13:57 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Астрахань вилоятидаги ўзбек жамоати янги келаётган ўзбекистонликлар учун «хавфсизлик ёстиқчаси»дир

10.09.2006 09:47 msk

Н. А. Зотова

Россия пойтахтидаги ўзбек диаспорасининг фаоллиги ҳақидаги мақола билан биз Россиядаги Марказий Осиё ҳамжамиятлари турмушига бағишланган материаллар туркумини очгандик. Тадқиқотларимиз Ўзбекистонликларнинг Россияда чинакамига фаолият кўрсатаётган бирлашмалари анча кўп эканини кўрсатмоқда. Бугун биз Астрахань вилоятидаги ўзбекистонликлар жамоати ҳақида сўзлаб берамиз.

Қайд этиш жоизки, Астрахань вилоятида тарихан турли элатлар вакиллари истиқомат қилиб келадилар. Улар орасида руслар, татарлар, нўғойлар, қозоқлар, қолмиқлар, туркманлар, Доғистон элатлари (аварлар, лезгинлар ва б.), ўзбеклар, тожиклар, немислар ва бошқалар бор. Вилоят миллий-маданий бирлашмалари реестрида (2006 йилдаги маълумотларга кўра) юридик мақомга эга бўлган вилоят жамиятларининг ўзиёқ йигирма саккизтадир. Бундан ташқари, маҳаллий миллий-маданий жамиятлар ва мухториятлар ҳам бор.

Ўзбекистонликлар бирлашмаси 1996 йил апрелида вилоят маъмурияти қошида рўйхатга олинган бўлиб, унинг номи «Астрахань вилояти «Ўзбекистон» ўзбек маданияти жамоатчилик ташкилоти»дир. Бирлашма раҳбари Баҳодир Рўзметович Аминовнинг қайд этишича, жамиятни ташкил этиш ғояси унда 1993 йилда пайдо бўлган, ўшанда Астрахань вилоятида миллий маданиятларга қизиқиш кучайган эди. Ўша даврда вилоятдаги миллий бирлашмалар вакилларини маҳаллий телевидение орқали тез-тез кўрсатиб турардилар, турли этник гуруҳлар вакиллари урф-одатлари ва байрамларига бағишланган кўрсатувлар бўлиб турарди.

Бирлашма раҳбарининг ўзи асли хоразмлик. У ўз юртида педагогика институтини тамомлаган. Астраханда 1985 йилдан бери яшайди. Унинг қариндошлари Ўзбекистонда: онаси ва биринчи турмушидан кўрган қизи Хоразмда, опаси оиласи билан Тошкентда. Катта ўғли ва кичик болалари отаси билан Астрахандалар.

Баходир Аминов (слева) с друзьями. Фото ИА Фергана.Ру
Баҳодир Аминов (чапда) дўстлари билан. Фарғона.Ру АА фотосурати
Шу тариқа, Россияда анчадан бери истиқомат қилиб келаётган Аминов 1993 йилдаёқ ўз дўстларига жамият тузиш ғоясини таклиф қилган, чунки у астраханликларни ўзбек маданияти, тарихи, анъаналари ва мусиқаси билан таништириш пайти келди, дея қарор қилганди. Шунга қарамай, қатор сабабларга кўра бирлашмани тезда рўйхатга олишнинг имкони бўлмаган, бу иш фақат 1996 йилга келиб амалга ошган.

«Ўзбекистон» жамияти ташкил топганидан бошлаб фаол иш олиб борган. Жамият раҳбарларини телевидение орқали кўрсата бошлаганлар, улар шаҳар ва вилоят маъмуриятига ўз таклифлари билан кела бошлаганлар. 1997 йилда Наврўз байрамини нишонлаш ғояси пайдо бўлади. Айтиш керакки, совет даврида Наврўзни байрам қилиш Астраханда ҳатто норасмий даражада ҳам мавжуд эмасди. Биринчи байрам дам олиш базасида ўтказилган; унга 500 тача меҳмон таклиф қилинганди. Улар диаспора аъзолари, маъмурият, бошқа миллий жамоатлар вакиллари, телевидение ходимлари эдилар. Дастлабки муваффақиятли тажрибадан кейин Астрахань вилояти раҳбарияти бундан буён Наврўзни вилоят миқёсида нишонлашни таклиф қилган.

