҳарларида яшайдилар. Уларнинг кўпчилиги бир–бирларини яхши танийдилар ва уяли алоқа бепул хизмат кўрсатадиган якшанба кунлари бир – бирлари билан сим қоқишиб турадилар. АҚШдаги ва Ўзбекистондаги ўзбеклар ҳаётига оид янгиликлар асосан телефон орқали маълум қилинади.

“Янги ўзбеклар”нинг 70 фоизга яқини АҚШда қонунсиз тарзда яшайдилар, чунки уларнинг виза муддатлари аллақачон тугаган. Ўзбекларнинг кўпчилиги АҚШга Б1/Б2 русумидаги туристик виза билан келганлардир. Улар бу ерда “оқ карточка” деб аталадиган 1-94 формасини ҳам тўлдирганлар. Бу чет эл фуқаросининг АҚШда бўлишини таъминлайдиган ягона ҳужжатдир. “Оқ карточка” муддати тугагач, унинг эгаси АҚШда қонунсиз яшаётган ҳисобланади ва мамлакатдан чиқаётганда қайта АҚШга келиш ҳуқуқидан 10 йилга маҳрум этилади. Ҳозир бу тартиб қайта кўриб чиқилмоқда, чунки INS (АҚШ фуқаролик ва миграция бошқармаси) Homeland Security қарамоғига ўтказилди.

АҚШга келган ўзбекларнинг асосий қисми бу ерда қонуний тарзда яшаб қолиш учун турли йўлларни қидирадилар. Кўпчилик турмушга чиқади ва уйланади. Аниқроқ айтганда сохта никоҳдан ўтадилар. Ўзларига америкалик қизлардан (уларнинг кўпчилигини дадил “бувижон” деб аташ мумкин) топадилар, уйланадилар ва тез орада доимий яшаш ҳуқуқини берувчи "green card"га эга бўладилар.

Нью-Жерси штатида яшовчи ёш ўзбек йигити ҳикоя қилади:

- “Мен бу ерга уч йил аввал келганман. Дўконда ишлайман. Виза муддатим тугаган. Ортга қайтолмайман, чунки яна қайта АҚШга киритишмайди. Мен нима қилишим керак? Ахир мен ватанимда қолган оиламнинг ягона боқувчисиман. Икки синглимни турмушга чиқардим, уларга ота ўрнидаман, визам муддати ўтиб кетмаслиги учун қизим туғилишидан олдинроқ АҚШга жўнаб кетдим. Адвокат ёллаб, менга қонуний тарзда яшашимга кўмак беришини сўрадим. Бир йил аввал у менга Огайо штатидан бир қаллиқ топиб берди ва биз сохта никоҳдан ўтдик. Унинг ёши 52 да, мен 25 даман. Бунинг учун катта миқдорда пул тўладим. Адвокатга керакли ҳужжатларни расмийлаштиргани ва қаллиқ топгани учун 8 минг доллар пул тўладим. Бу ишни кейин Америкага кириш ва чиқишимга тўсқинлик бўлмаслиги учун қилдим”.

Нью-Йорк Нью-Жерсига қўшни штат. Бу штатда энг катта мегаполис бўлган Нью Нью-Йорк шаҳри жойлашган. Бу шаҳарни эътибордан четлаб ўтиш мумкин эмас, чунки у турли диний оқимлар ва этносларнинг уйи ҳисобланади. Ҳар бир совет одами Брайтон Бич районини яхши билади. У ерга метронинг Q шаҳобчаси билан борса бўлади.

Брайтон Бич авенюси Брайтон Бич маркази ҳисобланади. Америкаликлар “Кичик Одесса” деб атайдиган бу ерда рус тилида алоқа қилинади. Брайтон Бич Америкага 70 -80 йилларда кўчириб келинган совет даври деса ҳам бўлади. Бу ерда МДҲдан кўчиб келган жуда кўп одамлар истиқомат қиладилар. Суҳбатдошим маҳаллий пиццерияда сотувчи бўлиб ишловчи Дилдора исмли қиз.

