19:39 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги турли хил халқлар дўстлиги ҳақидаги фильм эътиборли республика танловида ғолиб бўлди

08.09.2006 11:26 msk

Сид Янишев

Гульнара Абдурахимова и Анастасия Корязина. Фото ИА Фергана.Ру
Гулнора Абдураҳимова ва Анастасия Корязина. Фарғона.Ру АА фотосурати
Мустақиллик куни арафасида Ўзбекистонда “Энг қадрли, энг улуғ” тўққизинчи Республика кўрик-танловининг натижалари чиқарилган. Танловни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания ва бошқа ижодий ташкилотлар уюштирганлар. Танловга бутун республикадан ранг-тасвир, фотосанъат, ҳужжатли кино, публицистика, адабиёт ва ҳаказо йўналишлар бўйича 2251 иш қабул қилинганди. Натижада 13 киши турли йўналишлар бўйича ғолиб деб топилганлар. “Ўзкинохроника” студиясининг ёш постановкачи режиссёрлари Гулнора Абдураҳимова ва Анастасия Корязина рус тилидаги “Ўзбекистон Ватаним маним” ҳужжатли фильми учун бу рўйхатда биринчи бўлганлар.

Ҳайъат раиси – халқ шоири ва Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповга кўра, танлов иштирокчилари ишида, энг аввало, “миллат, озодлик, мустақиллик, умуминсоний қадриятлар, юртга муҳаббат ҳақидаги мавзуларнинг ёритилиши” баҳоланган. “Ўзбекистон Ватаним маним” фильми бу мезонларга тўла мувофиқ келади – унда Ўзбекистондаги кўплаб миллий-маданий марказлардан ўнтасининг ҳаёти жуда илиқ рангларда тасвирланган.

Ҳайратланарлиси шуки, танлов ғолибларининг кўпчилиги ўрта ёшдаги одамларда ва улар мазкур кўрикда биринчи марта иштирок этамаётган бўлишлари мумкин. Қарийб етти йил ҳужжатли фильмлар киностудиясида монтажчи бўлиб ишлаган иккита жуда ёш аёл – Абдураҳмонова билан Корязина эса камера ва штативлар билан фақат шу йилдан бошлаб ишлай бошлаганлар. Танловда иштирок этиш учун талабномани улар бир кун қолганда топширганлар ва уларнинг дебют фильмлари ғолиблар сафидан ўрин олган. Бунинг устига, бу фильм “Ахборот” информацион дастурининг кечки сонидан ўзга рус тилида бошқа бирор кўрсатув берилмайдиган “Ўзбекистон” биринчи телеканалидан яқиндан бери икки марта намойиш қилинди.

Биз ёш режиссёрлардан ўзларининг биринчи ишлари ҳақида гапириб беришни сўрадик.

“Фарғона.Ру”: - Республикада миллий маданий марказлар жуда кўп, улар сони 150 та, аммо сизлар нимагадир фақат ўнтасининг фаолиятинигина ёритибсизлар. Янглишмасам, улар рус, арман, корейс, поляк, дунган, тожик, грек, қозоқ, украин ва озарбайжон маданий марказлари вакиллари эдилар. Ўз фильмингиз қаҳрамонларини қайси мезон асосида танлагансиз?

Г. Абдураҳимова: - Биринчидан, ярим соат ичида барча марказлар ҳақида гапириб беришнинг имкони йўқ эди. Умуман эса, бизнинг танловимиз кўпроқ тасодифий бўлди, танлов мезонлари бўлмаган. Бизда марказларнинг телефони ёзилган рўйхат бор эди. Аввал биз энг йирик ва аъзоси кўп марказларга қўнғироқ қилдик, кейин эса кичик халқлар марказларига мурожаат қилдик. Кимдир ўз ўрнида эмасди, кимдир тасвирга олиш гуруҳини қабул қилишга тайёр эмасди. Биз кўплаб лавҳалар суратга олдик, аммо охирги монтаж ишларидан кейин у сиз кўрган кўринишга эга бўлди.