Қизиғи шундаки, ўша пайтларда Наврўзни халқ анъаналари ва урф-одатларига мувофиқ тарзда қандай ўтказиш лозимлигини биров тузукроқ ҳам билмаган. Аминов уни болалигида қандай кўрган бўлса, шундай ўтказганини айтади. Улар сумалак пиширганлар, мусиқачиларни (жумладан, Хоразмдан ҳам) таклиф қилганлар, қўшиқ куйлаганлар ва рақсга тушганлар. Ўшандан бери Наврўз байрами шаҳар Маданият боғида ўтказилади; унда ҳудуддаги кўп миллий жамоатлар иштирок этадилар. Жамият Астрахань этнографик музейида ўзбек маданиятига бағишланган экспозиция ташкил қилган.

Жамиятнинг кундалик ҳаёти ва фаолияти нимадан иборат?

Россиянинг бошқа шаҳарларидаги ўзбек жамоатлари ҳақида ёзилган аввалги мақолаларда қайд этилганидек, жамиятнинг нормал фаолият кўрсатиши кўпроқ жамият раҳбарининг ғайратига боғлиқ. Б. Р. Аминов жамоатчилик ичида эътиборли шахслардан. У вилоят маъмурий тузилмаларининг кўпчилигига аъзо. Масалан, у Астрахань вилоят губернатори ҳузуридаги Консультатив кенгаш аъзоси, шаҳар маъмурияти қошидаги жамоатчилик палатаси аъзоси бўлиб ҳисобланади. Бу бирлашма раҳбарига расмий мақомдан ташқари баъзи норасмий имкониятларни ҳам беради.

Масалан, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аҳволи ночорлигини жуда яхши билгани ҳолда, у ўз танишлари ва имкониятларидан фойдаланиб, вазиятга ижобий таъсир кўрсатишга уринади. У муҳожирларни рўйхатга олиш тартибини осонлаштириш бўйича таклифлар билан губернаторга, бошқа тегишли хизматларга мурожаат қилган. Аммо бу ҳатти-ҳаракатларнинг деярли ҳаммаси зоеъ кетган. Баҳодир Аминов вилоят ФМХ (Федерал муҳожирлик хизмати) раҳбари қабулига бирор марта ҳам кира олмаган: «Биз бундай хизматларга ўз таклифларимиз билан борамиз, аммо бошлиқ бизни ҳеч қачон қабул қилмайди; улар биз билан алоқа қилмайдилар, бу уларга керакмас, бундан уларга фойда йўқ. Улар бизни «отангга бор, онангга бор» қабилида сарсон қиладилар. Биз одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, аммо биз ишлаш учун рухсатнома беролмаймиз-да. ФМХ бизнинг фикримизга қулоқ тутса қанийди… Биз ўз таклифларимиз билан борамиз, аммо улар бизни қабул қилмайдилар. Шунинг учун «бошбошдоқлик» гуллаб-яшнаяпти. Мен матбуотда чиқишга ҳаракат қилдим, аммо барча оғриқли муаммоларни очиб ташлашга, уларни ҳал қилишга имконият йўқ. Ҳали Россия жамиятининг ўзи ҳам мукаммал эмас. Агар жамиятнинг оғриқларини очиб ташласак, у тезроқ соғайиб кетган бўларди. Агар вазиятни фақат ҳокимият органларигина назорат қиладиган бўлсалар, бугун уларнинг фикри бир хил, эртага бошқа хил бўлиб тураверади…» - дейди Б. Аминов. Умуман олганда, ўзбекистонлик муҳожирларнинг барча муаммолари биргаликда алоҳида суҳбат мавзусидир ва у кейинги мақолаларда очиб берилади.

