07:55 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда “Андижон қўшиғи”нинг муаллифи Дадахон Ҳасанов устидан маҳкама жараёни бўлиб ўтмоқда

07.09.2006 10:26 msk

Сид Янишев

Суратда: шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанов

Бешинчи сентябрь куни Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида асли Фарғона водийсидан бўлган, ҳозирда эса пойтахтда яшаб ижод қилаётган шоир, ҳофиз ва бастакор – ўтган йилнинг 13 майида содир бўлган Андижон фожеаси ҳақидаги қўшиқ муаллифи Дадахон Ҳасанов иши юзасидан маҳкама жараёни бошланган. Ўзбек судчилиги тарихида бу бир одамдан унинг санъати сабабли жиноятчи ясашга уринилган биринчи иш бўлса керак. Буларнинг ҳаммаси муаллиф ўз қўшиғида “террорчилар томонидан ўлдирилган 187 андижонлик” ҳақида расмийлар қарашини эмас, мазкур қонли воқеага гувоҳ бўлган ва ҳукумат қўшинлари отган ўқ ёмғири остида ҳалок бўлмиш минглаб андижонликлар ҳақида оламга жар солган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда Ғарб журналистлари нуқтаи назарини акс эттиргани учун бўлди.

“Андижон қўшиғи”да қуйидагича мисралар бор:

“Президент буйруқларидан,

“Калашников” ўқларидан

Халқ ўқ еб қуйруқларидан -

Андижонда қатли ом бўлди.

Подшоҳ элни англамади,

Арзу додин тингламади,

Одил йўлни танламади -

Андижонда қатли ом бўлди.

БТРларни сайратди,

Ёшу қарини қийратди,

Отди... отди... ёмон отди...

Андижонда қатли ом бўлди…” .

Правозащитник Сурат Икрамов. Фото ИА Фергана.Ру
Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов. Фарғона.Ру АА фотосурати
Айнан шу мисралар учун тошкентлик ҳофиз Д. Ҳасановни Ўзбекистон Республикаси Жиноий кодексининг 158-,159-, 244-1-моддалари – Ўзбекистон президентини таҳқирлаганлик, Конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, Жамоатчилик хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаганлик ҳамда тарқатганлик моддалари бўйича айбламоқдалар.

Суд очиқ деб эълон қилинди, лекин мажлислар залига бирорта ҳам кузатувчи киритилмади. Одатдагидек, суд бошланишидан аввал милиционерлар томонидан ичкарига кирмоқчи бўлганларнинг рўйхати тузилди. Аниқроғи, рўйхат иккита эди: биринчиси, аввалдан принтердан чиқарилган рўйхат, иккинчиси эса ўша жойнинг ўзида қўлда тузилган рўйхат – ҳозир бўлган журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари унга ўз номларини ўзлари ёзиб бердилар. Аммо пировардида ҳаммаси ёлғондакам бўлиб чиқди. Залга ҳеч ёққа чиқмаслик ҳақида тилхат берган Ҳасанов ҳамда унинг жамоатчи ҳимоячиси – Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳининг раиси Суръат Икромовни киритдилар. Журналистлар ўзларининг маҳкама тингловларига қўйилишларига умид қилишиб, бир ярим соат кутдилар, лекин улар барибир ичкарига киритилмадилар.

Ниҳоят, ичкаридан Суръат Икромов чиқиб, йиғилганларга суд қизғин давом этаётганини, унинг ўзидан эса чиқиб кетишни илтимос қилганларини билдирди.

- Ҳасановнинг ўзи уни ҳимоя қилишимдан бош тортди, уни бу ишга мажбур қилдилар. 10 август куни Д. Ҳасановнинг уйига Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси ходимлари келишиб, уни ўз идораларига олиб кетганлар, - дейди Икромов. – Кейин бу бошқарма раҳбарияти томонидан Ҳасановга босим ўтказилган. Унга жазо ҳукмини юмшатиш учун ҳар қандай адвокатлар хизматидан, хусусан, менинг хизматимдан ҳам воз кечиш юзасидан қатъий таклиф бўлган, у бугун шу ишни қилди. Шундай экан, у журналистлар билан мулоқот қилишдан ҳам бош тортса керак.

Икромовга кўра, у барибир сўзга чиққан. У Ҳасановга босим ўтказилганини билгани учун бундай рад қилишга қарши эканини билдирган. Суд кенгашиш учун чиқиб кетган ва қайтгач, судланувчининг илтимосини қондириш ҳақида қарор чиқарган.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотосурати
- Мен Жалолов исмли суд раисидан: “Нима учун кузатувчиларни ичкарига қўймадингиз, ахир маҳкама жараёнининг энг бошида маҳкама тинглови очиқ бўлади девдингиз-ку?” деб сўрадим. У: “Қарорни биз қабул қиламиз”, деди. Шунда мен: “Ҳимоячи сифатида эмас, оддий кузатувчи сифатида суд залида қолсам бўладими?”, деб сўрадим, аммо бу ҳам рад этилди, - дея маълум қилди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Шунинг учун ҳам мен бу судни очиқ эмас, ёпиқ суд деб ҳисоблайман, бу Ўзбекистон жиноий-процессуал кодексини қўпол равишда бузиш бўлиб ҳисобланади. Мен кейинги барча мажлислар ҳам ёпиқ тартибда ўтади, Ҳасанов эса ўзини-ўзи ҳимоя қилишга мажбур бўлади, деб ўйлайман.

