14:22 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қўлда тўқилган гиламлар фабрика гиламларига ўрин бўшатмоқдалар

08.09.2006 15:33 msk

Фарғона.Ру АА таржимаси

Турманистонда қўлда тўқилган гиламлар механизациялашган ишлаб чиқариш томонидан сиқиб чиқарилмоқда, деб хабар қилади Ҳиндистондаги Fiber2fashion сайти. Маҳаллий ҳунармандлар томонидан гиламни қўлда тўқийдиган даврлар ўтиб кетди. Ишни автоматлаштиришга имкон берувчи ва шу йўл билан ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштирувчи, тасарруфида текстиль заводлари бор давлат корхоналари учун фойдали бўлган янги технологиялар айни пайтда анъанавий касб-кор ҳисобига тириклик қилувчи бутун бошли оилалар турмушини қийинлаштириб қўйди.

Эндиликда катта партиялар билан чиқарилган ва барқарор фойда келишини таъминлаш учун мўлжалланган барча маҳсулот паст баҳода экспортга кетмоқда, бу дунёда энг яхши сифатли гиламлардан ҳисобланувчи туркман гиламлари обрўсига кучли таъсир этмоқда. Қачонлардир бу инжа гиламлар фақат қўлда тўқилгани билан машҳур эди, бироқ ишлаб чиқариш автоматлашган ҳозирги шароитда бир кўришда табиий толадан мутлақо фарқ этмайдигандай кўринувчи синтетик тола ҳам ишлатиш одатга айланган.

Манбанинг қайд этишича, ҳозирги пайтда мазкур соҳа билан қачонлардир шуғулланган ишчи кучининг ярмидан зиёди кўп оилалардан қўшимча даромад олиш имкониятини олиб қўйган текстиль заводларининг жуда тез кўпаяётганлари сабабли ишсиз қолган. Юзага келган вазият учун асосий айбни экспертлар дунёдан ажралиб олиш сиёсатини юритаётган ва маҳаллий якка тадбиркорларнинг чет эл билан алоқа қилишларига тўсқинлик қилаётган Туркманистон ҳукуматига қўядилар. Моҳиятан олганда, Туркманистон фуқаролари экспорт бизнесини йўлга қўйиш мақсадида мустақил равишда ташқи бозорга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар. Бунга кириш визаларини олиш тартиби билан боғлиқ бўлган бюрократик тўсиқлар ҳалақит беради.

Диққатга сазовор жойи шундаки, Афғонистон ва Покистон каби мамлакатларда истиқомат қилувчи туркман ҳунармандлари билан боғлиқ вазият Туркманистонда юзага келаётган манзарага мутлақо зиддир. Бу мамлакатлардаги туркман усталар яшайдиган бутун бошли қишлоқлар машҳур туркман гиламларини анъанавий тарзда ишлаб чиқаришни маҳаллий шароитга мослаштириб ва ривожлантирибгина қолмасдан, ғарбда тобора машҳур бўлиб бораётган ва “чўби” деб аталган янги нақшли ва сифати юқори гиламлар ишлаб чиқишиб, кўп жиҳатдан ўз юртдошларидан ўзиб кетганлар. Бундай гиламларни тайёрлашда турли ёғочлардан олинадиган, буюмларга табиий ва такрорланмас кўриниш бахш этувчи табиий бўёқ ишлатилади.