Этнографический уголок в офисе Общества Узбекистон. Фото ИА Фергана.Ру
Ўзбекистон жамияти идорасидаги этнографик бурчак. Фарғона.Ру АА фотосурати
«Ўзбекистон» миллий жамияти ўз идораси учун Астрахань марказидаги биноларнинг биридан ижарага жой олган. Жамият фаолиятининг моддий томони кўпроқ Б. Аминовнинг тижоратчилик фаолияти ҳисобидан таъминланади. Баҳодир Рўзметовичнинг ўз бизнеси бор: у дўкон эгаси. Шахсий даромадининг каттагина қисмини у бино ижарасига ва жамоат фаолиятини таъминлаш учун йўналтирган. Бундан ташқари, жамоат аъзолари ҳам моддий ёрдам кўрсатадилар, бу пулларга турли тадбирлар, учрашувлар ва байрамлар ўтказилади.

Аминовга кўра, Астрахань вилоятидаги ўзбек диаспораси сони 5 минг кишидан иборат: бу мазкур вилоятда доимий яшаётган, жумладан, РФ фуқаролигини олган кишилардир. Ноқонуний муҳожирлар билан бу саноқ 15 минг кишига, ёз пайтларида эса - мавсумий ишчилар ҳисобга олинадиган бўлса – 25 минг кишига етади. Бунда Б. Аминовнинг баҳоси расмий статистика маълумотларидан анча фарқ қилади. 2002 йилда ўтказилган Умумроссия аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Астрахань вилоятида 1030 ўзбек яшайди. Вилоят маъмуриятининг миллатлараро бўлими бошлиғи Александр Сергеевич Стадник эса диаспора сонини тақрибан 2000 кишига етади, деб ҳисоблайди. Ҳақиқат эса ҳар икки фикрнинг ўртасида бўлса бўлса керак.

Минтақада ўзбек диаспорасининг ошиш ёки аксинча, камайиш истиқболлари қандай? Аминовнинг фикрича, вилоятга келаётган ўзбекларнинг 3-5% гина Россия Федерациясида қолиш ва фуқаролик олишни истайдилар. Қолганлар эса бу ҳақда ўйлаб ҳам қўймайдилар ва ўз ишини вақтинча деб биладилар. Одамлар қачонлардир келажакда ўз ватанларида рисоладагидек ишлаб кетишга ишонадилар; бунинг устига ўзбекларда яшаш жойини бирданига ўзгартириб кетишга имкон бермайдиган оилавий муносабатлар анча кучли ривожланган.

Гастарбайтеры из Узбекистана работают на полях Астраханской области почти без выходных. Фото ИА Фергана.Ру
Ўзбекистонлик гастарбайтерлар Астрахань вилояти далалаларида деярли дам олиш кунисиз ишлайдилар. Фарғона.Ру АА фотосурати
Ўзбекистонликлар бу ерга, асосан, мавсумий ишларга келадилар. Улар банд бўлган асосий жабҳалар бу қишлоқ хўжалиги ва қурилишдир. Далаларда иш ҳақи жуда паст. Меҳнат муҳожирларининг иш куни жуда узоқ бўлганига, дам олиш кунлари эса қарийб йўқлигига қарамай, ойига 3-5 минг рубль маош оладилар.

Умуман олганда, Ўзбекистондан меҳнат муҳожирларининг келиши, дейлик, Тожикистондан муҳожирлар келишидан анча кейин бошланган. Ўзбекларнинг кўпчилиги Россияга эмас, қўшни Қозоғистон далаларида ишлаш учун келгандилар. Бироқ у ердаги яшаш ва ишлаш шароити ёмонроқ, маош озроқ бўлган. Шу сабабдан, ўзбекистонликларнинг кўп қисми ҳозирда айнан Астрахань вилоятига келаяптилар.

Мавсумий муҳожирларнинг яна бир тоифаси майда савдогарлар бўлиб ҳисобланадилар. Улар, асосан, Астрахандаги энг йирик бозор бўлмиш Большие Исадида савдо қиладилар. У ерда махсус жой - «Ўзбек бозор» деб аталадиган катта ёпиқ павильон мавжуд. Сотувчиларнинг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этадилар, улар орасида аёллар ҳам кўп. Меҳнат ва пул топиш шароити қулайга ўхшаб кўринганига қарамай, бозордаги иш «дўзах азобига тенг, чунки ҳаммага пул тўлашга тўғри келади».