- Вақт жуда тез ўтиб кетар экан. Мен 5 йилдан бери АҚШда яшайман. Аввал Тошкентда яшардим. Турмушга чиққанман, икки фарзандим бор эди. Кейин эрим билан бир–биримизни тушунмай қолдик ва ажрашдик. Худога шукур, ажрашганимга. Бўлмаса ҳалигача бетон девор ичида яшаб ўтар ва бу дунёда ҳеч нарсани кўрмаган бўлардим. Бу ерга келгач, аввал пул ишладим. Ипотекага квартира, машина сотиб олдим. Бир сўз билан айтганда, оёққа турдим.

- Уйга қайтишни истамайсизми? Тошкентни соғингандирсиз?

- Ростини айтсам унча соғинмадим. Ўтмишимдан жуда афсусдаман ва мен у ерга қайтмоқчи эмасман. У ерда ҳаво етишмайди. У ерда солиқчилар, прокурорлар, ментлар ва МХХ ходимлари яхши яшайдилар. Улар халқнинг қонини сўриб битирдилар. Бу аблаҳларга яна қанча чидаш мумкин. Шундай бўрилари бор Ўзбекистонни ким соғиниши мумкин? Агар вазият ўзгарса қайтишим мумкиндир, балки. Ҳозирча мен бу ерда ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман.

Дурдона эса Дилдоранинг пиццериясидан юз метрча наридаги дўконда ишлайди. У ҳам тошкентлик. Нью-Йоркка уч йил олдин келган, шу ерда турмушга чиққан.

- Бобом бу ерда анча йиллардан бери яшайди. У асли ўзбекистонлик, лекин кўп йиллар Урумчида яшаган. Кейинроқ Америкага кўчиб келган. Бу ерда қариндошларим кўп. Опам яқинда турмушга чиқди, кейин навбат менга келди (кулади). Ҳозир дўкондан узоқ бўлмаган жойда яшайман. Қизим бир ярим ёшга тўлди.

Тамадди қилиш учун “Қашқар” кафесига кираман. Кафе олдида “ўзбек ошхонаси: ош, лағмон, манти, сомса, шашлик” деб ёзилган рекламани кўрган эдим. Бу ихчамгина кафе ҳар доим хўрандалар билан гавжум. Ичкарида Юлдуз Усмонованинг ашуласи янграйди. Қўшни столда маст ўзбеклар гуруҳи ўтирибди. Қирқ беш ёшлардаги ўзбек официант аёли бир чойнак чойни олдимга қўяр экан, шивирлаб шундай деди:

- Эркакларимиз учун мен уяламан. Қаранг, улар ўзларини қандай тутишяпти? Деярли ҳар куни шу ерда ичишади. Уларнинг хотин, бола-чақаси бор, кутиб ўтиришибди. Улар эса бу ерга ўтириб олиб, ичишади. Менимча, улар бу ерга пул ишлагани келган бўлсалар керак. Топганларини эса ароқхўрликка сарфлашади. Бу шармандалик.

“Қашқар”дан чиқиб, Манхеттенга ўтаман. Мен Time Square, Rockefeller Сenterдаман. Бродвейда ўзбекистонлик икки йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Улар бу ерда картиналар сотишар экан.

- Биз талабалармиз. Шу ерда ўқиймиз. Бу ерда ўқишга катта пул тўланади. Пулни эса қарзга олганмиз. Ҳозир дарсликлар учун пул ишлаяпмиз.

Нью-Йоркдан Питтсбург шаҳригача автобусда 7 соатлик йўл. Бу ерда жуда кўп ўзбеклар ишлайди. Уларнинг ҳаммаси поляк ва яҳудийлар раҳбарлик қиладиган битта фирмада ишлайдилар. Ўзбекларнинг кўпчилиги қора ишларни бажарадилар. Ўзбекларни ишга ёллаган фирма Питтсбургдаги ўн олтита меҳмонхонага хизмат кўрсатади. Меҳмонхоналар фирмага соатига 10 доллар тўлайдилар. Фирма эса ишчиларига соатига 6– 6,5 доллар ҳақ тўлайди. Ўзбеклар асосан Green Tree районида яшайдилар ва бу ерни “маҳалла”, деб атайдилар.

