11:04 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг Урганч шаҳри расмийлари кришначиларни “халқ душмани” ўлароқ таъқиб қилмоқдалар

11.09.2006 20:32 msk

Сид Янишев

Ўзбекистондаги кришначилар жамоати кўп сонли эмас. Тошкентда улар юз элликтача чиқсалар керак. Пойтахтдаги кришначилар ҳамжамияти Адлия вазирлиги томонидан диний ташкилот сифатида рўйхатга олинган, бу уларга катта ҳовлида расман туриш имкониятини беради.

Бироқ ҳозир шаҳар марказида бундан ўн беш йил илгари бўлгани каби рақс тушароқ медитация билан шуғулланаётган, ҳиндистонликларнинг ёрқин пўртаҳолранг ипак либосига бурканган тўдаларни кўрмайсиз: ҳозир замон бошқа, ранг ҳам – буни расмийлар тўғри тушунмасликлари мумкин. Аммо тошкентлик кришначилар бундан нолимайдилар – улар «Харе Кришна, Харе Рама…» мантрасининг ҳамма бало-қазолардан асрашига ишонадилар.

Аммо уларнинг пойтахтдан узоқ бўлган Урганчдаги биродарларига омад унча кулиб боқмади. У ерда ҳатто мантра ҳам ёрдам бермай қўйган – ноқонуний тазйиқ-таъқиблар туфайли шаҳардан қочиб қолишга тўғри келаяпти. Урганчда бу ҳаракатга дахлдор барча маросимларга риоя қилувчи эътиқодли кришначи бор-йўғи битта. Унга ҳали ҳеч ким очиқчасига теккани йўқ, бироқ бекорчиликда кришначилик адабиётини ўқиш учун унинг олдига келган барчани таъқиб қилмоқдалар.

Рузинбой Хасанов. Фото ИА Фергана.Ру
Рўзинбой Ҳасанов. Фарғона.Ру АА фотосурати
Урганчдаги ягона кришначи, веда адабиётини ўзбек тилига таржима қилган таржимон Рўзинбой Ҳасанов гапиради:

- Яқиндан бери Кришна онги билан қизиқаётган одамларни, айниқса талабаларни қаттиқ таъқиб қила бошладилар. Таъқиб Урганч тиббиёт олийгоҳида бундан тўрт йил олдин бошланган. Кришначилик китобларини ўқийдиганларнинг барчасини талабалар мажлисида “халқ душмани” дея эълон қилганлар.

Олийгоҳ раҳбариятининг фикрича, “кришначилар Индира Гандини ўлдирганлар, кришначилар Россияда тўнтариш ясамоқчи бўлганлар, кришначилар йилда 365 кун фаҳш билан шуғулланишга даъват этувчи Камасутрани ўрганадилар...” Шундан сўнг талабаларни ноқонуний тарзда таъқиб қилиш бошланган. Масалан, МХХ ходимлари тиббиёт олийгоҳи талабаси Жалил Абдуллаевни давлат томонидан таъқиқланган динни тарғиб қилганликдаги иқрорномага қўл қўйишга мажбур қилиб калтаклаганлар. Жалилнинг айбини исботлаш учун эса унинг бешта курсдошини чақув ёзишга мажбур қилганлар. Уларда Абдуллаев талабалар ўртасида даъватчилик фаолияти билан шуғулланганлиги кўрсатилганди. Жалил буни тан олишдан бош тортганидан сўнг уни қаттиқ дўппослаганлар.

Мен МХХ ходимларининг кўпчилиги билан, шу жумладан, динни назорат қилувчи бўлимдагилар билан ҳам шахсан танишман. Уларнинг ҳам нима бўлаётганини тушунолмай бошлари қотган. Улар пойтахтдаги Диний ишлар бўйича комитетга сўровнома юборишиб, бизнинг китобларимиз таъқиқланган адабиёт эмаслиги ҳақида тасдиқнома олганлар. Айтиш лозимки, бу каби таъқиблар билан шуғулланаётган кишилар динга мутлақо алоқалари йўқ бўлган бошқа бўлим ходимларидир. Мен улар ким томонидандир сотиб олинганлар, деб ҳисоблайман.

Кришнаиты Ташкента. Фото ИА Фергана.Ру
Тошкент кришначилари. Фарғона.Ру АА фотосурати
Менинг уйим назоратда, менинг уйимга мутлақо беозор ният билан келганлар у ёки бу тарзда жабр тортмоқдалар. Масалан, менинг уйимга Жалил келганди – эртаси куни унинг деканига қўнғироқ қилишибди: “Абдуллаев ўқишдан четлатилсин. Агар ўқишдан ҳайдамасангиз, ўзингизга нисбатан чора кўрамиз”. Абдуллаевни деканатга чақиришиб, ўттиз соат дарс қолдиргани учун ўқишдан четлатишга ҳаракат қилишибди. Табиийки, Жалил: “Ҳамкурсим икки юз соат дарс қолдирган-ку, аммо уни нимагадир ўқишдан ҳайдамаяпсизлар”, дея ҳайрон бўлибди ва деканнинг устидан арз қилишини айтиб огоҳлантирибди. Шунда декан ўз қарорини бекор қилиб, Жалилни курсбошиликдан олиб ташлаш билан кифояланибди. Шундан сўнг Абдуллаевни МХХга чақиришиб, унга жисмоний тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилишибди.

