16:15 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов мамлакат элитасини ташкил этувчи аймоқлар ўртасидаги мувозанатни сақлашга уринаяпти

06.09.2006 12:56 msk

Озодлик

“Каримов сиёсий аймоқларни бутунлай қўлга олиш ниятида”. Шу кунларда “Озодлик” радиоси сайтида ёйинланган мақола ана шундай номланади. Мақола муаллифларига кўра, Ўзбекистон раҳбари сиёсий элита вакиллари ичидаги сиёсий рақибларини ҳокимиятдан четлаштираркан, ихтиёрий равишда ўзини изоляцияга дучор қилаяпти ва у мутлақо ёлғиз қолиши мумкин.

“Фарғона.Ру” АА таржимаси. Мақола қисқартиришлар билан босилмоқда

Яқинда Ўзбекистоннинг сиёсий манзараси бир неча туб бурилишлар сабабли анча ўзгариб кетди. Президент Ислом Каримов ўз ҳатти-ҳаракатлари билан мамлакат элитасини ташкил қилувчи сиёсий аймоқлар ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолишга интилмоқда. Аммо кўзга кўринган кишиларни ҳокимиятдан четлатиш Ўзбекистоннинг мустабид президенти учун хатарли бўлиши мумкин, чунки уларда Каримовни ағдариб ташлаш истаги пайдо бўлиб қолиши мумкин.

Кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, ўтган йили Каримов Ўзбекистондаги энг эътиборли аймоқлардан баъзиларининг сиёсий ва иқтисодий қувватини емириш имкониятига эга бўлган. У президентлик қилган ўн беш йил мобайнида унинг шафқатсизларча уддабуронлиги муҳтамал рақибларни “мавзун” ҳолда ушлаб туришга имкон берган.

Chatham House Лондон таҳлилий марказида Россия ва Евросиё дастурини бошқарадиган Жеймс Никсей Каримовнинг ҳокимиятни ушлаб туришдаги эпчиллиги ва ҳукумат ичида тез-тез ўтказиб турилган кадр алмаштиришлар бошқа юқори лавозимли шахсларнинг жамият орасида танилишига тўсқинлик қилганини айтади. “Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори эшелонларида яқинда бўлган ўзгаришлар ҳеч ким битта жойга ўрнашиб, сиёсий вазнга эга бўлишга улгура олмаслигини кафолатловчи вазир алмаштиришнинг эски синалган услуби ҳақиқатан ҳам Каримов тирик экан, унинг режими барҳаёт туражагини кафолатлашини кўрсатади”, - дейди Жеймс Никсей.

Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси ҳамда Каримов режимини очиқдан-очиқ танқид қилувчи Крэйг Мюррей: “Каримовни куч билан ағдариб ташлашга тайёр одамлар бор ва давлат хавфсизлик хизматида, қуролли кучларда ва ички ишлар вазирлигида бундай ҳаракатни муваффақият билан қўллаб-қувватловчи кишилар ҳам анчагина – лекин ҳар қандай ҳатти-ҳаракатга шоён диққат билан ҳозирлик кўрилиши лозим, чунки Андижон воқеаларининг такрорланишини ҳеч ким истамайди”, - дейди.

[Каримовга] биринчи бўлиб қарши чиққан кишилардан бири Самарқанд аймоғидан бўлган қудратли сиёсий арбоб ва Каримовнинг собиқ устози Исмоил Жўрабеков эди. Аммо Жўрабековнинг сиёсий фаолияти у 2004 йилда қатор жиноятларда айбланиб, президент маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилганидан кейин бирданига тўхтаб қолган.

2005 йил охирида ички ишлар вазири Зокир Алматов гўё саломатчилиги ёмонлашгани туфайли истеъфога кетган пайтда ҳам Самарқанд аймоғи яна бир зарбани бошдан кечирган. Алматов ҳукуматда ўз лавозимида энг узоқ ўтирган вазир бўлиб, полиция қўллови уни қудратли шахсга айлантирганди.

Каримов Алматовнинг ўрнига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг директор ўринбосарини тайинлаган. МХХ ИИВ билан рақобатлашувчи муассаса бўлгани учун ҳамда Тошкент аймоғи ҳокимиятининг таянчи ҳисоблангани учун бу алмаштириш (мазкур аймоқ учун) кучли сиёсий зарба бўлганди.

Шундан сўнг Каримов 2005 йил ноябрида Мудофаа вазири Қодир Ғуломовни истеъфога кетишга мажбур қилиб, Тошкент аймоғини кучсизлантирган. Май ойида расмийлар уни ёпиқ эшиклар ортида судлашиб - баъзи маълумотларга кўра, товламачилик, коррупция ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айблашиб - шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарганлар.

Ғуломовнинг истеъфога кетиши унинг яқин қариндоши ва Тошкент аймоғининг собиқ раҳбари Тимур Олимов президент маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилганидан бироз ўтгач содир бўлган.

Крейг Мюррей Ўзбекистонда ҳақиқий ҳокимиятга эга бўлган одамлар сони тобора камаяётганини айтади: “Олигарх (йирик бой – тарж.) деб аташ мумкин бўлган кишилар кўп эди. Тузумдан ҳақиқатан ҳам фойда ола билган бир неча юзлаб жуда бой оилалар бор эди. Бу доира тобора кичрайиб бормоқда, чунки Каримов бу доирани ўз оиласи миқёсигача торайтирмоқда”.

“Мен “янги омадсизлар” деб атайдиган одамлар ҳам кўп”, - дейди Мюррей. – “Бир неча аввал Каримовга жуда яқин бўлган одамларга қаранг, уларнинг кўпчилиги ҳозирда тизимдан чиқариб ташланганлар, уларнинг иқтисодий манфаатлари ва активлари эса, асосан, президентнинг қизи Гулнора Каримовага ўтиб кетган”.

Мустақил социолог Баҳодир Мусаев [Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни назарда тутган ҳолда]: “У деярли мутлақо ёлғиз – бу одамни ҳеч ким севмайди. Мен унинг соғлиғи ёмонлашса, унинг оиласини бурда-бурда қилиб ташлашса керак, деб ўйлайман”, дейди.