Улар бир хонада беш-олти киши бўлиб яшайдилар. Ҳар бир одам ойига тахминан 125 доллардан ижара ҳақи тўлайди. Ўзбеклар кунига 10 соатдан ишлайдилар. Бироқ, кунига 16 соатдан ишлайдиганлари ҳам бор. Уларнинг ёши анча ўтиб қолган. Radisson меҳмонхонасида иш вақтидан сўнг яна озгина пулга ишлаб олиш имконияти бор. Бу меҳмонхонани суҳбатдошларим “полиция” ва “гестапо” деб атайдилар, чунки меҳмонхона ходимлари гастарбайтерларга жуда қўпол, ҳатто шафқатсиз муомала қилишар экан.

- Америкаликлар Инсон Ҳуқуқлари ҳақида гапирадилар ва ўзларини дунёдаги энг демократ одамлар, деб ҳисоблайдилар. Лекин қани ўша демократия? Улар бизни масхара қилишларини биласизларми? Бирон бир ишингиз ёқмай қолса, шу соатдаёқ сизни ишдан ҳайдашади. Бу ерда охирги марта қачон “раҳмат” деган сўзни эшитганимини билмайман. Ошхонанинг менежери Жим деган йигит. У жуда ахмоқ ва жаҳлдор, унинг бизга қилган муносабатини бир кўрсангиз эди. Омборхонада Кармела хўжайин. У ўзини ҳақ, деб билса тамом, сизнинг эътирозингизга қулоқ ҳам солмайди. Бу ердаги ходимлар бир–бирларининг ортидан пойлоқчилик қиладилар, - деди ўз номини айтишни истамаган суҳбатдошим.

Меҳмонхонада фаррошлик қилувчи қиз эса мана буларни гапириб берди:

- Якшанбадан ташқари ҳар куни ишни эрталабки соат саккизда бошлайман. Мен тезда ўн бешта хонани тозалашим керак. Мижозлар одатда чой пули ташлаб кетишади. Бироқ, бу пул менга етиб келмайди. Мини-бар ходимаси Кристи мен иш бошлашимдан аввал ҳамма хоналарни айланиб чиқиб, чой пулларини йиғиб олади. Мен бунга кўникиб қолдим. Энди мен америкаликларнинг ким эканини яхши биламан.

Иш вақтидан сўнг мени кўринишидан эллик ёшлардан ортган икки аёл суҳбатлашиш учун уйларига таклиф қилдилар. Улар иккаласи бир хонали квартирада яшар эканлар.

- Биз бу ерга яхши яшаётганимиз учун келганимиз йўқ. Пул етишмас эди. Бу Америкага келишимизнинг асосий сабаби. Ўзбекистонда ҳаёт яхши бўлганда шу ерга келармидик? Биз уйимизда ўтириб, невараларимизни тарбиялашни истардик. Бироқ, бунинг ўрнига мусофирликда қора иш билан шуғулланишга мажбурмиз.

- Бошқаларга бу ерга келишни маслаҳат берган бўлармидингиз? Бу ерда сизларга қуллардек муомала қилишар экан...

- (узоқ жимлик) Нима дердим... Келса бўлади. Бу ерда молиявий аҳволни яхшилаш мумкин. Бунинг натижасида кимнингдир боласи яхши таълим олиб қолса ажабмас, кимдир оиласининг моддий аҳволини яхшилайди. Ўзбекистон келажаги буюк давлат, деб айтишади. Лекин қаерда ўзи ўша буюк келажак? Шунинг учун ҳам кўпчилик ўзбек ёшлари бу ерга келишга ҳаракат қилишади.

Кейинги суҳбатдошим Комила “маҳалла”да яшайди. У АҚШга икки ой муқаддам келган ва бундан афсусда.

- Америкага ишлаш учун келманглар. Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл, деб бекорга айтмаган эканлар. Шу иш билан уйда шуғулланган маъқул.