“Фарғона.Ру”: - Сценарий ёзган пайтда, кейин эса тасвирга олиш чоғида ўз олдингизга қандайдир олий вазифа қўйган бўлсангиз керак. Сизнингча, томошабин фильмингизни кўргандан кейин қандай хулосага келиши ва нимани англаши керак эди?

Г. Абдураҳимова: - Туб бўлмаган аҳоли Ўзбекистонга турли йўллар билан келиб қолганлар. Кимлардир бу ерга Сталин қатағонлари пайтида сургун қилинганлар, кимдир Улуғ Ватан уруши пайтида бу ерга эвакуация қилингандан ёки 1966 йилдаги зилзиладан сўнг Тошкентни тиклаш учун келганидан кейин бу ерда қолиб кетган. Бугун эса Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир миллат вакили тарихий ватанга қайтиш ёки бу ерда қолиб яшаш юзасидан танлаш ҳуқуқига эгадир. Ҳар бир одам ўз тақдирини ўзи белгилайди.

Биз ўз фильмимизда “Инсон дарахт кабидир” истиорасидан фойдаландик. Баҳорда унумдор тупроққа қадалган ниҳол илдиз отади, гуллайди, мева беради. Орадан қанчадир вақт ўтгандан кейин эса уни ердан суғуриб ололмайсиз. Одамлар ҳам шундай. Қачонлардир у ёки бу сабаб билан Ўзбекистонга ўрнашиб қолганларнинг бугун бу ерда фарзандлари катта бўлди, бу ерда набирали бўлдилар. Булар учун Ўзбекистон туғилиб ўсган жой, уларнинг Ватанидир. Фильмимиз номи ҳам шунчаки жарангдор ибора эмас – у ҳақиқатни акс эттиради.

Аммо бу одамлар ўз халқи анъаналарини ва урф-одатларини, ўз тилини, ўзига хосликни сақлаб қолишни истайдилар. Республикамиздаги миллий маданий марказлар айнан улар учун ташкил этилган бўлиб, бу ташкилотлар ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хослигини сақлаб қолишга ёрдам беради. Биз бу марказлар мисолида ўлкада қандай миллатлар, қандай маданият соҳиблари ёнма-ён яшаётганлари, улар турмуши қандай кечаётгани ҳақида томошабинларга сўзлаб бермоқчи бўлдик.

А. Корязина: - Ўзбекистонга ким ва қандай келиб қолганини билиш жуда қизиқ ва фойдали. Масалан, корейс миллий маданий маркази оқсоқоллар кенгашининг раиси бизга уларни Узоқ Шарқдан товар эшелонларидан қандай олиб келганлари ҳақида узундан-узоқ гапириб берди. Аввал-бошда совет ҳукумати қарорига кўра уларнинг ишлашларга рухсат бермаганлар, армияга олмаганлар, чет элга чиқишларининг имкони бўлмаган, чунки уларнинг паспортларида худди маҳбусларникидай муҳр бўлган. Корейсларни нимагадир педагогика олийгоҳларидан бошқа олий ўқув юртларига қабул қилмаганлар. Қрим татарлари билан ҳам шунга ўхшаш воқеалар содир бўлган.

Ёки масалан, Хитойдан чиққан дунганларни олайлик. Биз уларнинг Тошкент яқинида жойлашган маҳаллаларига бордик. Маълум бўлишича, улар кам сонли элат эканлар. Уларнинг сони Ўзбекистонда умумий ҳисобда уч мингдан ошмас экан, биз борган маҳаллада эса 700 га яқин киши истиқомат қиларкан. Шунга қарамай, улар ўз анъаналарини, тилини сақлаб қолганлар ва бундан жуда ғурурланадилар.

Аммо ўзбек халқи бу ерга кўчиб келган барчани жуда самимий қарши олган ва Ўзбекистон уларнинг ҳаммалари учун вақт ўтиши билан иккинчи ватанга айланган.