Бозорда савдо-сотиқ нуқтасини машрулаштириб олиш Россия фуқаролиги бўлмаган ўзбек учун қарийб имконсиз иш. Шунинг учун ҳам турли-туман «иҳотачи» тузилмаларга пул тўлашга тўғри келади. Дейлик, агар кичкинагина савдо нуқтасидан тушган даромад ойига тақрибан минг долларни ташкил этса, милиция, бозор қўриқчиларига бериладиган пора ва жиноий гуруҳларга бериладиган «улуш» учун 800 долларга яқин пул кетади. Бундан ташқари, милиция муҳожирларнинг бозорга яқин жойда ижара туришини жуда яхши билади. Кўпинча тунлари ўзбеклар яшаб турган хонадонларга омончилар бостириб киришиб, уларнинг рўйхатдан ўтган-ўтмаганларини текширадилар ва «ўлпон» йиғадилар.

Астраханни ўзига доимий яшаш жойи ўлароқ танлаган жамоат аъзолари қандай яшайдилар? Айтиш мумкинки, ўзбек диаспораси жамиятга яхши мослашиб кетолган. Бир қатор ўзбеклар муваффақиятли тадбиркорликда муваффақиятга эришганлар, улар савдо нуқталари, дўкон эгалари бўлиб ҳисобланадилар. Гарчи ўзбекларнинг ўзлари «ўзбеклар миллий ошхоналар очиш даражасида бой эмаслар», десалар-да, бир неча ўзбек қаҳвахоналари мавжуд. Умуман олганда, Б. Аминовнинг тўғри таъкидлашича, ташқаридан келаётган одамларни ўзга муҳитга мослаштириш ва Россия жамиятига мувофиқлаштириш энг муҳим муаммолардан биридир. Афсуски, ҳокимият органлари бунга мутлақо эътибор қаратмайдилар. Илло, жамият Астраханга келиб ўрнашмоқчи бўлганлар билан доимо учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиб туради, уларнинг қонунларни ўрганишларига ёрдам беради, иш ва турар-жой топиш имкониятлари ҳақида ахборот беради, Аминовнинг айтишича, уларга маслаҳатлар берадилар ва «тўғри йўналиш» кўрсатадилар.

«Тўғри йўналиш» ҳақидаги сўзлар бежиз эмас ва баландпарвоз сўзлармас. Ҳақиқатан ҳам кўп ҳолларда Марказий Осиёдан бўлган кишиларни катта пуллар ваъда қилишиб ва улардан фойдаланишиб, гиёҳванд моддалар ташишга кўндирмоқчи бўладилар. Жамоат ичида бу ҳақда ахборот бериб, бундай ишлардан эҳтиёт бўлиш юзасидан огоҳлантирадилар. Шу тариқа, жамоат янги келган муҳожирлар ва диаспоранинг доимий аъзолари учун ўта муҳим бўлган ўзига хос «хавфсизлик ёстиқчалари» ролини бажаради. Жамоат раҳбарининг фикрича, «бу ерда ўзбекистонликлар ташкилоти бўлгани учун одамлар ўзларини бемалолроқ ҳис қилишлари керак. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган пайтларда ва ҳатто ўзбеклар ўртасида бўлиб турадиган маиший жанжалларда ҳам биз уларга муаммоларни ҳал қилишда ёрдам берамиз».

Мен Астрахандаги ўзбек жамоати ҳаёти ҳақидаги ҳикоянинг дебочасини шу позитив оҳангда якунлашни истардим. Этнографик жиҳатдан жамоат ҳаётининг жуда қизиқ томонлари, жамоатдаги муайян аъзоларнинг шахсий ҳаётида кечган воқеалар, мавсумий ишда ишлайдиган меҳнат муҳожирларининг турмушлари ва ўта долзарб муаммолар ҳақида биз кейинги мақолаларимизда сўзлаб берамиз.

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА: Зотова Наталья Александровна – тарих фанлари номзоди, РФА этнология и антропология институтининг илмий ходими. Москвада яшайди. Мақола 2006 йилнинг август ойида Астрахань ва Волгоград вилоятларида ўтказилган дала тадқиқотлари материаллари асосида ёзилган. Давоми бор.