- Комила, Ватанда бу ерда ишлаган пулингизни топишингиз мумкинмиди?

- Эркак киши астойдил ҳаракат қилса, иш топса бўлади... Менга бу Америкаси бекорга берганда ҳам керак эмас... Мен бу ерга келганимдан афсусдаман. Мен Ўзбекистонда ҳам яхши яшардим. Бу ерга нимага келганимга ҳам ҳайронман...

Комиланинг уйига қўшнилари кирадилар. Менинг журналист эканимни билганларидан сўнг суҳбатга қўшиладилар.

- Ҳозир Америка ҳақида ҳам, Ўзбекистон ҳақида ҳам дилимиздаги гапларни айтамиз. Ҳозир Америкага келиш истагида юрган одамлар жуда кўп. Лекин виза олиш қийин. Шунинг учун бошқа мамлакатларга ҳам кетишяпти.

- Бу ерда маҳалла бўлиб яшар экансизлар. Муносабатларингиз қандай?

- Яхши яшаяпмиз. Охирги пайтда янада иноқлашиб, дўстлашиб кетдик. Баъзи болалар бу ерда дин билан қизиқиб, намоз ўқий бошладилар. Ҳадисларни ўқиб, масала қиламиз. Лекин бир-биримизни ҳам айблаб турамиз. Ахир намоз ўқиш ҳар кимнинг шахсий иши. Мен бу ерда бир ўзбек қўшни билан яшайман. У менинг жонимга тегди. У ҳар куни менга насиҳат қилади, - деб шикоят қилади қозоғистонлик йигит.

- Сизнингча Ўзбекистондаги ва Америкадаги қонунларнинг фарқли томонлари борми?

- Қонун ҳамма жойда бир хил. Ўзбекистон қонунлари яхши тузилган. Лекин бу қонунларга ким амал қилади? Америкада ҳар бир фуқаро қонунга амал қилади. Нега Ўзбекистонда шундай қилиб бўлмайди? Ҳар сафар Ўзбекистон бойлиги пахта ва олтин дейилганда юрагим оғрийди. Қани ўша бойлик? Уни ким кўряпти? Президент ўз халқи ҳисобига бойимоқда, дейишади... Мен у ўз халқи тўғрисида ўйланади, дея олмайман. Агар у халқ тўғрисида ўйлаганда ҳамма нарса бошқачароқ бўларди. Президент ўзи ҳақида халқ қандай гапларни гапираётганини билмайди, деб ўйлайсизми? У жуда яхши билади буни. Нега энди фақат унинг қизлари яхши машина миниб, чиройли кийимларни киядилару, оддий халқ бундай қиломайди?

- Ўзбекистондаги вазият ҳақида ўқидингларми? Андижон воқеалари ҳақида нималар дея оласиз?

- Financial Times газетаси икки ҳафта мобайнида Андижон воқеалари ҳақида ёзди. Газетанинг бир сонида Ислом Каримовга карикатура ҳам чиқаришди. Унда Ислом Каримовнинг болта кўтариб тургани тасвирланган. Қурбон бўлганлар 169 нафар, деб айтишмоқда. Лекин биз уларнинг сони кўпроқ бўлса керак, деб ўйлаймиз. Америка Андижон воқеаларидан хабардор бўлгач, америкаликлар бизнинг яқинларимиз билан қизиқишди, бизнинг ҳаётимизга хавф борми, деб сўрашди.

Биз яна узоқ суҳбатлашдик. Менга ҳар бир суҳбатдошим Ватанига қайтиш иштиёқида экани равшан бўлди. Лекин бу қайтиш президент истеъфога кетгач, божхона ходимлари талончилик билан шуғулланишни тўхтатгач, судлар эса адолатли ҳукм чиқара бошлагач амалга ошади. Лекин бу қачон бўлади – ҳеч ким билмайди. Балки ҳеч қачон бундай бўлмас ҳам.

***

“Фарғона.Ру” учун Америкадан “Озодлик” радиоси ўзбек хизмати мухбири Самандар тайёрлади