Жалилдан менга қарши “Ўзбекистон президентини ёмонлади” қабилида ариза ёзиб беришни талаб қилишибди. Абдуллаев бу ишни қилишдан бош тортибди. Бизким, кришначилар, телевизор кўрмаймиз, шунинг учун ҳам президент қай маҳал, қайси ерда нима иш билан шуғулланаётганини ҳатто билмаймиз ҳам. Биз сиёсат билан шуғулланмаймиз. Биз ҳатто динни ҳам ўрганмаймиз, биз Худони ўрганамиз. Биз диндорлар эмас, илм кишиларимиз ва даъват билан шуғулланмаймиз. Ўзбекистон қомусида ҳар бир фуқаро ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, деб ёзиб қўйилган. Биз Худо ҳақида ҳеч қайси динга қарашли бўлмаган ана шундай ахборот тарқатаяпмиз.

Бироқ МХХ ходимлари шаҳарда “кришначилар ёмон одамлар” деб гап тарқатишибди ва тўрт талабани бу ҳаракатга эътиқод қилганлари сабабли олийгоҳдан ҳайдашибди. Шундан сўнг бутун шаҳар кришначиларга қарши оёққа қалққан, ота-оналар ўз болалари учун хавфсирай бошлаганлар, веда адабиётини ўқийдиган ёшларни эндиликда ўз қариндошлари таъқиб қила бошлаганлар.

Мисол учун, яқинда Нодира исмли танишимни ўз отаси калтаклаб, уйга қамаб қўйган. У йигирма учга кирган, университетни тамомлаб, мактабда дарс беради. Ана шу воқеадан кейин Нодира уйидан қочиб кетиб, Тошкентдаги танишлариникида икки ой яшаган, кейин уйига қўнғироқ қилишга қарор қилган. Ота-онаси унга қизлари уларни шарманда қилганини ва улар учун Нодира қиз сифатида ўлганини, энди эса ҳаммага қўшилиб уни қидириб юрганларини айтганлар. Милиционерлар Нодирани топишиб, паспортини тортиб олганлар ва Учтепа ТИИБ тергов ҳибсхонасига қамаб қўйганлар. Кейин эса унинг отаси қизни ақлан носоғлом деб топиш топширилган психиатр билан бирга келган. Аммо қизнинг қаллиғи бу каби экспертизанинг ўтказилишига йўл қўймаган. Бироқ қизнинг отаси Нодирани зўрлик билан уйга олиб кетган ва ҳозир уйда қамаб сақлаяпти. Қизнинг қаллиғи унинг ортидан борган. У тирикми-йўқми – билмайман, биз у билан алоқани йўқотиб қўйдик.

Мукаддас Курбанова. Фото ИА Фергана.Ру
Муқаддас Қурбонова. Фарғона.Ру АА фотосурати
- Шундай бўлдики, мен ўз оилам билан кўчада қолдим, - дея давом эттиради таъқиблар мавзусини урганчлик Муқаддас Қурбонова. – Биз эрим ва қизим билан ўз уйимизда фаровон турмуш кечирардик. Аммо бир пайт қайнотамга кришначилик адабиётини ўқиганимиз, гўшт емаслигимиз, спиртли ичимликлар ичмаслигимиз ёқмай қолди. У паспортларимизни, эримдан эса “КамАЗ” автомобилини тортиб олди ва ҳаммамизни уйга қамаб қўйиб, гўшт ейишга, ароқ ичишга мажбур қилди. Биз маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига қўнғироқ қилдик, улар келишиб, паспортларимизни қайтариб олиб беришди ва биз уйдан қочиб кетдик.

Энди биз олти ойдан бери уйимизни ва машинани қайтариб олишга эришолмаяпмиз. Қаерларга мурожаат қилмадик дейсиз – аммо ҳамма жойда бизга: “Бу оилавий иш экан, ўзларингиз ҳал қилинглар!” дейишди. Эрим ўз отаси устидан милицияга ариза ҳам ёзиб берди – улар ҳатто қабул ҳам қилдилар. Лекин, отаси буни билгандан сўнг ўғлининг ваҳҳобий экани ҳақида муқобил ариза ёзиб берган пайтда уни ҳибсга олишиб, узоқ вақт қамоқда ушлаб турдилар. У озодликка чиқиши билан Тошкентга кетвордик, бу ерда бизга яхши одамлар бошпана бердилар...

- Агар Урганчдаги кришначилик ташкилотининг рўйхатга олинишига эришолсайдик, балки бу тўс-тўполонлар тинчиб кетган бўлармиди, - дея ўз ҳикоясини якунлайди Рўзинбой Ҳасанов. – Аммо бунда ёпиқ доирага ўхшаш ҳолат бор: рўйхатдан ўтиш учун ҳеч бўлмаганда аризамиз тагига қўл қўйиши мумкин бўлган юзта киши йиғишимиз керак. Лекин Урганчда кришначиларни ва уларга ҳамдард бўлган барчани таъқиб қилаётганлари учун ҳеч ким биз билан алоқа қилишни хоҳламай қолган, ҳамма қўрқяпти ва бундан келиб чиқадики, улар ҳеч қачон бу каби ташкилотга аъзо бўлмайдилар. Демак, рўйхатдан ўтиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Бизга “диндор одам” тамғаси босилгани учун, уч кишидан ортиқ одам билан чой ҳам ичолмаймиз. Бизга айтишларича, уч кишидан ортиқ одам уюшган гуруҳ, демакки, таъқиқланган ташкилот бўларкан. Лекин нима учун диндор одам меҳмонга бориши мумкин эмас? Менинг уйимда бўлганларнинг ҳаммаси кейин МХХ деган муқаддас қадамжода бўлиб қайтганлар. Шунинг учун ҳам одамлар бизга яқинлашмай қўйганлар. Юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини эса мен кўрмаяпман. Расмийлар бебошлигидан жабр кўрган бир неча одамга бўлса ҳам ёрдам беролсайдик...