Умуман олганда, бутун жараён ЖПКни қўпол равишда бузиш билан ўтмоқда, деб ҳисоблайди С. Икромов. Биринчидан, суд залида Ҳасановнинг қўшиғини тинглагани учун аввал судланган гувоҳлар ҳозир эмаслар. Бунинг устига, тергов пайтида улар гувоҳ сифатида ишга жалб қилинмаганлар ва улар билан юзлаштириш иши амалга оширилмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўшанда Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани уч фуқароси - Ҳусниддин Авазов, Ҳазрат Аҳмедов ва Насрулло Саидов тергов қилинган. Ҳеч ёққа чиқмаслик тўғрисида тилхат берганидан кейин қўйиб юборилган Н. Саидов охири бахайр бўлмаслигини ҳис қилиб, мамлакатдан чиқиб кетган ва айни пайтда чет элда қочқин мақомини олган. Уларнинг уччаласи ҳам ўтган йилнинг 9 ноябрида ушлангандилар, уларга ҳам Ҳасановга қўйилган айбловлар қўйилганди ва жорий йилнинг апрель ойида Авазов 7 йилга, Аҳмедов эса 4 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Ўшандан кейин, аниқроқ қилиб айтганда, 12 апрель куни “Андижон қўшиғи”нинг муаллифи Дадахон Ҳасановга ҳам навбат етган. Унинг уйига тинтув ўтказиш учун келишиб, барча аудио-кассеталарни (150 тага яқин) ҳамда компьютерда териб чиқарилган матнларни олиб кетганлар.

С. Икромовнинг фикрича, Ҳасановнинг қўшиқларини баҳолаган эскпертлар ва терговчи ҳам маҳкама жараёнига иштирок этишлари керак эди.

Фото ИА Фергана.Ру
Суръат Икромов ва Дадахон Ҳасанов. Фарғона.Ру АА фотосурати
- Бу экспертлар ва терговни олиб борган терговчига бериладиган кўп саволлар пайдо бўлаяпти. Қўшиқ йўналиши, яъни бу ўринда адабий-бадиий асарни адабиётчилар баҳолашлари керак эди, “бадиий экспертиза” ўтказган руҳонийлар эмас, - дейди Икромов қатъий ишонч билан.

Ниҳоят, учинчидан, ярим жилдлик жиноий ишда энг асосий нарса – ашёвий далиллар, “Андижон қўшиғи”нинг ёзуви ҳам, ҳатто матни ҳам йўқ. Криминалистлар: “Жасад йўқ бўлса, иш ҳам йўқ”, дейишади. Агар қўшиқ ёзуви йўқ бўлса, уни қандай асосда суд қилмоқдалар? – дея зардаси қайнайди Суръат Икромовнинг.

Умуман олганда эса, Икромовнинг фикрича, Ҳасановнинг ҳеч қандай айби йўқ.

- Биринчидан, у қўшиқни тайёрлаб, тасмага ёзар экан, буни ўзи учун қилган, оммага тарқатиш учун эмас. Ундан кейин, биздаги қонунчиликка кўра, ҳар бир фуқаро сўз ва фикр эркинлигига эга. Иккинчидан, қўшиқда президентнинг шаъни таҳқирланмаган. Унда президентимиз исми кўрсатилмаган. Ҳасанов “президент” ёки “подшоҳ” деганда кимни назарда тутган? Балки бу поэтик истиорадир? – дея тахмин қилади Икромов. – Мен яна бир марта такрорлайман – адабий экспертиза ўтказилган эмас. Учинчидан, агар ҳатто бизнинг президент назарда тутилган бўлса ҳам, ҳар қандай одамнинг бундай қўшиқлар ёзишга ҳаққи бор, чунки Андижон воқеалари ҳозиргача тадқиқ қилингани йўқ. Халқаро текширув ўтказилмади, ўтган йилнинг ёзида Олий Мажлис делегацияси томонидан ўтказилган текширувлар натижаси эълон қилинмай қолиб кетди, ўтган йил қишда Тошкент вилоятининг турли судларида “андижонлик террорчилар” устидан ўтказилган барча маҳкама жараёнлари эса ёпиқ ва маҳфий характерга эга бўлди.

Суръат Икромов тахмин қилганидек, суд залидан чиққан Дадахон Ҳасанов журналистлар саволига табассум қилиб: “Ҳаммаси яхши, гаплашиб олдик”, дейиш билангина чекланди.

Навбатдаги маҳкама мажлиси 7 сентябрга белгиланган.