23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Американинг навбатдаги ноҳукумат ташкилоти ёпилди

07.09.2006 06:51 msk

Ўз ахб.

Олтинчи сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Partnership in Academics and Development” (“Академик таълим ва тараққиёт бўйича ҳамкорлик” - PAD) ноҳукумат ташкилоти ваколатхонасини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Ушбу НҲТни тугатиш ҳақидаги арзнома судга август ойи сўнгида Ўзбекистон адлия вазирлиги томонидан киритилган.

Расмий тахминга мувофиқ, ваколатхона ходимлари республика ҳудудида миссионерлик ва прозелитизм билан шуғулланишиб, ўзбекистонликларни насронийликнинг протестантлик мазҳабига ўтишга даъват этганлар, бу эса мамлакат қонунчилиги билан таъқиқлангандир. Шу билан бирга ваколатхона структуравий бўлинмалар ташкил этганлик, рўйхатга олинмаган рамзлардан фойдаланганлик ҳамда тегишли рухсатномага (лицензияга) эга бўлмай туриб, оммага Интернетдан фойдаланиш учун имкон яратганлик (PAD идорасига ташриф буюрган кишилар компьютерларда ишлашлари ва Интернетдан бепул фойдаланишлари мумкин бўлган) кабиларда айбланаётганди.

Тахмин қилинганидек, маҳкама жараёни чоғида бу айбловларнинг ҳаммаси гувоҳларнинг, асосан, пойтахт олийгоҳлари талабаларининг кўрсатмалари билан исботланган. Улардан бирининг айтишича, PADда ишлайдиган чет элликлар билан учрашув пайтида “Инжил тарқатишга ва насронийлик динининг исломдан устивор эканини ташвиқ қилишга уринишлар бўлган”.

Бошқа бир гувоҳ ҳар пайшанба, одатда, хусусий уйларда динга янги кирганлар саккиз-ўн кишидан иборат гуруҳ билан диний маросимлар ўтказилганлигини ва диний қўшиқлар куйланганлигини айтиб берди. Унга кўра, чўқинтириш каби ноқонуний маросим ҳеч бўлмаганда бир марта чет элликларнинг бевосита иштирокида пойтахт яқинида жойлашган “Тошкент денгизи” сувларида ўтказилган.

Ўз навбатида “Partnership in Academics and Development”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Альберт Шенкель асосий ташкилот ўзининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпишга қарор қилгани билан боғлиқ равишда маҳкама ишини тўхтатиш илтимоси билан судга мурожаат қилган. Бироқ адлия вазирлигининг қаршилиги билан бу илтимос қабул қилинмаган.

Натижада суд “Partnership in Academics and Development” ваколатхонасини тугатиш ҳақидаги қарорни эълон қилган, у PAD вакиллари томонидан қабул қилинганида кейин 20 кун ичида кучга киради. Ваколатхона ходимлари айнан шу муддат ичида ҳукмдан норози эканликларини билдириш ҳуқуқига эгалар.

Шундай қилиб, “Partnership in Academics and Development” Ўзбекистонда ёпилган чет эл (биринчи галда Америка) ноҳукумат ташкилотлари рўйхатини тўлдирди. Эслатиб ўтамиз, қисқа муддат ичида республикада турли сабабларга кўра қуйидаги ташкилотларнинг ваколатхоналари ёпилган:

- Сорос Жамғармаси/«Очиқ жамият» институти ваколатхонаси;

- Internews Network мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаш бўйича хайрия ташкилоти ваколатхонаси;

- IREX халқаро тадқиқотлар ва айирбошлашлар бўйича кенгаши ваколатхонаси;

- Freedom House ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ваколатхонаси;

- МДҲ мамлакатларидаги иқтисодий ва демократик ислоҳотларга кўмаклашиш бўйича “Евросиё” жамғармасининг (Eurasia Foundation) ваколатхонаси;

- Америкалик юристлар ассоциацияси (ABA/CEELI) ваколатхонаси;

- ACCELS таълим ва тил ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Америка кенгаши ваколатхонаси;

- Counterpart International Инсоний тараққиётнинг иқтисодий, экологик ва ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш бўйича ташкилоти ваколатхонаси;

- Central Asian Free Exchange (CAFE) - таълим жабҳасида маданий айирбошлашларга, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт жабҳасидаги ҳамкорликка, тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий таъминотни ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилот ваколатхонаси;

- Озод Европа/Озодлик радиостанцияси;

- Global Involvement through Education (Таълим орқали глобал ҳамкорлик) ваколатхонаси;

- Crosslink Development International - Бевосита инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш орқали алоҳида олинган одамларнинг турмушини яхшилаш ҳамда бутун жамиятнинг ҳаётини яхшилаш бўйича ташкилот ваколатхонаси;

- Маҳаллий ўз-ўзини бошқаришни шакллантириш ва коммунал хўжаликни самарали бошқаришда кўмаклашувчи ташкилот (Urban Institute) ваколатхонаси;

- БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий комиссариати Бошқармаси (БМТ ҚибОКБ) ваколатхонаси;

- Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Винрок халқаро институти (Winrock International) ваколатхонаси.

Шу вақт ичида Ўзбекистонда маҳаллий ноҳукумат ташкилотларининг кўпчилиги ҳам ёпилган.



 

Реклама